Линклар

Президент Назарбоев қизи Дариғани бош вазир ўринбосари қилиб тайинлади


Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев қизи Дариға Назарбоевани бош вазир ўринбосари қилиб тайинлади.

Бу ҳақдаги президент фармони 11 сентябрь куни Қозоғистон президентининг расмий сайтида эълон қилинди.

52 яшар Дариға Назарбоева 2004 йилда Қозоғистон парламентига депутатликка сайланган. 2014 йил апрелида у парламент қуйи палатаси раиси ўринбосарлигига тайинланган эди.

Дариға Назарбоев марҳум сиёсатчи ва дипломат Роҳат Алиевнинг собиқ хотинидир. Улар 2007 йилда ажралишган, ажралиш жараёни Алиевнинг хоҳишига қарши президент Назарбоев аралашуви орқали амалга ошгани айтилган. Кейинчалик Қозоғистон Роҳат Алиевни ватанга ҳиёнат ва коррупцияда айблаб, уни сиртдан 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Жорий йил февралида Роҳат Алиев Австрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилди. Алиев 2006 йилда Қозоғистонда содир этилган учта қотиллик бўйича суд қарорини кутаётган эди.

XS
SM
MD
LG