Линклар

logo-print

Cанкт-Петербургда 4 сентябрь куни маҳаллий фуқаро томонидан пичоқлаб ўлдирилган ўзбекистонлик муҳожир йигит яқинларининг Озодликка айтишича, ўлган шахснинг жасади Петербургда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар йиққан ёрдам пули эвазига темир тобутда уйига жўнатилади.

Петербургда ўлдирилган муҳожир йигит Тошкентга жўнатилади

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 4 сентябрь куни ижарага турган уйидан кўчага чиққан 25 ёшли сурхондарёлик Нурбек пичоқлаб кетилди.

Ҳодиса жойидан тасвир

Ҳодиса жойидан тасвир

Бу ҳақда Озодликка гапириб берган унинг яқинларидан бири "Нурбекни пичоқлаган маҳаллийлар маст ҳолатда бўлган", дейди.

- У билан бирга яшовчи иккинчи жиянимнинг айтиши бўйича, жума куни кечқурун соат 7ларда яшаётган жойидан подъезддан тушса, уйи олдида ўрис қизлар-болалар ўтирган. У битта қизга гапирган экан, йигити кайфи бор эканми – тортишиб қолиб, жиянимга пичоқ урворибди. Улар милицияга хабар қилишган, у болани қўлга олиб кетишган. Нурбекни ёнига яқинда иккита ёш жияним борган эди. Улар нима қилишини билмасдан, қаерга югуришини билмасдан қолди. Улар уччалови супермаркетда грузчик бўлиб ишларди. У ердаги ишлайдиган ўзбек болалар, супермаркет директори, ҳаммаси йўл-йўриқ кўрсатиб, 50-60 минг рубль пул йиғишиб, жўнатадиган бўлди, - дейди ўзини нобуд бўлган муҳожир йигитнинг амакиси эканини гапирган суҳбатдош.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бошқармасида Озодлик сўровига ҳодиса ҳақиқатан 4 сентябрь куни шаҳарнинг

Ҳодиса жойи

Ҳодиса жойи

Красногвардейская тумани Наставников кўчасидаги 31 уй ёнида содир бўлганини тасдиқлашди. Қўлга олинган ва исми ошкор этилмаётган маҳаллий фуқаро дастлабки тергов давомида ўзбекистонлик уни ҳақорат қилгани ва ёнида ўтирган қизга тегажоғлик қилгани тўғрисида кўрсатма берган.

Терговчилар суриштирув ишларини давом эттираётганини билдиришди.

Нурбекнинг жасади чоршанба кунига ўтар кечаси Тошкентга юборилишини билдирди Озодликка унинг Азамат исмли қариндошларидан бири.

Фото Максим Клегенс томонидан ҳодиса жойида олинган

Фото Максим Клегенс томонидан ҳодиса жойида олинган

- 4-5 кун ичида ҳал бўлди ҳаммаси. Аввалига ёрдам сўрамоқчи ҳам эдим. Яхши одамлар бор экан – ёрдам беришди. Керакли пул йиғилиб, бугун кечки соат 2ларда жўнатилади. Нурбек ўзи жуда бақувват, баланд бўйли эди, битта пичоқ билан йиқиладиган бола эмасди. Яқин келганини билмай қолган, шунчаки, - дейди Азамат.

Азамат пичоқ урган рус бола билан бирга унинг шериклари ҳам ҳибс этилгани ва сўроқ қилинаётганини маълум қилди.

"ВКонтакте" ижтимоий тармоғида эса маҳаллий фуқаролардан бири ҳодиса жойидан олган фотосуратлар ҳам пайдо бўлди.

Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида ўзбек муҳожирлари нобуд бўлди

Шу кунларда Санкт-Петербургнинг бошқа жойларида ҳам ўзбек муҳожирлари иштирокида бошқа нохуш ҳодисалар рўй бергани маълум бўлди.

7 сентябрь куни Петербургнинг Маршал Блюхер кўчасидан оғир аҳволда бўлган 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси Александровский шифохонасига келтирилди. Петербург Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, кечаси соат 1ларда қурилиш майдончасидаги вагонча ёнида топилган ўзбекистонликнинг бош чаноғи ёрилгани, кўкрак қафаси сингани ва мояк халтасига милтиқ ўқи отилгани аниқланган.

Тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Калинин туман полиция бўлимида жабрланувчи муҳожир хушига келмагани туфайли уни сўроқ қилишнинг иложи йўқлигини билдиришди.

7 сентябрь куни Ленинград вилоятининг Всеволожский тумани Мурино қишлоғида ўзини осиб ўлдирганлиги айтилаётган ўзбек муҳожири жасади топилди. 27 ёшли Холмурод Х. исмли бу шахс мурдаси кечки соат 5-ларда “Три Кита” турар-жой комплекси қурилишидаги ишчилар вагончасининг томида электр симга осилган ҳолда топилган.

Полиция мурданинг оёғи остида ағдарилиб ётган челак ҳам бўлганини гапирмоқда. Мурдани кечки сменадан эрталабки соат 6ларда қайтиб келган Холмуроднинг 33 ёшли ҳамкасби топган. Унинг терговчиларга айтишича, ўзбек мигранти шу кунларда ватанидан аллақандай нохуш хабар олиб, бу ишга қўл урган бўлиши мумкин.

Ленинград вилояти бўйича Тергов қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг 26 августида Мурино қўрғонидаги кўп қаватли уй қурилишида ишлаётган 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси бинонинг 11 - қаватидан пастга тушиб кетиб ҳалок бўлган.

13 август куни Петербургнинг Веселий Посёлок қўрғонида яна бир Ўзбекистон фуқароси жасади топилган эди. 40 яшар муҳожир Тельман кўчаси 6 - уйдаги ижара квартирада қайдга турмасдан яшаб келгани ва шу атрофда турли юмушларни бажариб, кун кечириб келгани маълум. Полиция ўзбек муҳожирини осилган ҳолатда уйнинг ҳожатхонасидан топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG