Линклар

Ўзбекистонда бўлғуси келиннинг интим фотолари шантаж қуролига айланди


Беҳаë расмлар воситасида ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида кенг тарқалган

Беҳаë расмлар воситасида ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида кенг тарқалган

Ўзбекистонда 19 яшар қизнинг “нозик” фотоларини у билан ишқий муносабат асносида қўлга киритган 22 яшар йигит бу қизнинг оиласини шантаж қилгани учун беш йилга қамалди. Озодликка маълум бўлишича¸ “нозик” мавзудаги видео ва фото тасвирлар билан шантаж қилиш Ўзбекистонда “сердаромад” соҳага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг нашри бўлган “Ҳуқуқ” газетасига кўра¸ Тошкентинг Мирзо Улуғбек тумани жиноий ишлар судида устидан ҳукм ўқилган “товламачи ошиқ” иши ўз мазмунига кўра мамлакатдаги илк маҳкама жараëнларидан биридир.

Газета хабарига кўра, “товламачи ошиқ” ўзининг собиқ маъшуқаси яланғоч суратларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик учун қизнинг оила аъзоларидан 3 минг доллар пул талаб қилган.

Хабарда айтилишича, товламачилик схемасида жабрланувчининг дугонаси бўлган коллеж ўқувчиси ҳам иштирок этган.

Озодликка маълум бўлишича¸ “нозик” мавзудаги видео ва фото тасвирлар билан шантаж қилиш Ўзбекистонда “сердаромад” соҳага айланган.

Бахт учун 800 доллар!!!

Жиззах вилоятида яшайдиган “Зилола” (исми ўзгартирилган) тўйи бузилмаслиги учун шантажчиларга 800 доллар берганини айтади.

Озодлик мухбири билан Facebook орқали суҳбатлашган “Зилола” ўз қўл телефонидаги интим суратлар қандайдир йўл билан “Дурдона” исмли қиз қўлига тушиб қолгани ва “Дурдона” бу расмлардан шантаж учун фойдаланганини иддао қилади:

- Ўтган йили тўйим бўлишига уч кун қолганда "Дурдона" менга однодан (Однокласники.ру ижтимоий тармоғи-таҳр.) чиқиб, қўлида мени обрўсизлантириб¸ тўйни бекор қилишга кучи етадиган фотолар борлигини айтди. Бир иккитасини личкамга ташлади. Бу расмларда эски севгили йигитим билан тушган пайтим акс этган эди. Унақа уят расм деб ўйламанг. Оддий қўл ушлашиб ëки қучоқлашиб юрган расмларим. Дурдона мендан бу расмлар учун минг доллар талаб қилди. Охири 800га рози бўлди¸- дейди "Зилола".

Унинг иддао қилишича, тўйдан икки ой ўтиб “шантажчи” яна пайдо бўлиб, яна пул талаб қилган:

- Пулим йўқ эди. Тўйдан қарзимиз бор эди. Хуллас, бу расмлар қайниларим қўлига тушди ва турмушим бузилди¸- дейди Зилола.

Чилангарнинг порно сурати

Порно расмлар билан шантаж қилиш хориждаги ўзбеклар орасида ҳам тарқалган “Одноклассники”, “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Whatsapp”, “В контакте” “Telegram” каби ижтимоий тармоқларда реал кишилар номидан сохта саҳифалар очиш ва уларни шантаж қилиш ҳоллари ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда.

Сўнгги пайтларда “Whatsapp” тармоғида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг стюардессаси дея ишонилган аëлнинг яланғоч суратлари тарқалди.

Ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассисларга кўра¸ беҳаë расмлар воситасида ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида кенг тарқалган.

Жанубий Кореядаги автомобиль заводида чилангар бўлиб ишлайдиган 35 яшар Муродали исмли йигит ана шундай шантаж қурбони бўлдим, дея ўтган йили ўз ташвишини Озодликка билдирган эди.

