Линклар

Толибон жангарилари Афғонистоннинг Ғазни шаҳрида қамоқхонага ҳужум қилиб, бир неча полициячини ўлдирди ва юзлаб маҳбусларни озод қилди.

Ғазни вилояти ҳокими Муҳаммад Али Аҳмадий ҳужум 14 сентябрь куни тонгда бошланганини билдирди. Аввал бомба ўрнатилган машинани бошқарган худкуш қамоқхона биносига келиб урилган, ундан кейин эса бошқа жангарилар қамоқхона ичига бостириб кирган.

Аҳмадийнинг билдиришича, 400дан ошиқ маҳбус қочишга муваффақ бўлган. Улардан 80га яқини ушланган, 352 нафари, жумладан 150ка яқин толиб жангариси очиқда қолмоқда.

“Қўшимча кучларнинг йўлини тўсиш учун қамоқхонага элтувчи йўллар аввалдан миналаштирилган бўлган. Ёрдамга келаётган ҳарбий машина йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида нобуд бўлди”, дея қўшимча қилди ҳоким.

Толибон ҳаракати матбуот вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳужумни жангари гуруҳ амалга оширганини тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG