Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:22

Ислом Каримов АҚШ қўлловида инсон ҳақларини топтаётган лидерлар рўйхатига киритилди


Шу кунда АҚШ қўлловига эга бўлган Ислом Каримов Ўзбекистонни совет давридан, аниқроғи, 1989 йилдан бери бошқариб келади.
Шу кунда АҚШ қўлловига эга бўлган Ислом Каримов Ўзбекистонни совет давридан, аниқроғи, 1989 йилдан бери бошқариб келади.

АҚШдаги машҳур нашрлардан бири бўлган The Washington Post газетаси солиқ тўловчи ватандошларни Қўшма Штатлар расмийлари дастаклаётган ҳуқуқбузар давлат раҳбарлари билан таништиришга қарор қилди. Кечаги сана билан эълон қилинган бу мақолада инсон ҳуқуқларига риоя қилмаётган беш лидер орасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номи ҳам қайд этилади.

The Washington Post таъкидича, Коммунистик партиянинг собиқ раҳбари Каримов Ўзбекистонни темир интизом билан бошқаради, чунки 1991 йили мамлакат Совет Иттифоқидан ажраб чиққанидан кейин сиёсий мухолифатни бутунлай тугатиб, диссидентлар ва журналистларни қамоққа тиққан.

“Ҳуқуқ фаоллари [Ўзбекистонда] болалар меҳнатга мажбурланаётгани ва режим учун хавф туғдириши мумкин бўлган кишилар мунтазам таъқиб қилиниши ҳақида айтадилар. Ҳуқуқбузарликнинг энг аянчли кўриниши 2005 йилда содир бўлган, ўшанда Каримовнинг куч ишлатар тузилмалари Андижонда намойишчиларни ўққа тутган ва фаолларга кўра, юзлаб одамни ўлдирган”, деб ёзади нуфузли нашр.

Мақолада эндиликда Обама маъмурияти Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистондаги манфаатлари учун ўта муҳим аҳамиятга эгалиги ва Марказий Осиёда Исломий Давлат таъсири кучайиб бораётганини эътиборга олган ҳолда Каримовга хушомад қилаётгани урғуланади.

“Бу йил Қўшма Штатлар Каримов ҳарбийларига 300 га яқин зирҳли машина совға қилди, бу Марказий Осиёдаги собиқ совет ўлкаларига ҳарбий техника шаклида АҚШ томонидан берилган энг катта ёрдамдир”, дейилади The Washington Post мақоласида.

Мазкур мақолада Марказий Осиёдаги яна икки давлат – Тожикистон ва Туркманистон лидерлари ҳам инсон ҳуқуқларига риоя қилмаётган раҳбарлар қаторида саналган.

Газетанинг қайд этишича, Имомали Раҳмон раҳбарлигида Тожикистонда инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид вазият ёмонлашган. У сиёсий мухолифлари ва мустақил оммавий ахборот воситалари овозини ўчирган.

“Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, унинг (Имомали Раҳмоннинг – таҳр.) хавфсизлик кучлари иқрор кўрсатмаси олиш учун мунтазам равишда қийноқ қўллаб келади”, деб ёзади The Washington Post.

Freedom House ташкилоти Тожикистонни авторитар бошқарувдаги мамлакат, дея эътироф этган ва бугунги кунда у ерда диктатура ҳукм сураётганини таъкидлаган. Шунга қарамай, Вашингтон Афғонистондаги манфаатлар, исломий жангариларга қарши кураш ва Марказий Осиёда банг моддалари тарқалиши олдини олиш бўйича Имомали Раҳмон билан ҳамкорликни аҳамиятли, деб ҳисоблайди.

“2006 йилда ҳокимият тепасига келган Бердимуҳаммедов жаҳондаги энг репрессив мамлакатлардан бирига раҳбарлик қилади”. Газетанинг Туркманистон лидери ҳақидаги баёни ана шундай бошланган.

The Washington Post мақоласида Туркманистонда асосий ҳуқуқларнинг қарийб барчаси – сўз ва матбуот эркинлигидан тортиб эътиқод эркинлигигача чекланиши урғуланади.

“Бердимуҳаммедов ва унинг яқинлари ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини назорат қилади. Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида оммавий ҳибсга олишлар чоғида қамалган шахсларнинг қариндошлари улар тақдири ҳақида ҳеч нарса билмайдилар”, дейилган мақолада Ашхобод ҳам Вашингтон учун Афғонистондаги манфаатлар нуқтаи назаридан аҳамиятли экани таъкидланади.

The Washington Post АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган давлат раҳбарлари рўйхатига Марказий Осиёдаги уч қаттиққўл лидер – Ислом Каримов, Имомали Раҳмон ва Қурбонқули Бердимуҳаммедовдан ташқари Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо ал-Халифа ва Экваториал Гвинея президенти Теодоро Обианг Нгема Мбасого ҳам киритилган ҳамда муштарийлар бу одамларнинг америкалик солиқ тўловчилар ҳисобидан дастакланаётгани ҳақида огоҳлантирилган.

XS
SM
MD
LG