Линклар

Россия ҳарбийлари Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этмоқдами йўқми? Россия парламенти вакили Дмитрий Гудков айни савол билан Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга мурожаат қилди. Кремль Сурия Президенти Башар Асад ҳукуматига қурол-яроқ етказиб бераётганини сир тутмаганини билдирмоқда.

Россия Мудофаа вазирлигига Сурияда жанг қилаётган рус зобитлари тўғрисида махсус депутатлик сўрови юборилди.

Депутат Дмитрий Гудков

Депутат Дмитрий Гудков

Сўровнома муаллифи – таниқли мухолифатчи ва Россия Давлат Думаси депутати Дмитрий Гудков мудофаа вазири Сергей Шойгудан рус аскарлари Башар Асад ҳукумати тарафида жанг қилмоқдами йўқми, деган саволга жавоб беришни талаб қилди.

Ижтимоий тармоқларда, Россия ва чет эл ОАВларида рус ҳарбийларининг Сурия ҳудудида мавжудлиги тўғрисида фото- ва видеоматериаллар эълон қилинди. Шу сабабли менга Россия ҳарбийларининг жанговар ҳаракатларда иштирок этиши мумкинлиги муносабати билан вужудга келаётган миш-мишлардан хавотир олган фуқаролар, жамоатчилик ва сиёсий ташкилотлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда”, дейилади Дмитрий Гудковнинг Фейсбук саҳифасида эълон қилинган мактубда.

У мудофаа вазири эътиборини Сурия ҳудудида “қуролли кучдан фойдаланиш тўғрисидаги парламентнинг тегишли қарори қабул қилинмагани”га қаратди. Дмитрий Гудков Сергей Шойгудан солдатлар орасида ўлган ёки яраланган аскарлар бор-йўқлигини ҳам аниқлаштириб беришни сўраган.

Шу пайтгача Россия Мудофаа вазирлиги оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган ва катта шов-шувни келтириб чиқараётган видео-фотоматериалларни изоҳсиз қолдирмоқда.

Бир томондан биз Американи Ироқ учун, НАТОни Югославия учун қоралаб, бошқа томондан ўзимиз энг ёқимсиз режимлардан бирини қўллаб-қувватлаш учун қўшин юбораяпмиз. Нима учун Псков ва Кострома жангчилари арабистонлик стоматолог (бу диктаторнинг дипломи шунақа) учун жонларини яширинча фидо қилишлари керак”, дея ёзди депутат Гудков.

У, шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин тинчлик даврида Россия ҳарбий талафотлари тўғрисидаги маълумотларни яшириш тўғрисида қарор имзолагани бежиз эмаслигини ҳам эслатиб ўтди.

Суриядаги рус зобити

Суриядаги рус зобити

Россия ҳарбийларининг Суриядаги қонли тўқнашувларда Башар Асад ҳукумати тарафида иштирок этаётгани тўғрисида хабарлар ҳақиқатан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Шу пайтгача бу иддаоларни рад этиб келган Кремль ҳукумати Сурия ва умуман Яқин Шарқда ўз қуролли кучлари сонини ошириш ниятида эмаслигини билдириб келди.

Рус ҳарбийларининг ва жанговар техникасининг Сурия ҳудудида мавжудлиги тўғрисида маълумотлар турли манбалардан кела бошлаган бўлса-да, бу айбловларни исботловчи жиддий далиллар ҳозирча келтирилмаганини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Журналистлар, блогерлар ва ҳарбийлар Ўрта Ер денгизида кетаётган ҳарбий кемалардаги юклар, Асад қўшинлари Россияда ишлаб чиқарилган замонавий бронетранспортерлардан фойдаланаётгани қайдга олингани, Сурия ҳукумати тарафида жанг қилаётган зирҳли техникани бошқараётган русларнинг сўзлашувлари акс этган видеолар пайдо бўлгани ҳақида гапира бошлади. Бироқ, энг жиддий манба сифатида Исроилнинг Ynet порталида исми сир тутилаётган Ғарб дипломатларига таяниб, Сурияга катта рус ҳарбий экспедиция корпуси юборилгани ва ҳозирда у Дамашқ атрофида жойлаштирилгани тўғрисида келтирган маълумотлари кўрилмоқда.

Айни пайтда, Вaшингтон Россия Суриядa ҳaрбий aмaлиётлaр олиб борaётгaни ҳaқидaги хaбaрлaрни яқиндaн кузaтаётганини билдирмоқда.

Сурияда безатилган автомобиллардан бири

Сурияда безатилган автомобиллардан бири

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи Мария Захарова 7 сентябрь куни қилган чиқишида Россиянинг Сурия можаросида фаол иштирок этаётганини тан олди.

Россия Сурия расмий ҳукуматига террорчиларга қарши кураш мақсадида ҳарбий техника етказиб берганини ҳеч қачон яширмаган”, деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова.

У 5 сентябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан бўлган мулоқот чоғида “Владимир Путиннинг Россия ҳарбийларининг Суриядаги жангларда иштироки тўғрисида гапириш эрта экани тўғрисида айтган сўзларига” эътибор қаратганини ҳам айтиб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG