Линклар

АҚШ Президенти Барак Обама Конгресс Эрон ядровий битимини рад қилувчи резолюцияни маъқуллай олмаслигини кафолатлаш учун Сенатда етарли овозларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди. АҚШ Конгрессининг иккала палатасида кўпчиликни ташкил қиладиган Республикачилар дунёнинг олти қудртали давлати билан Эрон ўртасида эришилган битимга қарши чиқмоқда. 42 сенаторнинг бундай резолюцияни маъқулламаслигини кафолатлаган Обаманинг энди вето ваколатидан фойдаланишига эҳтиёж бўлмаслиги мумкин.


Демократлар партиясидан сайланган сенаторлар Ричард Блументаль, Гэри Питерс, Рон Уайден ва Мария Кантуэлл 8 сентябрь куни Эрон битимини ёқлаш ниятида эканларини эълон қилишди. 9 сентябрь куни Сенатда Эрон битимини муҳокама қилиш бошланади.

100 аъзодан иборат Сенатда битимни рад этувчи резолюциянинг ўтмаслиги учун 41 сенаторнинг унга қарши овоз бериши кифоя қилади, яъни 42 сенатор Обаманинг ёнини олаётгани Республикачи сенаторларнинг Эрон ядровий битимига қаршилигини бемалол енгиб ўтишини англатади.

Битимни рад этувчи резолюцияга тўсқинлик қилиш тактикаси орқали Сенат Демократлари Обаманинг вето ваколатидан фойдаланиш эҳтиёжидан қутқаришлари мумкин. Оқ уй маъмурияти Эрон билан дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида эришилган битимни ташқи сиёсат учун муҳим ва тарихий ютуқ, деб кўради ва Обама унга қарши ҳар қандай резолюцияга вето қўйиш билан таҳдид қилган. Вето ваколатидан фойдаланиш Америка президенти учун хижолатпазлик бўлар эди.

Оқ уй матбуот вакили Жош Эрнест президент вето қўйиш ваколатидан фойдаланмасликни афзал кўришини билдирган.

Битимни қўллаб-қувватлаш уринишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланган Демократ сенатор Крис Мэрфи “агар вето, уни кучда қолдириш билан боғлиқ жараёнлардан ўтишимизга тўғри келадиган бўлса, бу жорий маъмурият учун ҳам, мамлакатимиз учун жуда уятли ҳолат бўлади”, дея таъкидлади.

“Шунинг учун, менимча, битимни рад қилувчи резолюция лойиҳаси Сенатдан ўтмагани силлиқроқ, оддийроқ ва Американинг жаҳондаги обрўси учун анча яхшироқ бўлади”, деди сенатор.
Лекин Сенатдаги кўпчиликни ташкил этувчи Республикачилар етакчиси Митч МакКоннел ўз ҳамкасбларини битимни рад этувчи ҳужжатга тўсқинлик қилмасликка чақирди.

“Мен ҳар бир сенаторни якуний овоз беришни тўсиш ҳаракатларига қаршлик кўрсатиш орқали бу масала юзасидан Америка халқи ва Конгресс ўз фикрини билдириш ҳуқуқидан маҳрум этилишига қарши чиқишга чақираман. Сенат президентни ҳимоя қилиш учун процессуал қийинчиликларни баҳона қилмаслиги лозим”, деди МакКоннел.

Сенатда битим муҳокамаси бошланиши билан биргаликда Капитолий олдида чоршанба куни сиёсий томошаларнинг ҳам бошланиши кутилмоқда. Республикачилардан президентликка етакчи номзод Дональд Трамп битимни қораловчи намойишга етакчилик қилиши кутилмоқда.

Вакиллар палатасида битимни рад этувчи резолюция шу ҳафта охирида овозга қўйилади ва қуйи палатада кўпчилик ўринларга эгалик қиладиган Республикачилар уни бир овоздан ёқлаётгани боис, унинг қабул қилиниши кутилмоқда.

Лекин битимни ёқлаётган Демократлар ҳам Эрон ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришига ишонқирамай қарамоқда.

Июнь ойида қабул қилинган битимга биноан Эрон ўз ядровий дастурини қисқартириш эвазига халқаро санкцияларнинг олиб ташланиши кўзда тутилган. Бу эса Эронга юзлаб миллиард долларлик даромад олиш имконини очиб беради. Битим Эроннинг атом қуролни қўлга киритиш учун етарли ядровий материал ишлаб чиқариш имконидан камида бир йилга маҳрум этишга қаратилган.

“Мен музокаралар столида бундай битимни қабул қилмаган бўлардим, лекин бу йўқдан кўра яхшироқдир”, деди сенатор Ричард Блументаль.

Агар Вашингтон Британия, Германия, Россия, Франция, Хитой ва Эрон билан биргаликда имзолаган битимдан юз ўгирса, деди сенатор, “бу ҳолда Эрон эмас, Қўшма Штатлар изоляцияга маҳкум бўлади”.

Сенатор Рон Уайден “иккиюзламачи ва ишончга лойиқ бўлмаган Эрон режими билан эришилган келишув мен кутгандан анча йироқ. Лекин, шунга қарамасдан, муқобил чоралар унданда хавфлироқ, деган қарорга келдим”, дея баён қилди.

Яна бир Демократ сенатор Жо Манчин битимга қарши овоз беришга қарор қилганини билдирди.

Бундан аввал битимга қарши чиқиши эҳтимол этилган уч Демократ сенаторнинг сўнгги дақиқаларда битимни ёқлашларини эълон қилгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Айни пайтда, бу сиёсий кучлар ўртасида битим устидаги баҳслар аччиқ ва қизғин бўлишидан ҳам даракдир. Конгресс 17 сентябрга қадар якуний қарорини бериши керак.

Эрон битими устидаги тортишувда мағлуб бўлиш эҳтимоли остида қолган Республикачилар энди Теҳронга нисбатан Америка штатлари миқёсида жорий этилган санкцияларни сақлаб қолиш ҳаракатига тушди.

Ўн бешта штатнинг Республикачи губернаторлари, жумладан президентликка номзодлардан тўрт нафари ўзлари раҳбарлик қиладиган штатлар Эронга нисбатан қабул қилган санкцияларни сақлаб қолиш ниятида эканини айтмоқда. Бундан ташқари Республикачилар партиясига оид айрим ташкилотлар бу масалани 2016 йил ноябрида ўтказиладиган сайлов пайтида халқ референдумига олиб чиқишга ҳаракат қилишларини айтмоқда.

Американинг 50 штатидан яримга яқини Эрон билан олди-берди қиладиган ширкатларга нисбатан чеклов чораларини қўллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG