Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

Милиция ходимлари калтаклаган талаба иши кўриб чиқилмоқда


Тожикистон милицияси соқолли талабанинг бир неча милиция ходими томонидан қаттиқ калтакланиб, кома ҳолатига тушиб қолгани ҳақидаги даъволарни кўриб чиқмоқда.

Умар Бобожоновнинг оила аъзолари ва дўстлари 23 ёшдаги талаба ўзининг узун соқоли сабаб калтакланганини иддао қилмоқдалар. Россияда таҳсил олаётган Бобожонов таътилга чиқиб, ўз шаҳри Ваҳдатда қайтган бўлган.

Воқеа 28 август куни пойтахт Душанбе яқинида жойлашган Ваҳдат шаҳрида содир бўлган. Ҳужум оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги 1 сентябрь куни бу воқеа юзасидан махсус тергов ўтказилишини эълон қилди.

Ички ишлар вазири ўринбосари ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг аксилтеррор бўлими етакчиси Ваҳдат туман шифохонасининг реанимация бўлимида даволанаётган Бобожоновдан хабар олди.

Тожикистонда соқолли ёшларнинг милиция томонидан сўроқ қилиниши кўп кузатилади. Мамлакатнинг дунёвий расмийлари диний экстремизмдан дарак бериши мумкин бўлган ҳар қандай белгига тоқатсизлик билан қарайди.

Тожик расмийлари тез-тез соқолли кишиларни тўплаб, уларни ўз соқолларини олиб ташлашга мажбурлайди ёки йирик миқдорда жарима солади.

Бобожоновнинг калтакланиши Ваҳдатда катта норозиликка сабаб бўлди. Ўнлаб киши шифохона олдига тўпланиб, айбдорлар қўлга олинишини талаб қилди.

Бобожоновнинг отаси Маҳмадсаид Бобожонов: “Бу шафқатсиз ҳужум натижасида ўғлим ногирон бўлиб қолди. Ҳеч бир гуноҳи йўқ одамга фақат соқоли сабаб ҳужум қилинадими?”, деди.

Маҳмадсаид Бобожоновнинг айтишича, унинг ўғли Санкт-Петербургда жойлашган олийгоҳнинг талабаси бўлиб, ёзги таътил учун Ваҳдатга қайтган бўлган.

Воқеага гувоҳ бўлган Зоҳиржон Соҳибов кўздан кечирганларини сўзлаб берди: “Биз Ваҳдат паркида кетаётган эдик. Бирданига уч милиция машинаси келиб, улардан 6-7 милиция ходими тушди ва мен билан дўстим Умар Бобожоновни милиция бўлимига олиб кетди”.

Соҳибовнинг айтишича, милиция ходимлари Бобожонов ҳушини йўқотгунча боши ва кўкрагига бир неча марта уриб-тепишган.

Ваҳдат шифохонаси докторлари Озодлик билан суҳбатда Бобожоновнинг аҳволи оғир эканлигини айтишди.

Расмийларнинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча тиббий мутахассис, жумладан, тажрибали неврологларни Ваҳдатга юборган.

Асосан мусулмонлар яшайдиган Тожикистонда расмийлар фуқароларнинг диний ҳаётини қатъий назорат қилиб туради.

Мактаб ва офисларда ҳижоб ман қилинган. Август ойида эса расмийлар Душанбедаги исломий кийим-бош сотадиган хусусий дўконларни ёпишди.

28 август куни Тожикистон Адлия вазирлиги Ислом Уйғониш партиясини тақиқлаш тўғрисида қарор чиқариб, собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида рўйхатга олинган ягона исломий партияга 10 кун муҳлат ичида барча фаолиятини тўхтатишни буюрди.

XS
SM
MD
LG