Унга кўра¸ Кореядаги ўзбек йигитлар унинг номидан фойдаланиб ва фотосуратларини порно тарзида монтаж қилиб, “Одноклассники” саҳифасига қўйишган.

Бу порно саҳифани ижтимоий тармоқдан олиб ташлаш учун Муродалидан 60 минг вон (50 АҚШ доллари атрофида) пул талаб қилинган.

Бу пулни бермаганидан кейин Муродалига қарши янги порнорасмлар туркуми сайтга қўйилган.

“Одноклассники” тармоғидаги монтаж қилингани шундоқ билиниб турган бу расмларда Муродали қизлар билан ноанъанавий тарзда жинсий алоқа қилаëтган ва жамият тарафидан уят, дея билинган бошқа тарзларда акс этган.

Муродалининг айтишича¸ Кореядаги ўзбеклардан ташкил топган гуруҳ шантаж йўли билан ўзбек мигрантларидан пул ундирмоқда:

- Битта мен эмасман. Мен билган бир неча йигит шунақа шантажга нишон бўлди. Бу йигитлар қизлар номидан саҳифа очиб, улар билан дўст бўлган. Бу йигитларнинг шаҳвоний мазмундаги ëзишмалари ҳам фош қилинмоқда. Улар бу ëзишмаларни олдин йигитнинг ўзига юборишади. "Секс мавзусидаги ëзишмаларинг бизнинг қўлимизда¸ шунча пул бермасанг, Youtubeга қўйворамиз," деб қўрқитишади. Қанча йигитлар¸ "оилам барбод бўлмасин", деб пул бериб қутулди¸- деган эди Муродали.

Муродали айтган ҳолатни Озодликнинг Кореядаги бошқа манбалари ҳам тасдиқлади.

Беш йилдан бери Кореядаги бўëқ фабрикасида ишлайдиган ва ўзини "Азамат" деб таништирган хоразмлик йигитнинг айтишича¸ икки йил олдин Кореядаги ўзбеклар ижтимоиий тармоқларда йигит-қизларни шантаж қилиб, пулини олиш билан шуғулланиб юрган ўзбек аëлини ушлаб, полицияга топширишган.

Унга кўра¸ Кореядаги баъзи ўзбеклар бировларнинг фотосуратларидан фойдаланиб, саҳифа очиш, ҳаёсиз фотомонтажларни амалга ошириш, ўзбекларда урф бўлмаган ҳақоратли гап-сўзларни ишлатиш, мулоқот чоғида эса бир-бирини уят гап билан сўкиб, беҳаё фотосуратлар, видеороликларни тарқатиш билан кунора шуғулланишмоқда.

Озодликнинг “Ëш тўлқин” лойиҳаси муҳаррири¸ ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиевнинг айтишича¸ беҳаë расмлар воситасида ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида кенг кўлам касб қилган:

- Биринчидан, “Одноклассники” Ўзбекистонда кенг тарқалган. Иккинчидан, бу тармоқни бузиб кириш осон. Учинчидан, профилларнинг аксари "очилдастурхон" бўлиб турибди. Бу профилларга сизни дўстларингиз сафида бўлмаганлар ҳам кириб, расмларингиздан бемалол фойдаланиши мумкин¸- дейди Тўлқин Умаралиев.

Иштонсиз юлдузлар

Ўзбекистонлик таниқли артистлар Абдуҳошим Исмоилов¸ Феруза Жуманиëзова¸ Муниса Ризаева¸ Зилола Мусаеваларга нисбат берилган порносурат ва видеотасвирларни ижтимоий тармоқларда кўриш мумкин. 2009 йили Ўзбекистондаги минглаб одамлар қўлидаги мобил телефонларининг жажжи ойначаларида режиссёр Баҳром Ëқубов ва у олган фильмларда бош рол ижрочиси Диана Ягофаровага нисбат берилган ишқий саҳналар жилваланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG