Линклар

logo-print

Обид қорига ўқ узганликда гумонланаётган Жуковскийнинг хотини Швеция судига талаб қўйди


Швеция прокуратурасида Жуковский 2011-2012 йилларда Швецияга бир неча марта сафар қилганини исботловчи далиллар бор

Швеция прокуратурасида Жуковский 2011-2012 йилларда Швецияга бир неча марта сафар қилганини исботловчи далиллар бор

Обид қори Назаровга суиқасдни амалга оширганликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийнинг хотини Швеция суд идораларига мурожаат қилиб, эрининг қаерда сақланаётганини очиқлаш ва у билан боғланиш имконини беришни талаб қилди. 4 сентябрь куни швед судига юборган электрон мактубида Светлана Калужская, акс ҳолда халқаро идораларга мурожаат қилиш билан таҳдид қилган. Калужская хоним Озодликнинг Жуковский 2011-2012 йилларда нима мақсадда Швецияга бир неча марта сафар қилгани тўғрисидаги саволларини жавобсиз қолдирди.

Юрий Жуковскийнинг хотини номидан 4 сентябрь куни Швеция судига жўнатилган электрон мактуб инглиз ва немис тилларида ёзилган. Мактубдаги грамматик хатолардан уни ёзишда интернет таржимондан фойдаланилганини англаш мумкин.

Мактубдаги грамматик хатолардан уни ёзишда интернет таржимондан фойдаланилганини англаш мумкин

Мактубдаги грамматик хатолардан уни ёзишда интернет таржимондан фойдаланилганини англаш мумкин

Ўзини “Юрий Григорьевич Жуковскийнинг хотини Светлана Калужская”, деб таништирган мактуб муаллифи эрининг “Обид қори Назаров ҳаётига суиқасд қилганликда айбланаётгани”дан хабари борлигини ёзган.

“Унинг қаерда сақланаётгани тўғрисида менга маълум қилишингизни ва у билан гаплаша олишим учун, унга мен билан алоқага чиқиш имконини беришингизни талаб қиламан. Унинг суди очиқ кўрилиб чиқилишини талаб қиламан, акс ҳолда бу жараённинг жамоатчиликка ошкор этилиши талаби билан халқаро ҳуқуқ идораларига мурожаат қиламан. Ўз ҳуқуқларимини биламан”, дейилади мактубда.

Озодлик Светлана Калужскаяга электрон почта орақали бир неча савол билан муроажаат қилди. Калужская хоним Озодликнинг Швеция расмийларига мурожаат қилиш таклифини рад этди.

“Мен сизга бир нарсани айтаман, буни кенг жамоатчиликка етказишингизни истар эдим:
МЕНИНГ ЭРИМ ҲЕЧ ҚАЧОН ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ТУЗИЛМАЛАРИГА АЛОҚАДОР БЎЛМАГАН!!! Боз устига, у 2011 йилда фуқаролигидан воз кечиш тўғрисида ҳужжатларни топширган” дея билдирди ўзини Жуковскийнинг хотини, деб тарништирган Калужская.

2012 йилда Обид қори Назаровга қарата ўқ узганликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский ўтган ойда Россиядан Швецияга экстрадиция қилинди.

Суиқасдни тергов қилаётган Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон 4 сентябрь куни Озодликка берган интервьюсида гумонланувчига Европа Иттифоқи визаси берилиши илтимоси билан Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби бош директори Рустам Кўпайсинов исмли шахс номидан расмий сўровнома ёзилган, дея билдирди.

- Жаноб Жуковский Ўзбекистон фуқароси бўлгани боис Европа Иттифоқига келиш учун виза олиши керак бўлган. Биз унинг 2011 йил куз ойларида икки марта ЕИ визасига ариза топширганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Аризаларда у “Пахтакор” футбол клуби маъмури лавозимида ишлашини билдирган. Қўлимизда виза тақдим этилиши илтимос қилинган хатлар бор. Бу хатларга “Пахтакор” командасининг бош директори Рустам Кўпайсинов имзо қўйган. Бу хатда у (Рустам Кўпайснов-таҳр.) Жуковский “Пахтакор” футбол клубида маъмур бўлиб ишлаши ва Европа Иттифоқига сафардан мақсади у ердаги футбол клубларидан бирига бориш, деб ёзган, дея таъкидлади прокурор Петерсон.

Унинг айтишича, расмий сўровномада Жуковскийнинг Эстониядаги футбол клубига тажриба алмашиш учун бориши ёзилган. Лекин Европа Иттифоқи ҳудудида бемалол ҳаракатланиш ҳуқуқини берадиган Шенген визасини олган гумонланувчи Эстонияга бориш ўрнига, Швецияга келган, дея давом этади терговчи.

- Биз бу футбол клуби билан боғландик. Ҳақиқатан, бу клубдан фалончи келса бўладими, деб сўрашган. Лекин у (Жуковский-таҳр.) келмаган. Аслида эса, у Эстониядаги футбол клубига бориш керак бўлган вақт давомида Швецияда бўлганини аниқладик, дея билдирди терговчи.

Кристер Петерсон ёлланган қотил, деб кўрилаётган Жуковский “Пахтакор” клубида ишлаганини тасдиқлаб беришни сўраб, Ўзбекистон расмийлари ва “Пахтакор” клуби бош директори Рустам Кўпайсиновнинг ўзига мурожаат қилгани, лекин жавоб олмаганини ҳам билдирди Озодлик радиосига.

Светлана Калужская Озодликнинг “эрингиз Юрий Жуковский “Пахтакор” клубида ишлаганини тасдаиқлай оласизми? У 2011-2012 йилларда Швецияга нима мақсадда борган?” деган саволларига жавоб беришдан ҳам бош тортди.

Озодлик 4 сентябрь куни Юрий Жуковскийга Шенген визаси берилиши илтимоси билан расмий сўровномага имзо чеккан “Пахтакор” клуби бош директори Рустам Кўпайсинов билан боғланди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Кўпайсинов Швеция прокуратурасидан электрон мактуб олганини тасдиқлаб, бу ҳақда “керакли одамларга хабар қилдим. Мен сиз билан бу ҳақда гаплашадиган ваколатим йўқ”, дея таъкидлади.

Озодликнинг “2011 йилда Юрий Жуковскийга Шенген визаси берилишини сўраб расмий хат ёзиб берганмисиз”, деган саволига “Пахтакор” жамоаси бош директори:

“Бу масалаларнинг менга умуман алоқаси йўқ. Мен кимгадир виза олишга ёрдам берсаму, у ерга бориб нимадир қилиб қўйса, мен айбдор бўлишим керакми? Мен бу мавзуда умуман гаплашишни истамайман”, дея жавоб берди.

Ўзбекистонлик таниқли имом, Тошкент ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Обид қори Назаров 2012 йил 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида суиқасдга учраган эди. Уч ярим йилдан бери фалаж ҳолатда қолаётган имомга бевосита ўқ узганликда гумонланаётган Юрий Жуковский ўтган ҳафта Россиядан Швецияга экстрадиция қилинди.

Озодликка ҳафта бошида интервью берган швед терговчиси суиқасдни Жуковский амалга оширганини ва унинг ортида Тошкент ҳукумати туришини судда исботлаш ниятида эканини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG