Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:13

Пахтага сафарбарлик бошланиб Тошкентда ёнилғи тақчиллиги юзага келди


Ёнилғи учун навбат
Ёнилғи учун навбат

Тошкентда бензин ва солярка тақчиллиги кузатилмоқда. Шаҳарнинг аксар ёнилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар пайдо бўлган. Бир ой муқаддам Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, жумладан Тошкентда АЁҚШларда пайдо бўлган турнақатор навбатларнинг янада узайгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон иқтисоди ва аҳолисини нефт маҳсулотлари билан таъминлашга масъул “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси юзага келган ҳолат бўйича ҳозирга қадар бирон изоҳ бергани йўқ.

Озодликнинг “Ўзнефтмаҳсулот” масъулларидан изоҳ олиш ҳаракатлари самара бермади. Компания ахборот бўлимида телефон гўшакларини ҳеч ким кўтармади.

Сўнгги йилларда куз мавсумида Ўзбекистон бўйлаб ёнилғи тақчиллиги юзага келиши одатий ҳолга айланган.

Кузатувчиларга кўра, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатларнинг пайдо бўлиши Ўзбекистон бўйлаб пахтага оммавий сафарбарлик билан боғлиқ.

OZOD-VIDEO: Тошкентда ëнилғи тақчиллиги юзага келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:21 0:00

"Икки-уч соат кутиб қолаяпмиз"

Озодлик суҳбатлашган тошкентликлар сўзларига кўра, ёнилғи таъминотида бирламчи ҳуқуқ асосан теримчиларни пахтага ташишга ажратилган автобусларга берилган.

“Ҳозир солярка ва бензин студентларни пахтага олиб бораётган автобусларга ажратилаяпти. Шунга Тошкентнинг ҳамма жойида бензин ва соляркага очеред. Икки-уч соат навбат кутиб қолаяпмиз”, деди Ўзбекистон Миллий Университети ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда.

“Ҳар йили сентябрь-октябрь ойида кузатиладиган ҳолат. Кўникиб қолганмиз. Бензин тортилиб қолади. Соляркалар пахтага кетади. Нарх наволар ҳам кўтарилади. Йил охири эмасми, ёнилғи лимити ҳам тугаяпти”, дейди тошкентлик такси ҳайдовчиларидан бири.

Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбат юзага келиши ортидан қиммат нархдаги бензинлар пайдо бўлган.

“Бензин бор, лекин жуда қиммат. Газойл (Узгазойл-таҳр.) заправкаларида бир литр бензин 3200 сўмдан 3700 сўмгача. Аслида 81-бензин 2050 сўм, 91-бензин эса 2250 сўм бўлиши керак. Бир келиб қоляпти, лекин навбат жуда катта”, - дейди тошкентлик яна бир такси ҳайдовчиси.

"Чайқовчилар"

Роппа-роса бир ой муқаддам Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, жумладан Тошкентда АЁҚШлар олдида турнақатор навбатлар кузатилган эди.

Ўшанда "Ўзнефтмаҳсулот" ёнилғи тақчиллиги юзага келганини эътироф этган, аммо бу ҳолат “акциядорлик компаниясига боғлиқ бўлмаган омиллар натижаси ўлароқ юзага келмоқда,” дея изоҳ берганди.

"Ўзнефтмаҳсулот" тарқатган баёнотга кўра, бензин тақчиллигига ёнилғи нархининг ошиши ҳақидаги “шов-шув хабарларнинг тарқалгани” сабаб бўлган.

“Бу хусусда "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси шуни ишонтириб баён қиладики, байрам арафасида ва ундан кейин ҳам ёнилғи ишлаб чиқаришни мумкин қадар кўпайтириш ҳисобидан АЁҚШларга нафақат режалаштирилган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш мўлжалланмоқда,” дея билдирганди.

Шунингдек, компания ёнилғи тақчиллигига мамлакатда “автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат” қилишини маълум қилганди.

Компания фикрича, ёнилғи тақчиллигига “автобензинни керагидан ортиқча харид қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилаётган” автомобиль эгалари, бензинни кўп олиб қўйиб, кейин сотишга ҳаракат қилаётган “чайқовчилар”, йилдан-йилга автомашиналар сони ортиб бораётгани айбдордир.

XS
SM
MD
LG