Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:44

Тожик расмийлари: Аҳоли Ҳожи Ҳалимнинг 18 одамини тутиб берди


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги биноси.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги биноси.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази 11 сентябрь куни аҳоли томонидан Абдуҳалим Назарзода гуруҳининг 18 нафар аъзосини тутилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилгани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарномада аҳоли ёрдамида мазкур жиноий гуруҳ ёнидан 134 та қурол топилиб, мусодара қилингани айтилади.

Шунингдек, тартиб посбонлари фуқаролар кўмагида жиноий гуруҳнинг 7 аъзоси ҳуқуқ-тартибот идораларига таслим бўлгани ҳам қўшимча қилинади.

Матбуот маркази Абдуҳалим Назарзода (Ҳожи Ҳалим) гуруҳи аъзоларини тутишда ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам қилган шахслар рағбатлантирилишини қайд этади.

Маълумотга кўра, айни пайтда Тожикистон куч ишлатар тузилмаларининг Назарзода гуруҳини йўқ қилиш бўйича Ромит дарасида олиб бораётган амалиёти давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва Ваҳдат туманида милиция бўлинмаларига қилинган қуролли ҳужумлар оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлган эди. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу террорчилик ҳаракатлари бошида Мудофаа вазири собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода турганини иддао қилган.

Куни кеча Тожикистон мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантаналарда чиқиш қилган ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода генерал Назарзода ҳужумларини ҳам тилга олиб ўтди. Унда Тожикистон бош миршаби Абдуҳалим Назарзоданинг хатти-ҳаракатларини “давлат ва халқ олдидаги хоинлик”, деб атади.

Айни пайтда Раҳимзода қўл остида ишлаётган милиция ходимлари ҳаракатларини юксак баҳолади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, шу кунгача Назарзода гуруҳига мансуб 100 киши қўлга олинган.

1992-97 йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролик уруши йилларида Ромит дараси тожик мухолифатининг ҳарбий аслаҳахоналари жойлашган, узоқ йиллар тожик ҳукуматига қаршилик олиб борган минтақаларидан бири бўлган эди.

Ўша йилларда Ромит дарасидаги жангларда қатнашган собиқ жангариларнинг айтишларича, бу ҳудуддан тоғлар орқали Афғонистонга, Ўзбекистонга ва Қирғизистонга ўтиш йўллари бор.

Дарада оғир техника билан жанг қилиш имкони йўқ, фуқаролик уруши йилларида ҳам ҳаводан берилган зарбалар кор қилмаган эди.

Тожик генерали Абдуҳалим Назарзоданинг нима учун қўлига қурол олиб, исён қилгани ҳақида ҳозиргача аниқ бир маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG