Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:45

Ўзбек тўйларида келин-куёв вальсини тақиқлашмоқчи


Тошкентдаги 140 дан зиёд тўйхоналардан бири
Тошкентдаги 140 дан зиёд тўйхоналардан бири

Ўзбекистондаги тўйларда келин-куëвнинг вальс рақсига тушиши ва тўйхона тўридаги экранда муҳаббат ҳикояси деб аталган слайд-шоу намойиш қилиш ғарб оммавий маданиятининг унсури сифатида қораланмоқда. Расмийлар вальс ва слайд-шоуларни тўхтатишни тавсия қилаяпти. Масжидлардаги жума хутбаларида эса имом- хатиблар вальснинг ножоизлиги ҳақида ваъз қилаяпти.

Тўй базмларини ўтказадиган Тошкентдаги ширкатнинг ўзини Низомиддин деб таништирган вакилининг айтишича¸ республика маънавият ва маърифат марказидан қўнғироқ қилиб, вальс ва суратлар намойишини тўхтатиш тавсия қилинган:

- Олдин телефон қилишди¸ кейин мажлисга чақириб тушунтиришди. “Lоve story” (Слайд-шоу) ва келин –куëвларнинг вальс тушиши менталитетимизга тўғри келмаслигини тушунтиришди. Бизни ширкатда келин-куëвларга вальс ўргатадиган курслар бор. Очиқ тақиқ бўлмади¸ тавсия қилишди¸ дейди тўй базми ўтказадиган ширкат эгаси.

Суҳбатдошга кўра¸ ҳар эҳтимолга қарши тўй сценарийлари тузилаëтганда вальс ва суратлар намойишини дастурга киритилмаяпти.

Вальс ëмонлиги тушунтирилди

Республика маънавият ва маърифат марказидаги Озодлик манбасига кўра¸ Тошкент шаҳридаги 470 дан ортиқ маҳаллалардаги 140 дан зиёд тўйхона вакиллари билан “тўйларни ғарб оммавий маданияти”дан холи қилиш борасида суҳбатлар ўтказилган.

Бундан олдин “Оила даврасида” газетасида вальс ва слайд-шоу намойиши қораланган мақола чоп қилинган эди.

Мақола муаллифи Дилфуза Тиллаеванинг ëзишича¸ тўйларда вальс тушиш ва бир-бирини қучоқлаган келин-куëв суратларининг катта экранда намойиш қилиниши ўзбек зеҳниятига зиддир.

Озодликнинг Тошкент вилоят хотин-қизлар қўмитасидаги манбасига кўра¸ ўтган ҳафтада вилоят хотин-қизлар қўмитаси “Маҳалла” хайрия жамғармаси вилоят бўлими, “Камолот” ЁИҲ ва соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тўй-маъракаларни тартибли ўтказиш ва тўйларда ғарб оммавий маданияти асоратларининг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиққан:

- Бугунги тўйларда маросим айни авжига чиққанида, келин-куёв ҳамманинг кўз ўнгида вальс тушиши одатга айланди. Бу биринчидан маданиятимизга ëт¸ иккинчидан ортиқча ҳаражат. Бўлажак келин-куёв камида бир ҳафта вальс курсларига қатнаши керак. Курсларга эса куёв пул тўлайди. Шу боис биз тўйхона эгалари ва тўй қилиш режасида бўлганлар билан суҳбат ўтказиб турибмиз, дейди Озодлик манбаси.

Имом-ҳатиблар вальсга қарши

Тўйларда вальсга тушишни масжид имомлари ҳам қораламоқда. Тошкент шаҳридаги “Мирзо Юсуф” жомеъ масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов маҳаллий матбуотда мақола билан чиқиб тўйлардаги вальс рақсларини қоралади.

“Айрим келин-куёвлар юзлаб одамлар қаршисида "бўса" олишдан тап тортишмайди. Катталар эса, ҳозир бу "мода" дея баҳолашади. "Вальс"сиз ўтмаган тўйлар ҳам қолмади ҳисоб. Яқинда тўй ҳақида фикрларини билдирган танишимнинг гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Тўйхонага келинни ҳар томондан ўраб олган йигитлар, куёвни эса қизлар олиб киришди, дейди у. Бошқа бир тўйда ясанган келинни каттакон "коробка"да кўтариб келганларидан хуноби ошганини яширмади. Ачинарлиси, қайсидир тўйда бошланган бундай "урф"лар ҳам оммалашиб кетмаслигига кафолат йўқ.

Аслида, бу каби муаммоларнинг кўпайиши сабабини ўзлигимиз ва миллий урф-одатларимиздан узоқлашаётганимиз, дабдабабозлик ортидан қувиб бораётанимиз билан изоҳлаш мумкин. Наҳотки, масалага қалб кўзини очиб қараш ва қадриятларимизга хос ёндашиш ўз қўлимиздан келмаса” деб таъкидланади имом хатиб мақоласида.

Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарларидаги жума ҳутбаларида “келин-куёвнинг вальс тушиши миллий тўйларимизга ярашяптими” деган мавзуда панд насиҳатлар қилинаëтгани кузатилмоқда.

Тўйни тартибга солиш учун самарасиз уринишлар

Ўзбекистон ҳукуматининг тўй ва маъракаларни тартибга солиш уринишлари бошланганига 15 йилча бўлиб қолди. Аммо бу уринишлар амалда иш бермаëтгани тасдиғи сифатида¸ тўйларни тартибга солиш бўйича қарор устига қарор қабул қилинаëтир.

Ўзбекистон президентининг 1998 йил 28 октябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида¸ бирда кучайиб бирда сусайиб¸ кун тартибидан тушмай келаëтир.

Тошкент ҳокимининг 2012 йил “Тошкент шаҳридаги тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 732-сонли қарори ҳам қоғозда қолаëтгани айтилади.

XS
SM
MD
LG