Линклар

Мошхўрдага Мош керак, ҳар Юртга бир Бош керак (Блог)

  • Сарвар Усмон

Рассом Обид Асомов асари (фрагмент)

Рассом Обид Асомов асари (фрагмент)

“Илгари ҳам айтганман – бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу – ўзбек халқининг истаги, бу – ўзбек халқининг мақсади, бу – ўзбек халқининг қароридир”.

Бу сўзларни Ўзбекистон раҳбари мамлакат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи давомида айтди.

Президентнинг бу сўзлари нақадар аҳамиятли эканлигини таъкидлаш учун бўлса керак, нутқ матнини эълон қилган ЎзА агентлиги уларни қоп-қора ҳарфларда босди.

Байрамнинг эртасигаёқ Ўзбекистондаги корхона, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларида “Тинчликни асраш - давр талаби” мавзуида йиғилишлар ўтказа бошладилар.

Бу савобли ва айни пайтда ўта долзарб сиёсий кампаниядан блогеримиз ҳам четда қолишни ўзига эп кўрмади ва ҳамма биладиган ҳақиқатларни қофияга солди.

Қуйида ана ўша қофияланган ҳақиқатлар билан танишинг:

Йўқликмас, Борлик керак,

Очликмас, Тўқлик керак,

Деҳқонларга Ер керак

Хотинларга Эр керак

Ўзбекка Тинчлик керак.

Куз – Пахта, Баҳор керак,

Қиш совуқдир, Ёз керак,

Кўмир – чанг, у тутунли,

Ёнадиган Газ керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Ҳувиллаган Чўнтакмас

Қаппайган Кармон керак,

Қоп-қоп ёлғон Ваъдамас

Иликка Дармон керак,

Ўзбекка Тинчлик керак.

Тилпонмас Скайп керак,

Телеграм, Ватсап керак,

Чол-кампир шап-шапимас,

Ёш айтар мард гап керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Қамчи эмас, Қанд керак,

Ишсиз эмас, Банд керак,

Миллион сўмлик Насямас

Тўрт пул бўлсин - Нақд керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Манти керак, Ош керак,

Мошхўрдага Мош керак,

Меню Ғоясиз бўлса

Уграю Лағмон керак,

Ўзбекка Тинчлик керак.

Бахтсизликмас, Бахт керак,

Тахтсизликмас, Тахт керак,

Мутлақ Ҳоким бўлволгач

Алдаш учун Халқ керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Таҳдид қайдан?

Шарқданми?

Жануб ёки Ғарбданми?

Балки Шимолдандир у?

Балки Ичкаридандир?

Балки Маҳаллангизда

душман писиб ётгандир?

Домингизда қўлбола

бомба ясаётгандир?

Ўғлингиз қайси гўрда

юришин биласизми?

Қизингиз нима хаёл

Суришин биласизми?

Ўзингизчи, ўзингиз,

Ўзингиз тозамисиз?

Бўйинга оласизми

Ё рапорт ёзамизми?

Хуллас, билинг:

Ўзбекка Тинчлик керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Ҳамда Омонлик керак.

Ҳа, айтганча:

Ҳар касга бир Бош керак,

Ҳар Бош ўйлаши керак,

Бошлар ялқов юртдачи?

Унда Юртбоши керак.

Ўзбекка Тинчлик керак.

Ҳамда Омонлик керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG