Линклар

Хадича Исмоилова: “Қамалишим мумкин, лекин енгилмайман”


 Хадича Исмоилова.

Хадича Исмоилова.

Таниқли озарбайжонлик журналист Хадича Исмоилова суддаги сўнгги сўзи давомида унга қарши қўйилган иқтисодий жиноят айбловлари журналистнинг руҳини тушира олмаганини айтди.

Исмоилова ўзига қўйилган айбловларни сиёсий мотивларга асосланган дея баҳолайди. Журналист 31 август куни судни уни қамаш ва юқори лавозимли мулозимларнинг коррупцион ҳаракатларини фош этувчи журналистик суриштирувларига чек қўйиш мақсадида унга қарши айбловлар ўйлаб топишда айблади.

Исмоилова сўнгги сўз учун тайёрлаган нутқида “Қамалишим мумкин, лекин бу иш давом этади”, дея ёзган. Бу нутқнинг нусхаси Озодликка етиб келди. Суд Исмоилова сўнгги сўзини ўқиётганида уни тўхтатиб қўйди.

Ўтган ҳафтада давлат айбловчиси судьядан Исмоилова тўққиз йил қамоқ жазосига ҳукм қилинишини сўради. Бунинг кетидан чиқиш қилган журналист ўзи ва у билан ҳамфикр журналистлар “коррупция ва қонунсизликни фош қилишини” ва улар қилаётган иш “ўта муҳим” эканлигини айтди.

“Биз ёздик, одамларга хабар бердик, ҳатто бунинг эвазига қамалган ва товламачилик қурбонига айланган бўлсак-да. ... Вазифамни бажарганимдан ҳалиям бахтиёрман”, деди Исмоилова.

Исмоилова қаламига мансуб ва Озодлик радиосининг Озарбайжон хизмати томонидан чоп этилган ҳисоботлар орасида 2012 йил ёзилган ва даромадли олтин конини бойитиш ҳуқуқи президент Илҳом Алиев оила аъзоларига берилгани фош қилинган ҳисобот бор. Журналист 2014 йилда ёзган ҳисоботида эса, президентнинг икки қизи мамлакатнинг энг йирик мобиль оператори бўлмиш Azercell ширкатига алоқадор эканлигини кўрсатиб берди.

Журналистлик фаолияти учун бир неча халқаро мукофотга сазовор бўлган Исмоилова суд унинг ишини тез суратда кўриб чиққани ва суд натижаси олдиндан аён бўлгани, суд жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтди.

Журналистнинг айтишича, суд жараёнида айбловчи тараф тақдим этган далил-исботлар “ёки куч ишлатиб, ёки имзо чеккан одамлар ёзилган даъволарни ўқиб чиқмасдан қўл қўйган” гувоҳликлардан иборат эканлигини хулоса қилиш мумкин.

Суд давомида Исмоилова “Гувоҳларнинг бирига пора таклиф қилишган. Уят! Қандай мамлакат бу ўзи?”, деган.

Исмоилова суддаги сўнгги сўзида ўзига қўйилган айбловлар уйдирма эканлигини яна бир бор таъкидлади. Журналист суриштирувлари давомида фош қилмоқчи бўлган солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ноқонуний тадбиркорлик ва ўз ваколатини суиистеъмол қилиш каби айбловлар унинг ўзига қўйилганини айтди.

“Президент оиласи ўғирлаб, оффшор ҳисобларда яширган пулларни, уларнинг ҳукумат битимларини оффшор ширкат ва гуруҳлар ёрдамида суиистеъмол қилгани, солиқ тўлашдан бош тортганини ўрганиб чиққан одамни айблаш жуда кулгили”, деди Исмоилова судьяга.

Журналист “15 ёки 25 йил қамоқ жазоси берилса ҳам енгилмайман”, дея онт ичди.

39 ёшли Исмоилова Алиев ҳукумати босимига учраб келаётган бир неча фаол, журналист ва ҳукумат танқидчиларининг биридир.

Ўтган йилнинг декабрида қўлга олинган Исмоилова АҚШ ва бошқа ғарб мамлакатларининг журналистни озод қилиш чақирувларига қарамасдан қамоқхонада ушлаб келинади. Amnesty International Исмоиловани “виждон тутқуни” деб атайди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса Исмоиловага қўйилган айбловларни унинг журналистик суриштирувлари учун ўч ўлароқ таърифлайди.

Исмоилова устидан 7 августда бошланган судга айрим элчихона вакиллари киритилди холос. Мустақил журналист ва фаоллар маҳкамага киритилмади.

XS
SM
MD
LG