Линклар

Францияда ўзбек миллиардерни суддан қутқарганларга оид жанжал авжига чиқмоқда


Николя Саркози ва Нурсултон Назарбоев, 2009 йилнинг 6 октябри.

Николя Саркози ва Нурсултон Назарбоев, 2009 йилнинг 6 октябри.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардерлар Фаттоҳ Шодиев ва Алижон Ибрагимовни Бельгия судидан қутқариб қолиш жараёнига Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳамда Франция президенти Николя Саркози аралашгани иддаоси билан 2014 йилда француз журналистлари бошлаган журналистик суриштирувнинг навбатдаги натижалари Франция миллий телеканалида эълон қилинди.

Гумонланувчилар Николя Саркози, унинг маслаҳатчилари ва Нурсултон Назарбоев

Франция миллий телеканалининг 7 сентябрдаги дастурида келиб чиқиши Ўзбекистоннинг Жиззахидан бўлган миллиардер Фаттоҳ Шодиевни Бельгия судидан қутқариш учун президент Саркози бош бўлиб мазкур мамлакат раҳбариятига сиёсий босим кўрсатилгани тўғрисида икки соатли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Озодлик радиоси 2014 йилнинг 9 октябрида “Ўзбек миллиардерларини қутқариш учун Назарбоев пора берганми?” сарлавҳали мақоласида француз журналистларининг бу борада олиб борган журналистик суриштируви илк натижалари ҳақида маълумот берганди. Ўшанда Париж нашрлари президент Назарбоев 2010 йилда 2 миллиард евролик вертолёт сотиш бўйича шартномани имзолаш эвазига Саркозидан Бельгияда судланиши мумкин бўлган қозоғистонлик миллиардерлар Фаттоҳ Шодиев, Алижон Ибрагимов ва Александр Машкевичларни қутқаришни талаб этгани иддао қилинганди.

Айни пайтда Франция суди Қозоғистонга 45 вертолёт сотиш жараёнида Париж амалдорларига билдирилаётган пул ювиш ва коррупция бўйича айбловларни ўрганмоқда. Суд, жумладан, Саркози ва унинг маслаҳатчилари пул ювишда айбланиб ҳибс қилинган Фаттоҳ Шодиевни Бельгия судидан қутқариб қолиш мақсадида бу мамлкат парламентига 2011 йилда махсус қонунни қабул қилдириш учун босим кўрсатгани тўғрисидаги маълумотларни ҳам текширмоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса яқин дўсти Фаттоҳ Шодиевдан барча айбловлар олиб ташланиши эвазига ўз мамлакати номидан Франция билан 2 миллард евролик шартномани имзолашда гумонланмоқда.

"Сиёсий аспект"га эга бўлган иқтисодий шартнома

Журналистик суриштирув муаллифлари Саркозининг собиқ маслаҳатчилари Жан-Франсуа Этьен де Розе ва Дэмьен Лорас номи қайд этилган “махфий хужжат”ни намойиш қилган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, бу икки шахс Бельгия парламентига босим кўрсатишда асосий вазифани бажарганликда гумонланмоқда.

Де Розе мазкур масалада интервью беришдан бош тортган. Бироқ у ўз адвокати орқали “вертолётларни сотиш бўйича шартнома сиёсий аспектга эга бўлгани ва ҳақиқатан ҳам Шодиев билан икки марта учрашгани”ни тан олган.

“Де Розенинг вазифаси ишни кузатиб бориш, Бельгия судлов тизими вакиллари билан музокаралар қачон якунланишини аниқлаш ва музокаралар қачон ижобий якунланиши мумкинлигини тушунишдан иборат бўлган”, деган журналистларга Де Розенинг адвокати Пьер Копп.

Миннатдорчилик баҳоси 1 миллион евро

Де Розе айни пайтда коррупция, хизмат ваколатини суйистеъмол қилиш каби жиноятларда гумонланмоқда. Унинг адвокати эса Саркозининг собиқ маслаҳатчисига хизматлари учун Фаттоҳ Шодиев “миннатдорчилик билдириб ҳақ тўлагани” тўғрисидаги айбловларни рад этмоқда.

Бироқ Француз миллий телеканали журналистлари Де Розе Шодиевнинг адвокати Катерин Дегул орқали катта миқдорда пул олганини аниқлаган. Француз телеканали манбасининг айтишича, Де Розе Шодиевдан тахминан бир миллион евро пул олган. Де Розенинг адвокати эса мазкур пул мижозига Гвинея-Бисасуга ёнғоқ экспорт қилиш масаласидаги маслаҳатчилик фаолияти учун тўланганини айтмоқда.

Де Розе ўз адвокати орқали Саркозининг бошқа бир маслаҳатчиси Дэмьен Лораснинг кўрсатмаларигагина амал қилганини билдирган. Лорас бу масалада журналистлар билан учрашишни истамаган.

Шодиевдан совға: 88 минг евролик соат

Француз миллий телеканали кўрсатувида Лорас Шодиевдан умумий қиймати 88 минг евролик иккита соатни совға сифатида олгани айтилган.

Француз журналистларининг суриштирув доирасида собиқ президент Николя Саркози ва Фаттоҳ Шодиевдан интервью олиш уринишлари самарасиз якунланган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса 2014 йилнинг 14 декабрида Остонада Франция президенти Франсуа Олланд билан учрашувидан сўнг француз журналистларининг бу масаладаги “кўнгилсиз саволлари”га жавоб берар экан: “Ҳеч кимдан, жумладан, жаноб Саркозидан ҳам ҳеч нарсани илтимос қилмаганман. Бу мен билмаган қандайдир одамларнинг ўйлаб топган гаплари”, деб айтган.

Франсуа Олланд эса ўша учрашувда бу масалада француз терговчилари иш олиб бораётганини билдириб, бундан ортиқ маълумот бера олмаслигини гапирган.

Қозоғистон Францияда авж олаётган жанжалга муносабат билдирмаяпти

Францияда бошланиб, авжига чиқаётган мазкур жанжал юзасидан Қозоғистон ҳукумати ҳозирча ҳеч қандай расмий баёнот бергани йўқ. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари эса Озодлик радиосига бу иш юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтган.

1954 йилда Фарғонада туғилиб¸ Қирғизистонда улғайган Алижон Ибрагимов, 1953 йилда Жиззахда туғилиб, 1990 йилларнинг бошларидан бери Қозоғистонда бизнес билан шуғулланиб келаётган Фаттоҳ Шодиев, 1954 йилда Бишкекда туғилиб, 1989 йилдан бери Қозоғистонда тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Александр Машкевич президент Назарбоевга яқин бўлган шахслар ҳисобланади.

Улар Бельгияда “пул ювиш”, “ҳужжатларни сохталаштириш”да айбланган. Бироқ 2011 йил июнида Бельгия парламенти кўрсатмасидан сўнг мазкур миллиардерлар 23 миллион евро жарима тўлаб, жавобгарликдан озод этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG