Линклар

Ихтиро: Ирригация талабаларидан пахтага чиқиш ҳақида "ваъда хати" олинди


Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти талабаларига пахта теримига чиқмаса, ўқишдан четлатилишига розилиги битилган тилхатнамо ҳужжатга имзо чектирилганидан шикоят бўлди. "Ваъда хати" деб номланган ҳужжатда теримга сафарбарлик "пахта амалиёти" деб расмийлаштирилган. Амалиётни инкор қилмаган институт маъмурияти расман изоҳ бермади. Аммо, расмийлардан бири буни фақат "бир деканатнинг ихтироси" деб атади.

"Тилхат" ўрнига "Ваъда хати"

Озодликка бир нусхаси йўлланган "Ваъда хати" Тошкент Ирригация ва Мелиорация институтининг Ердан фойдаланиш ва Ер кадастри факультети талабалари номидан ёзилган.

Озодликка бир нусхаси йўлланган ҳужжатда, жумладан: "2015 йил пахта йиғим терими мавсумида пахта амалиётига қатнашиш тўғрисида огоҳлантирилдим. Амалиётга тўлиқ қатнашаман, амалиёт даврида ўқув ва тартиб интизомга ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қиламан. Амалиётни бузсам, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги №118 сони қарори билан тасдиқланган "Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом"нинг 30 бандига асосан талабалар сафидан четлаштирилишга, агар касал бўлсам академ таътилга чиқишга розиман", деб ёзилган.

Озодлик шу кунга қадар пахта теримига чиқарилаётган талабалар ёки давлатдан бола пули ва ойлик олиб ишлаётганлардан олинган тилхат нусхаларини чоп этган. Аммо, талабалар номидан ёзилган "Ваъда хати" таҳририятга илк бор йўлланди.

Ирригация институти 8 сентябрдан ёпилди

Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти маъмурияти Ердан фойдаланиш ва Ер кадастри факультети талабалари имзо чеккан "Ваъда хати" ҳақида бирор изоҳ бермади.

Маъмурият телефони гўшагини кўтарган ходим 8 сентябрдан таълим муассасаси пахта терими якунига қадар ёпилгани, талабалардан олинган тилхат борасида маълумот беролмаслигини айтди: "Бу тўғрисида маълумот беролмайман. Ҳамма Сайхунободда, институт бугундан ёпилди. Ҳамма саволларингиз юзасидан Сайхунободдаги пахта штабига мурожаат қилинг", деб жавоб берди.

Пахта штаби билан боғланишнинг имкони бўлмади. Аммо, айни институтнинг ўзини таништирмаган яна бир мутасаддиси талабалардан бундай хат олинганидан бехабарлиги, афтидан бундай хатни ёздириб олиш "фақат бир деканатнинг ихтироси бўлиши мумкин"лигини таъкидлади. Бу ходим Озодликка интервью беришни истамади.

2013-йилда бошланган тажриба

Ҳужжат ортидан боғланган Озодлик мухбири билан суҳбатда институтнинг Ердан фойдаланиш ва Ер кадастри факультетида таҳсил оладиган талабанинг қариндоши бундай хатга илк бор дуч келганини айтди:

"Ўтган йили тилхат ёздириб олишган эди. Шу, пахтага борсам, очисление қилишларинг мумкин, деганда. Бу "Ваъда хати" кимдан чиқди, қаердан чиқди - билмайман, кўрмадим. Лекин, шу деканними, ректорними номига ёзилган қоғозга қўл қўйишган. Ҳар йили қўйишади", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда институт талабасининг исми сир қолишини истаган қариндоши.

Институтнинг исми сир қолиши ва овози ёзиб олинмаслиги шарти билан Озодликка боғланган талабаси "Ваъда хати" номи тилга олинган факультет талабаларигагина ёздирилганидан хабардорлигини айтди:

"Бошқа факультетларда ҳам шунақа хат ёздирилганми-йўқми, билмайман тўғриси. Лекин бизнинг инстиутда 2013 йилдан бери тилхат ёздирилади. Пахта амалиётни тўлиқ ўтайман, менга бир нарса бўлса, ўзим жавобгарман, деган гаплар билан. Декан номига ёзилади-да. "Ваъда хати" деган гап бу йил чиқди. 7 сентябрь куни қўл қўйдиришди", деди талаба микрофонсиз суҳбатда.

Пахта терими - ўқув амалиёти

Озодликка йўлланган ҳужжатда пахта теримига талабаларнинг сафарбар этилиши - "пахта амалиёти" деб аталган.

Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти маъмуриятидан теримнинг ўқув-амалиёти машғулотига тенглаштирилгани ҳақида бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмаган.

Озодлик илк бор 2012 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган олий ўқув юртларида пахта теримига талабаларни сафарбар қилиш - ўқув амалиёти машғулотларига тенглаштирилгани ҳақида расмий маълумот олган эди.

Тошкент Давлат Аграр университети маъмурияти пахта терими талабалар учун ўқув амалиёт машғулотларига тенглаштирилгани ва унда қатнашмаган талабалар фанларни тўлиқ ўзлаштирмаган ёки дарсга тўлиқ қатнамаган талаба сифатида баҳоланиб, уч ойлик стипендиядан маҳрум қилиниши мумкинлигини тасдиқлаган эди.

Пахтага чиқмаган талаба ички тартибни бузган бўлади

Ваъда хатида номи тиркалган қарор - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги №118 сони қарори билан тасдиқланган "Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом"нинг 30 бандида шундай дейилган:

30. Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:
а) ўз хоҳишига биноан;
б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
г) академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;
д) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
е) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
ж) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
з) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
и) вафот этганлиги сабабли.

Яъни, ўқув амалиётига тенглаштирилган пахта теримига чиқмаган талаба олий таълим муассасасининг ички тартибини бузган, деб ҳисобланади. Бунинг учун эса талаба ўқишдан четлатилиши ёки кейинги босқичга ўтказилмаслиги ҳам мумкинлиги айтилди.

XS
SM
MD
LG