Линклар

Ўзбек муҳожири иш берувчисини деворга бетонлаб ташлаганликда гумон қилинмоқда


Андижонлик Жаҳонгир Душаев

Андижонлик Жаҳонгир Душаев

Россиянинг Муром шаҳрида маҳаллий фуқарони ўлдириб, девор орасига бетонлаб ташлаган 37 ёшли ўзбекистонлик халқаро қидирувга берилди.

Андижонлик Жаҳонгир Душаев жабрланувчининг квартирасини ремонт қилган, аммо иш ҳақи озлигидан норози бўлгани туфайли бу жиноятга қўл ургани тахмин қилинмоқда.

Тергов қўмитасида Душаев аллақачон Ўзбекистонга чиқиб кетганини айтишмоқда.

Андижоннинг Жалолқудуқ туманилик 37 ёшли Душаев Жаҳонгир Ашуралиевич Владимир вилоятининг Муром шаҳрида 36 яшар иш берувчисини ўлдирганликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилди.

Владимир вилояти Тергов қўмитаси расмий вакили Ирина Минина "ўзбекистонлик Душаев содир этган жиноят" тафсилотларини Озодликка сўзлаб берди.

Шу йил ёзда Москвада қўриқчи бўлиб ишлаб келган муромлик Андрей Логвинец янги сотиб олган квартирасини таъмирлаш учун 1978 йилда туғилган ўзининг таниши - ўзбекистонлик Жаҳонгир Душаевни ишга ёллаган ва бироздан кейин ғойиб бўлиб қолган”, дейди Ирина Минина:

- Бу 3-5 июль оралиғида содир бўлган, чунки охирги маротаба жабрланувчини 3 июль куни кўришган, 5 июль куни эса унинг собиқ хотини ариза билан полицияга мурожаат қилди. Унинг яқинлари квартирага кирган, аммо у ерда ҳеч кимни топа олишмаган, чунки Душаев муромлик иш берувчисини пичоқ билан чавақлаб, девор орасига бетон ва қўрилиш қўпиги ёрдамида жойлаштириб қўйган экан. Логвинецнинг йўқолишидан 20 кунлар ўтиб, қўшнилар бу квартирадан ёмон ҳид чиқаётганидан арз қилган. Квартира эшигини очган қутқарувчилар ва полиция ходимлари кўчиб тушган девордан боши чиқиб турган россияликни топди, дейди Ирина Минина.

Полиция Жаҳонгир ва Андрей дўст бўлганини гапирмоқда

Полиция Жаҳонгир ва Андрей дўст бўлганини гапирмоқда

Тергов расмийси ўлик шишиб кетгани туфайли яхши сувоқланмаган бетон кўчиб тушгани ва айнишни бошлаган жасад ёмон ҳид чиқара бошлаганини гапирди.

Тергов тахминларига тўхталар экан, Ирина Минина хонада ароқ шишалари топилганини, иш берувчи ва мардикор йигит ўртасида иш ҳақи масаласида тортишув келиб чиққан бўлиши мумкинлигини билдирди.

Терговчилар квартирада Жаҳонгир ва жабрланувчи ўртасида муштлашув бўлган, ниҳоят ўзбек муҳожири муромликка пичоқ билан бир нечта зарба бериб ўлдирган, демоқда.

- Жабрланувчининг қаерда экани маълум бўлмаган бир вақтда, Душаевнинг Россияда яшаш муддати якунланибди ва у суд қарори билан миграция қоидаларини бузгани учун мамлакатдан чиқариб юборилибди. Амалда у депортация қилинибди! Ҳозирда у Ўзбекистоннинг Андижон вилояти, Жалолқудуқ тумани, Қатортол қишлоғида яшаётган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, биз уни Интерпол орқали қидирувга бердик. Бизда Ўзбекистон билан халқаро келишувимиз бор ва улар Жаҳонгир Душаевни бизга топширишлари лозим, деди Владимир вилояти бўйича Тергов қўмитаси бошқармаси адлия полковниги Ирина Минина.

Полицияга кўра, Андрей Логвинецга тегишли квартирадан телевизор, планшет, компьютер, монитор, қўл телефони, велосипед ва бошқа мол-мулк йўқолганини ҳам аниқланган.

Андрейнинг ажрашган бўлсада, қарамоғида бир нафар фарзанди бўлгани ҳам маълум.

Ҳозирда халқаро қидирувда бўлган айбланувчи Жаҳонгир Душаевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тўғрисида суд қарори чиқарилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG