Линклар

Сахалинск судининг "Қуръон"ни тақиқлаган қарори норозилик қўзғатди


Жанубий Сахалинск суди ҳукмидан фото-нусха, Lifenews журналида эълон қилинди

Жанубий Сахалинск суди ҳукмидан фото-нусха, Lifenews журналида эълон қилинди

Россиянинг Южно-Сахалинск шаҳар суди "Қуръон"нинг "Фотиҳа" ва "Жин" суралари экстремистик мазмунда, улардаги оятларда мусулмонлар бошқалардан устун қўйилган, деб топди. Буни диний камситиш ва экстремизмга даъват, деб топган судья қароридан норозилик кучаймоқда. Жумладан, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров қарор устидан судга шикоят қилишини билдирди.

Экспертлар хулосаси

12 август куни қабул қилинган Южно-Сахалинск шаҳар суди қарорида Россия ИИВ экспертлар гуруҳи "Мольба к Богу: ее значение и место в Исламе" (Оллоҳга дуо қилиш: Исломда дуонинг ўрни ва мазмуни) номли китобда келтирилган оятларни экстремистик руҳда, деб топгани айтилган.

Собиқ совет иттифоқи даврида чоп этилган бу китобда "Қуръон" маъноларини рус тилига ўгирган Крачковскийдан иқтибос келтирилган.

Суд қарорида "Фотиҳа", "Жин", "Ғофир", "Рад", "Ҳадид" каби бир неча сурасидан оятлар берилган. Жумладан, "Фотиҳа" сурасининг 5-ояти мазмунинининг русча таржимаси берилган: "Тебе мы поклоняемся и Тебя молим о помощи" ("Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз").

Яна бири эса "Жин" сураси мазмуининг русча таржимасидан олинган парчадир: "Мечети принадлежат Аллаху. Не взывайте же ни к кому наряду с Аллахом" ("Ва, алабатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг").

Суд қарорида экспертлар бу оятларни экстремистик мазмунда, деб топгани айтилган.

Суд қарорида айтилишича, Сахалинск шаҳар прокурори сўрови билан шаҳардаги мусулмонлар жамоасига тегишли масжидда ўтказилган текширув чоғида экстремистик адабиёт сифатида "Мольба к Богу: ее значение и место в Исламе" номли китоб ҳам мусодара қилинган.

Адлия вазирлиги сўрови билан китоб экспертизадан ўтказилган. Натижада, китобда экстремистик руҳда, деб топилган жумлалаларнинг аксарияти "Қуръон"дан олинган тўлиқ оятлар ёки оятлардан парчалар бўлиб чиқмоқда.

Норозилик

Ҳозирда бу қарорга эътироз билдирганлар, шу жумладан, Чеченистоннинг популист президенти Рамзан Қодиров ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида:

"Прокурор ва судьяга эслатмоқчиманки, дуёндаги бир ярим миллиард мусулмоннинг ҳамма ибодати "Фотиҳа" сураси билан бошланади. Улар бу сурани бир суткада 10 миллиард маротаба ўқиши мумкин мумкин. Судья уларнинг ҳаммасини экстремист, деб ҳисоблайдими?" деб эътироз билдирди Рамзан Қодиров.

Айни пайтда у агар судья ва прокурорга қонуний тартибда кескин жазо кўрилмаса, у ҳолда "биринчи навбатда мени жиноятчига айлантиришлари мумкин", деб дағдаға қилди Қодиров.

Суднинг қарори бекор қилиниши мумкин

Суд қарори устидан норозилик ва хусусан, Рамзан Қодировнинг дағдағасига муносабат билдирган Южно-Сахалинск суди раиси Александр Чухрай қарор нотўғри бўлиши мумкинлигини эътимолдан соқит қилмади.

- Суд қарори ҳали кучга кирмади. Балки, бу қарор ҳали бекор қилиниши мумкин, қилинмаслиги ҳам мумкин - бу ҳали номаълум. Лекин, шовқинни муддатидан аввал кўтаришди. 12 августда қабул қилинган, шикоят қилишга 30 кун мухлат берилган. Мен тушунишимча, суд қарори устидан аппеляцион маҳкамага арз қилинади. Ҳозир эса мен бу қарорни тўғри ёки нотўғри, дейишга ҳақли эмасман. Буни фақат аппеляция ҳайъати ишни кўриб чиққач, айтиши мумкин, - деди Озодлик билан суҳбатда Южно-Сахалинск суди раиси Александр Чухрай.

Айни пайтда суд раиси шаҳар судьялари қабул қилган қарорларнинг 20 фоизи, одатан, бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши, аммо 80 фоизи ўз кучида қолдирилиши ҳамда бунинг катта кўрсаткич эканини таъкидлади:

- Яна бир марта эътиборингизни тортмочқиманки, биз ҳамма динлар, шу жумладан Ислом дини, айниқса, Ислом динини ҳурмат қиламиз. Чунки, Россияда мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади. Хуллас, бу шовқин муддатиндан аввал кўтарилди, сиёсий тус берилди, ваҳоланки, аниқ бир нарса дейишга ҳали эрта эди, - дейди суд раиси.

Черков вакиллари ҳам суддан норози

Россияда танилган жамоат ва дин арбоби, черков хизматчиси Андрей Кураев бу қарорни "мудҳиш", деб қоралади:

"Бу даҳшатли қарор. Уни ёки ақли ожизлар, ёки ҳақиқатда ҳам хоин ва провокаторлар қабул қилган. Россия қонунчилигини ўзгартириш керак ва диний адабиётларни анализ қилиш ваколатини шаҳар, туман судларидан олиш керак. Чунки, бундай ишни қилиш учун тегишли юридик квалификацияга эга бўлган одамлар керак. Бутун мамлакатни қайсидир прокурор ёки судьянинг бир томонлама қароридан келиб чиққан агрессив кайфият қурбонига айлантириш керак эмас", деди LifeNews нашрига интервью берган черков хизматчиси Андрей Кураев.

Бу биринчи ҳолат эмас

2013 йилнинг 17 сентябрида Новороссийск шаҳри Октябрский туман суди Россияда танилган исломшунос олим Элмир Кулиев ўгирган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси"ни экстремистик адабиёт, деб топган ва тақиқлаган эди.

Ўшанда ҳам "Бақара", "Тоҳа" сурасининг бир неча ояти "ирқий камситувчи, бир жамоани бошқасидан устун қўювчи", деб топилган эди.

Қуръони карим маънолари таржимасининг тақиқланиши россиялик мусулмонлар орасида кескин норозилик кайфиятини қўзғаган, бир қанча йирик шаҳарларда норозилик акциялари ҳам бўлиб ўтган эди.

Аммо, ўша йили 17 декабрь куни Краснодар ўлка суди Октябрьский туман суди қарорини бекор қилган.

Россияда танилган, асли озарбайжонлик исломшунос файласуф Элмир Кулиев ўгирган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси" россиялик мусулмонлар орасида И.Ю.Крачковский ва В.М.Пороховалар ўгирган русча Қуръондан кейинги учинчи ўринда турадиган диний адабиёт сифатида тилга олинади.

20 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қиладиган Россияда туман судларининг мусулмонларни жунбушга солувчи қарорлар чиқараётганига ҳали Кремл расмийлари муносабат билдиргани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG