Линклар

"Навоийазот" раҳбарияти портлашда қурбонлар бўлганига оид иддаони инкор қилди


"Навоийазот"га қарашли аммиак ишлаб чиқариш цехида 2 сентябрь куни содир бўлган кучли портлашда бир неча кишининг нобуд бўлгани ҳақида таҳририятга норасмий маълумотлар келмоқда. Вилоятдаги маҳаллий журналистлар ва ҳокимиятдаги манбалар камида 5-6 киши нобуд бўлган, деб иддао қилмоқда. Завод раҳбарияти қурбонларга оид иддаоларни инкор қилди, лекин маҳаллий мутасаддилар ҳодисада 11 киши жароҳатланганини тасдиқлади.

Сўнгги кунларда Озодликка ёзган бир неча манба 2 сентябрь кунги портлашда катта талафотлар берилган, бир неча одам ўлган, бир нечаси бедарак, ўнлаб одам жароҳатланган ва муҳими, вилоят аҳолиси орасида бу борада овозалар урчиб бораяпти, дея иддао қилмоқда.

2 сентябрь куни эрталаб “Навоийазот” жамиятига қарашли аммиак ишлаб чиқариш заводининг 1-цехида портлаш рўй берган эди. Портлашда қурбонлар йўқлиги, цехнинг икки ишчиси енгил жароҳатлар билан “Навоийазот”га қарашли тиббий муассасага ётқизилгани айтилган эди.

Озодлик мухбири портлашдан кўрилган талафот расмийлар таъкидлаганидан кўра оғирроқ экани, қурбонлар борлиги ҳақида вилоятда урчиган гап-сўзлар ортидан аввалига Навоий вилоятидаги оддий тингловчи ва манбалар билан боғланди.

Кармана туманида истиқомат қиладиган бир журналист аёл портлашда қурбонлар борлиги, "портлашнинг эртасига вилоят касалхонасида 35 ёшли бир келинчак, 25 ёшли бир уйланмаган йигит нобуд бўлгани ҳақидаги гапларни эшитгани"ни айтди.

Вилоятдаги расмий ахборот воситаларидан бирининг исмини сир сақлаётганимиз раҳбари эса туманлардаги бир неча хонадонда аза очилганидан хабардорлиги, нобуд бўлганлар сони "камида 5-6 нафар эканини билиши"ни иддао қилди.

Вилоят марказида истиқомат қиладиган тингловчилардан бири овозалар тарқалганини тасдиқлади ва ҳатто, қурбонлар ҳақида Озодлик хабар бермаётганидан ҳайратда эканини айтди:

"Сизларга нега етиб бормаётганига ҳайронман-да мен. Навоий облбольницадан биттасини уйига чиқарворибди портлаш куни. Заводдан келадиганларга жой очиш учун-да", деди исмини ошкор этмаслигимизни сўраган тингловчи.

Шу тариқа Озодлик мухбири вилоятда ҳақиқатда ҳам "Навоийазот"даги портлашда, гўё, ўнлаб одам ўлгани ва юзга яқини жароҳатланганига оид овозалар урчиганига гувоҳ бўлди.

Айни пайтда Озодлик боғланган суҳбатдошлар бу овозаларга расмий ташкилотлар ёки корхона ишчилари жавоб бермаётганини таъкидламоқдалар.

Жумладан, Навоий шаҳрида истиқомат қиладиган тингловчи: "Маҳалламизда яшайдиган бир бола заводда ишлайди. Нима бўлди ўзи, десак: "Мен ҳеч нарса билмайман, мендан сўраманглар" деяпти. Бўлмаса, ўша куни ишда эди", деди.

Озодлик дастлаб "Навоийазот" акциядорлик жамияти раҳбариятига боғланди. Ўзини жамият иш бошқарувчисиман, деб таништирган раҳбар шахс ҳодисада қурбонлар борлигига оид иддаоларни тўлиқ инкор қилди. Жароҳатланганлар сонига оид маълумотларни эса бермади ва мухбирдан раҳбарият номига расмий мактуб билан мурожаат қилишни сўради. (Озодлик расмий мурожаатга жавоб олиниши билан уни чоп этади)

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида ишлайдиган ва исмини ошкор қилмаган раҳбарлардан бири эса портлашда жароҳатланган 8 киши жамият қошидаги шифохонага ётқизилганини айтди:

"8 киши енгил жароҳат билан келди. 7 таси ётмаймиз, деб ўша куни чиқиб кетди, энди шиша синиғи теккан-да. 1 таси қолди, эртаси куни чиқарилди. 3 таси амбулатор шароитда келди бизга. Ўлганлар йўқ", деди исмини ошкор қилмаган расмий.

Аммо, Навоий вилояти ва "Навоийазот" акциядорлик жамияти раҳбариятидан ҳозирча бу борада аниқ расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Заводдаги портлаш тафсилотларини ўрганишга уринаётган ўзбекистонлик журналист ва "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов расмий маълумотнинг берилмаётгани аҳоли орасида миш-миш ва ваҳиманинг урчишига сабаб бўлмоқда, деб таъкидлади.

- Мен шахсан ўзим, Навоий вилояти марказий шифохонасининг Кардиология бўлимида даволанаётган бемор заводдаги портлашдан келадиган жароҳатланганларга жой бўшатиш учун уйига чиқарилганини манбалар орқали аниқладим. Ўлганлар бор, жароҳатланганлар кўп, деган гап-сўзлар бор. Энди буни расмийлар тасдиқламаётгани ёки расмий хабар берилмаётгани овозалар урчишига сабаб бўлаяпти, - деди Ташанов.

Ушбу корхонада 2013 йилнинг 27 июль куни ҳам портлаш содир бўлган эди. Портлаш оқибатида 2 киши қурбон бўлган, улардан бири воқеа жойида, яна бири эса шифохонада вафот этганди.

15 нафар ишчи куйишнинг оғир кўриниши билан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилгани аниқланган.

Бироқ расмийлар ҳозир ҳам, икки йил аввал ҳам портлаш тафсилотлари ва қурбонлар, жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумотни ошкор қилмаган.

Ўзбекистон кимё саноатининг энг йирик корхонаси ҳисобланадиган “Навоийазот”да минерал ўғитлар, органик синтез маҳсулотлари ва нитрон толаси каби жами 70 хилдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади.

51 йиллик тарихга эга “Навоийазот” қурилиши 1961 йили бошланиб, 1964 йилда корхонада илк бор азот кислотаси ва кислороди ишлаб чиқарилган.

Ҳозирда 10 мингдан зиёд ишчи ишлайдиган ушбу йирик корхона маҳсулотлари ички бозор ва МДҲ ҳамда бошқа хорижий давлатларга тарқатилади.

XS
SM
MD
LG