Линклар

Сериал деган “хўрозқанд”ни ихтиро қилганнинг садағаси кетай! Қандай ақлли, қандай ишбилги мардум экан-а у! Аксар сериаллар сақичдек чайналган мавзу, даққиюнусдан қолган сюжет асосига қурилади. Лекин ўша арзонгаров маҳсулотлар миллионлаб одамларни жодулаб олгани қизиқ.

Дунёда ўзбекчалик сериалсевар миллат топилмаса керак. Кейинги йилларда лотин америкаси, корейс, турк, араб, ишқилиб, ҳар турли сериалларни элакдан ўтказдик. Ўзбекистон телевидениеси ҳам барака топсин, кетини узмай, пешма-пеш етказиб бериб турибди. Садоқатли томошабин ҳам бирор қисмини канда қилмай кўриб боряпти.

Шу кунларда ўзбекнинг нигоҳи ҳинднинг “Сенга ошиқман” сериалига қадалган. Арзанда кино “Ёшлар” телеканали орқали намойиш этилаётганини изоҳлаб ўтирмоққа ҳожат йўқ: бу гўё математикка арифметик амалларни тушунтиргандек гап.

Аксар бекалар рўзғор юмушларини ҳам эран-қаран бир четга қўйиб, “Сенга ошиқман”га ошиқади. Ашаддийроқ мухлисаларни-ку сериал пайти телевизор қаршисидан тўп отиб ҳам қўзғатиб бўлмайди. Оҳанрабоси бор-да!

Иши юрмай сиқилиб юрган рўзғорбошилар ҳам дўндиқ қизнинг кечмишларини фавқулодда қизиқишу қониқиш билан томоша қилади. Эркакларга ҳам эрмак!

Бу ёғини сўрасангиз, раиятнинг сиёсат-пиёсат билан иши йўқ, икки хаёли фильмда. Дунёни сув босмайдими! Фақат сериал вақти... чироқ ўчмай турса бўлгани. Бир балоси бор дедим-ку!

Қишга таппи ғамлаш, бўй етган қизини чиқариш, туғиб ётган коммунал қарзларни тўлаш ташвиши ҳам паққос эсдан чиқади. Таскинмисан таскин!

Дастурхони юпқа қариндоши бошига тушган мусибат билан қилча иши йўқ, лекин ҳўв ҳиндистонлик қизгинага ачиниб кўзёш тўкади. Ажаб, хўб ажаб!

Кўзи тўрт бўлиб кутган чақалоғига ўйлаб-нетиб ўтирмай Ишани деб исм берворади. Юлдузпарастлик дарди қон-қонимизга сингиб кетган-ов!

Хаёлини сериал ўғирлаган пайт уйидаги бор-будини томтешарлар ўғирлайди. Сезмайди, ғафлатда қолаверади. Бунчалар содда бўлмасак!

Хуллас, дунёда саёз сериалчалик одамни боқибеғам, ҳафтафаҳм қилиб қўядиган, чалғитадиган нарса йўқ. Ҳа-я, юрт оғаларига ҳам раиятнинг сериалга андармон бўлиб, жи-имгина юргани маъқулга ўхшайди.

Собиқ сериалсевар

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG