Линклар

Ўқитувчилар пахта учун 800 минг сўм беришга мажбурланмоқда


Зангиоталик ўқитувчилардан йиғилган пулга теримчи-мардикор ёллаш режалаштирилгани айтилаяпти.

Зангиоталик ўқитувчилардан йиғилган пулга теримчи-мардикор ёллаш режалаштирилгани айтилаяпти.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги мактаблар ўқитувчиларидан мажбурий равишда пахта учун 800 минг сўмдан пул олинмоқда. Бу пулга ўқитувчи ўрнига мардикор-теримчи ёлланиши айтилган. Зангиоталик ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, айрим ўқитувчилар мардикор ёллашга пул топиш учун мардикорлик қиляпти.

Пахта учун 800 минг сўм

Зангиотадаги 62-сонли мактабнинг Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўқитувчиларининг айтишича, мактаб ходимлари пахта йиғим-терими учун 800 минг сўм пул беришга мажбурланмоқда:

“800 минг сўмдан йиғишаяпти. Ҳозир ким қанча топса, ўшанча пулни бераяпти. Кимдир 200 минг, биров 300 минг сўм. Қолган пулни ҳам тезроқ беринглар дейишаяпти. Яқинда ойлик оламиз. Аванс беришади. Ўшанда қолган пулларни ҳам беришимиз айтилди”, дейди Озодлик билан суҳбатда 62-мактабнинг ўқитувчиларидан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

“Мардикор ёллаш учун ўқитувчи мардикорлик қилаяпти”

Зангиоталик ўқитувчига кўра, мактаб раҳбарияти йиғилган пулга ўқитувчилар ўрнига пахта териш учун мардикор ёлланишини айтишган.

Бошқа бир ўқитувчига кўра, ҳозирда ойлиги кам бўлган ҳамкасблари пахтага пул бериш учун пул топиш мақсадида мардикорлик қилишга мажбур бўлмоқда:

“Ишхонамизда энг кўп ойлик 1 миллион 300 минг сўмни ташкил қилади. Энг кам ойлик 300 минг сўм. Ойлиги кўплар бир амаллаяпти. Лекин ҳаммамиз ойликка қараб қолганмиз. Ойлиги кўп ўқитувчининг ҳам ойлигидан фақат ўзига 500 минг сўм қолаяпти. Ўзбекистон шароитида бу пулга яшаб бўладими? Энди ойлиги камларнинг аҳволини қаранг. Ўзи ойлиги 300 ёки 500 минг сўм бўлса, яна пахтага 800 минг сўм берасан, деяпти. Ҳозир кимдир уйида дарсдан сўнг кўшимча дарс бераяпти. Яна кимдир бозорга чиқаяпти. Ҳатто ўзи мактабдан сўнг мардикорлик қилиб, ёлланма-теримчи учун пул йиғаётганлар ҳам бор”, деди исмини очиқламасликни сўраган зангиоталик ўқитувчи.

Ўқитувчиларнинг айтишича, улар пахта терими учун ўрниларига одам ёллаш ҳақидаги ҳужжатни имзолашга ҳам мажбурланганлар:

“Директоримиз биздан мажбурлаб билдирги ёздириб олди. “Менинг ёш болам борлиги (оилавий шароитим, болаларим ёлғизлиги ва ҳакозо) сабабли ўрнимга ёлланма ишчи юборишингизни илтимос қиламан”, деб ёзишга мажбурлашди. Биз ўқитувчилар 10 кун ёки 2 ҳафтадан навбат билан алмашиб борайлик десак, директоримиз рози бўлмаяпти. Ҳамма бараварига пул бериши керакмиш. Биз пул бериш ўрнига бориб, пахта теришга розимиз. Лекин рози бўлишмаяпти”, деди зангиоталик ўқитувчи.

“Бир кунлик пахтага ҳам боришимиз шарт”

Зангиоталик ўқитувчиларнинг айтишича, улар ёлланма теримчи учун пул берганларидан ташқари ўзлари ҳам 1 кунлик пахта теримига боришлари шартлиги таъкидланган:

“Бир ойда 4-5 марта бир кунлик пахтага боришимиз шарт экан. 10 кишидан иборат гуруҳ тузилиб, ўқитувчилар навбати билан бир кунлик пахтага боришади. Ўқитувчи пахтага кетган куни дарси ҳам қолиб кетади. Лекин ҳозир дарс билан кимнинг нима иши бор. Биринчи навбатда пахта турибди”, дейишди зангиоталик ўқитувчилар.

Инкор ва тасдиқ

Озодлик мухбири Зангиота туманидаги 62-сонли мактаб директори Жамолиддин Ниёзов билан телефон орқали боғланганида, дастлаб у ўқитувчиларнинг шикоятини инкор қилишга уринди. Бироқ суҳбат давомида жаноб Ниёзов ўқитувчиларнинг айрим иддаоларини тасдиқлади.

Қуйида Ниёзов билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Зангиотадан олинган маълумотга кўра, 62-сонли мактабдаги пахта билан боғлиқ вазият туманннинг бошқа мактабларида ҳам кузатилмоқда. Айрим мактаблар ўқитувчи ўрнига теримчи ёллаш учун 800 минг сўмдан йиғаяпти. Айримларида эса ўқитувчилар ойлик маошининг 60 фоизи ушлаб қолинаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG