Линклар

logo-print

Олмаотада қўғирчоқ қучоқлаб, тиланчилик қилаётган ўзбекистонликлар ушланди


Ўзбекистонлик аёллар Олмаота шаҳрида тиламчилик қилаётган пайти қўлга олинган.

Ўзбекистонлик аёллар Олмаота шаҳрида тиламчилик қилаётган пайти қўлга олинган.

9 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида тиланчилик қилиб юрган икки нафар ўзбекистонлик аёл қўлга олинди. Полиция маълумотига кўра, аёллар қўғирчоқларни чақалоқ каби ўраб, қучоқлаб Олмаота кўчаларида тиланчилик билан шуғулланиб келишган. Суд қарорига кўра, аёллар 5 кунлик қамоқдан сўнг Ўзбекистонга депортация қилинади.

Қўғирчоқ чақалоқларни бола каби ўраб, тиланчилик қилаётган ўзбекистонлик аёллар Олмаота шаҳрининг Медеу туманидаги марказий кўчалардан бирининг чорраҳасида қўлга олинди.

Бу ҳақда Озодликка Олмаота шаҳар Ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Азирбек маълум қилди:

- Бу 9 сентябрь куни бўлди. Олмаотанинг Медеу туманида уч аёл қўлга олинди. Аёлларнинг сўзларига кўра, улар Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, Қозоғистонга пул ишлаш ниятида келишган. Учала аёлнинг ҳам қўлида бола бор. Аёллардан бирининг қўлида 1,5-2 ёшлардаги чақалоқ бор. Қолган аёлларнинг қўлида эса бола каби ўралган қўғирчоқлар борлиги аниқланди, -деди Салтанат Азирбек.

Аёлларнинг полицияга айтишича, қўлида чақалоғи бўлган тиланчига одамларнинг раҳми келиб, пул бериши мумкин. Аёллар фақат шу йўл орқали пул ишлаш имконлари борлигини айтишган.

Салтанат Азирбекка кўра, аёллар ёнида улар шахсини тасдиқловчи бирорта ҳужжат бўлмаган.

Аёллар Қозоғистонга меҳмон сифатида кириб келишгани ва паспортларини полиция бўлимига қайддан ўтказиш учун беришганини айтишган. Бироқ текширув натижасида уларнинг гаплари ёлғонлиги аниқланган: улар айтган полиция бўлимида аёлларнинг паспортлари бўлмаган.

Ҳозирда ўзбекистонлик аёлларнинг қанча муддатдан бери Қозоғистонда тиланчилик билан шуғулланиб келгани текширилмоқда.

Салтанант Азирбекка кўра, суд аёлларни Қозоғистондан депортация қилиш борасида қарор бериши мумкин:

- Суд қарорига кўра, аёлларни қонун бўйича 5 кун муддатлик маъмурий қамоқ кутаяпти. Қамоқдан чиққач, аёллар мамлакатдан чиқариб юборилади,- деди Салтанат Азирбек.

Ўзбекистонлик уч аёл шу кунларда Олмаота полицияси томонидан ўтказилаётган “Тиланчи” тадбири натижасида қўлга олинган.

Олмаота шаҳрида 7 сентябрь куни бошланган “Тиланчи” тезкор-профилактика тадбири 17 сентябргача давом этади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатда тиламчилар йўқлигини таъкидлаганига қарамай, деярли барча вилоятлар шаҳар ва қишлоқлари, жумладан, пойтахт Тошкентда ҳам тиланчилар борлигини кузатиш мумкин.

Бугунги хабардан маълум бўлишича, ўзбекистонликлар орасида ҳатто хорижга чиқиб ҳам тиланчилик қилувчилари ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG