Линклар

Жан-Клод Юнкер: ЕИ қочқинларни квота бўйича қабул қилиши керак


Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер Европада юзага келган миграция бўхронини зудликда ҳал этиш учун ЕИга аъзо давлатларнинг квота тизими бўйича қочқинларни қабул қилиши кераклиги борасидаги режани эълон қилди.

Квота тизими 120 минг қочқинни мажбурий тарзда ЕИнинг ҳар бир давлатига бўлиб чиқишни кўзда тутади.

Қочқинлар мамлакатнинг аҳолиси, иқтисодий кўрсаткичлари ва аввал қабул қилинган бошпана изловчилар сонига қараб тақсимланади.

- Бугун биз Италия, Греция ва Венгриядаги 120 минг қочқинни ЕИнинг бошқа давлатларига олиб ўтиш бўйича фавқулодда режани таклиф этяпмиз. Бу зудликда мажбурий тарзда амалга оширилиши керак, -деди Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер.

Бундан ташқари келажакда яна юз бериши мумкин бўлган миграция муаммосини бартараф этиш учун 1,8 миллиард евролик жамғарма тузиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Испания, Франция, Германия қочқинларни квота тизими бўйича қабул қилиб олинишини қўллаб-қувватламоқда.

Расмий Берлин жорий йилнинг ўзида ярим миллион қочқинни қабул қилиб олишга тайёрлигини айтган.

Британия, Венгрия, Чехия, Словакия ва Эстония эса квота тизимига қарши чиқишган.

Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер ўз чиқишида яқин ўтмишда европаликларнинг ўзлари қочқинликка юз тутганини эсга олди.

- 1968 йилги босқин ортидан минглаб чех, словак ўзга давлатларга қочишга мажбур бўлган. Югославия уруши пайти юз минглаб одам қочқинга айланганди. Бу воқеалар ўтган аср охирларида рўй берди. Биз буни унутдикми?, - деди Жан-Клод Юнкер.

Ҳозирда муҳожирлар оқими Италия, Греция ва Венгрия каби мамлакатлар учун катта муаммоларни туғдирган.

Жорий йилнинг ўзида ҳаммаси бўлиб ярим миллион мухожир Европага кириб келган.

- Уруш ва ўлим таҳдидларидан қочган одамларга ёрдам бериш Европанинг инсоний қадриятлар доирасидаги мажбуриятидир. Яқин Шарқ ва Африкадаги минглаб аёл ва эркаклар Европани хавфсиз ва умидбахш макон сифатида кўрмоқда. Бундан қўрқиш эмас, фахрланиш керак, - деди Юнкер.

Европа Иттифоқига келаётган қочқинлар океандан бир томчидир. Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер Суриядан қочган миллионлаб инсонларга қучоқ очган Ливан, Туркия ва Иордания каби мамлакатларга миннатдорчилик билдирди.

Шу ой охирига қадар Венгрияга яна 40 мингга қочқин келиши кутиляпти.

Квота тизими Италия, Греция ва Венгрияга келган қочқинларнинг 60 фоизини Германия, Франция ва Испанияга тақсимлашни кўзда тутади.

XS
SM
MD
LG