Линклар

Марғилонда 37 боғча тарбиячиси қуръа ташлаш орқали ишсиз қолганларини айтмоқда


Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги махсус боғчалардан бирининг мақоми ўзгартирилиши ортидан 37 ходим ишсиз қолди. Логопед мутахассис ёрдамига муҳтож болалар учун мўлжалланган боғча Марғилон шаҳридаги бу каби учта муассаcанинг бири бўлган ва шаҳар халқ таълими бўлими қарорига кўра, қисқартирилган. Шаҳар халқ таълими бўлими мудири ўз қарорини вазирлик топшириғи билан изоҳлади. Ишсиз қолган педагогларнинг Озодликка айтишича, боғча мақомини ўзгартириш қарори қуръа ташлаш орқали ҳал қилинган.


Марғилон шаҳар 12-сонли Давлат махсус мактабгача таълим муассасасининг бир гуруҳ собиқ ходимлари Озодликка мурожаат қилиб, шаҳар халқ таълими бўлимининг ноҳақ қарори боис ишсиз қолганларини иддао қилмоқда.

Сентябрь ойи бошидаги қарор ортидан ишсиз қолган педагоглардан бирининг айтишича, логопед мутахассислар қаровига муҳтож болалар учун мўлжалланган махсус боғча мақомини ўзгартириш тўғрисидаги қарор ноҳақ қабул қилинган.

“Халқ таълими вазирлигининг Фарғона вилоятидаги махсус муассасаларни қисқартириш тўғрисида қарори борлиги тўғри. Ана шу қарор асосида май ойида Тошкентдан, Халқ таълими вазирлигидан комиссия келган эди. Улар Марғилондаги логопед муассасаларнинг учаласида текширув ўтказди. Бизнинг боғчада соғломлашган болалардан икки нафари аниқланди. Лекин 36- ва 1- боғчада 70-100 нафаргача бола соғлом экани аниқланди. Лекин негадир айнан бизнинг 12-сонли махсус боғчани оддий муассасага ўзгартириб, бизнинг болаларни иккита боғчага тарқатиб юборишди. Биз нима учун бизнинг боғча ёпилди, деб норозилик билдирдик. Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими мудири Гулноза Қаюмова, бу қарорни қуръа ташлаш орқали қабул қилдик, деди. Қандай қилиб бундай масалани қуръа йўли билан ҳал қилиш мумкин?” дейди педагог.

Озодликка гапирган тарбиячилар халқ таълими бўлими мудири қарори ким биландир тил бириктирган ҳолда қабул қилинганини иддао қилишдан тийилишди, лекин айнан улар ишлаган боғчада соғлом болалар сони энг камлиги аниқланганига қарамасдан муассаса ёпилгани шубҳали эканига эътибор қаратишди.

Озодлик Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими мудири Гулноза Қаюмованинг ўзи билан ҳам телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди. Мудир ишсиз қолган педагоглар иддаоларини рад этди.

- Ҳеч қандай қуръа ташлангани йўқ. Энг кичик боғча, болалари соғломлашгани учун ёпилди. Учта шунақа боғча бор, ёпилган боғчада олтита группа бор. Қолган иккитасида 12тадан группа бор. Шуларнинг кичиги 12-сонли боғчада олтита группа бор, болалари соғломлашгани учун ёпилди. Марғилон шаҳрида логопед ёрдамига муҳтож болалар учун иккита боғча етарли бўлгани учун шундай қарор қилинди. Ҳеч ким ишсиз қолгани йўқ, секин-секин ҳаммани иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда,- дейди шаҳар халқ таълими бўлими мудири.

Унинг яна айтишича, боғча мақоми ўзгариб, тунги навбат бўлими тугатилгани ортидан ишсиз қолган собиқ ходимларга икки ой давомида маошлари компенсация тариқасида тўлаб борилади.

Лекин Озодликка мурожаат қилган тарбиячиларнинг айтишича, компенсация тўлаш бошланмаган ва тўлов миқдори маошларидан анча кичикроқ бўлиши ваъда қилинган.

“Компенсацияни тўлашгани йўқ ҳали. Лекин компенсация миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг эски миқдори, яъни 118 минг сўмдан келиб чиқиб, тўлаб берилишини айтишяпти. Лекин Гулноза опанинг бизнинг боғчада болалар соғломлашгани тўғрисидаги гаплари ҳам нотўғри. Тошкентдан келган комиссия бизда иккитагина болани аниқлади. 1- ва 36-боғчада логопедга муҳтож болалар билан 70-100тагача бола тарбиялангани аниқланган. Лекин шунга қарамасдан бизнинг боғчани ёпишди”, дейди тарбиячи.

Озодликнинг Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасидаги мнабасига кўра, макатбгача тарбия махсус муассасалар сони ҳукумат қарори билан бутун республика бўйлаб қисқартирилмоқда. Сабаби бундай муассасаларга давлат бюджетидан ортиқча харажат қилиниши талаб этилади.

“Бундай боғчалар ҳафтасига беш кун 24 соат ишлагани боис у ерда учтадан смена ишлайди. Уларнинг таъминоти ҳам алоҳида бўлади. Бундан ташқари махсус муассасаларда бир ставка учун тўланадиган иш ҳақи ҳам одатда каттароқ бўлади. Шунинг учун ҳозир, бюджет маблағларини тежаш мақсадида, махсус муассасалар қисқартирилмоқда. Марғилон шаҳри ҳақида гапирадиган бўлсак, вазирликнинг қарори асосида махсус муассасаларга доир жами 160 ставка иш ўрни қисқартирилди”, дейди вилоят халқ таълими бошқармасидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилотлар, айниқса, таълим муассасалари иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Ўқитувчилар маошининг озлиги ҳам вазиятни янада қийинлаштириш баробарида коррупциянинг урчишига ҳам ҳисса қўшиши кузатилмоқда.

Кўпинча бу қийинчиликлар тарбияланувчи ва ўқувчилар ота-оналари ҳисобидан ҳал этилади. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларидаги дарсликлар учун ягона ижара тўлов миқдори белгиланиб, энг қиммат ижара нархи 9-синф учун 9.400 сўм қилиб белгиланганига қарамай, Фарғонадаги айрим мактаблар синфидан қатъий назар ҳар бир ўқувчидан ижара учун 30 минг сўм тўлашни талаб қилаётгани ҳақида Озодлик хабар қилди.

Шу ҳафтадаги яна бир хабарда Тошкент олийгоҳларида талабалар ётоқхонага жойлашиш учун 100 АҚШ долларидан пора беришга мажбур бўлаётганликлари ҳақида гап борган эди.

Давлат корхоналарида иш ҳақининг бир неча ойлаб тўланмаслиги ҳам бугун Ўзбекистонда оддий воқеликка айланган.

Шу йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки бош вазир Шавкат Мирзиёевга мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келгани ижтимоий-иқтисодий вазиятни оғирлаштиришидан огоҳлантириб, ёзган мактуби Озодликка сиздирилган эди.

XS
SM
MD
LG