Линклар

logo-print

АҚШ Вакиллар палатасидаги Республикачилар Эрон битимини рад этиш тактикасини ўзгартирмоқда


АҚШ Вакиллар палатасидаги Республикачилар етакчилари Эрон ядровий битимини рад этувчи резолюцияни овозга қўйиш стратегиясини ўзгартирмоқда. Битимга қарши уринишлар муваффақиятсизликка учраши эҳтимоли ошгани боис Республикачилар резолюцияни овозга қўйиш ўрнига, 10 сентябрдан бошлаб битим билан боғлиқ учта овоз бериш ўтказилишини маълум қилишди. Битимни рад этувчи резолюция жорий ҳафтада Сенатда ҳам муҳокама этилмоқда.

Республикачилар тактикани ўзгартириш орқали вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун улар Оқ уй Эрон битимини Конгрессга тақдим қилишда барча мажбуриятларни бажармаган, деган иддаоларни илгари суради. Хусусан, президент маъмурияти битимни тўлалигича Конгрессга очиқламагани рўкач қилинмоқда.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган учрашувда консерватив Республикачилар қуйи палата етакчиларини Обама маъмурияти битимнинг “махфий жиҳатларини” тақдим қилмаганини қайд этувчи қонун лойиҳасини муҳокамага олиб чиқишга кўндиргани айтилмоқда. Бунда битимга амал қилинишини таъминлаш бўйича Эрон билан Атом энергияси халаро агентлиги ўртасидаги келишувлар назарда тутилмоқда.

Лекин БМТнинг ядровий масалалар бўийча агентлиги мазкур келишувлар Эрон билан олти қудратли давлат ўртасидаги битим шартларига биноан алоҳида мавқега эга бўлгани учун АҚШ Конгрессига очиқланмаслигини билдирган. Шу сабабдан Оқ уйни битимнинг бу жиҳатларини очиқлаш уринишлари бесамар бўлиши айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG