Линклар

logo-print

Эътиборингизга Марказий Осиё бўйича мутахассиснинг мақоласини тақдим этаяпмиз. Ушбу мақолада Озодлик радиосининг инглиз хизматидаги “Қишлоқ овози” рукнига ҳисса қўшиб келаётган Мэттью Купфер 2010 йилги Ўш воқеасидан кейин АҚШ собиқ ташқи ишлар вазири Хиллари Клинтонга юборилган ва яқинда ошкор қилинган мактуб ҳақида сўз юритади.

АҚШ Федерал тергов бюроси собиқ ташқи ишлар вазири Хиллари Клинтоннинг расмий давлат ишлари учун ўз шахсий электрон почтасидан фойдаланганини кўриб чиқмоқда. Клинтоннинг бу ҳаракати Ташқи ишлар вазирлигининг рўйхат юритиш қоидаларига зид бўлиши мумкин. Тергов давомида оммага эълон қилинган хатлар орасида Клинтонга Қирғизистонда 2010 йил содир бўлган инқилоб ва миллатлараро низо юзасидан ёзилган мактуб ҳам бор. Хатда бу ҳодисаларнинг қизиқ, кўп савол туғдирадиган ҳикояси берилган.

2010 йилнинг апрелида намойишчилар Бишкекда Қирғизистоннинг авторитар ва коррупцион президенти Қурмонбек Бакиев ҳукуматини ағдарди, ҳокимият тепасига Роза Ўтунбаева етакчилигидаги муваққат ҳукумат келди.

Орадан икки ой ўтиб, Ўш шаҳрида этник ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида рўй берган тўқнашувлар Қирғизистон жанубида миллатлараро зўравонликка айланиб кетиб, тўрт кун давом этди. 470 дан ошиқ одам умрига зомин бўлиб, 100 мингдан кўп одамни бошпанасиз қолдирган қирғин чоғида асосан этник ўзбеклар жабр кўрди. 2010 йилнинг апрель-июнь ойларида содир бўлган воқеалар АҚШ Қирғизистонга катта қизиқиш кўрсатаётган бир пайтда содир бўлди. Ўша пайтда мамлакатда Пентагон Афғонистонга ҳарбийлар ва ҳарбий техника етказиб бериш мақсадида очган авиабаза бор эди.

2010 йилдан бери Ўрта Осиёни кузатиб борувчи мутахассислар миллатлараро конфликтнинг бир неча жиҳатини муҳокама қилиб келадилар: зўравонликнинг қанчалик даражада режалаштирилган ёки ташкил этилгани, воқеада ағдарилган президент Бакиевнинг роли ҳамда уюштирилган жиноий гуруҳларнинг тартибсизликларда иштирок этган-этмагани. Айрим олимлар, жумладан, Эрик МакГлинчей ва Эрика Марат мос равишда муваққат ҳукуматнинг қарорлари ва Қирғизистон хавфсизлик кучларининг маданияти Қирғизистон жанубида тартибсизликлар келиб чиқишида роль ўйнаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қарашларни илгари суриб келадилар. Зўравонликнинг муҳим жиҳатлари номаълумлигича, бўлиб ўтган ҳодисалар бўйича қарама-қарши қарашлар мавжудлигича қолмоқда.

Клинтонга 17 июнь куни юборилган “Қирғизистондаги кризис, ҳисобот ва тавсиялар” деб номланувчи электрон хат ёрдамида ташқи ишлар вазири зўравонлик бошланганидан кейинги кунларда қандай маълумотлар олгани билан танишишимиз мумкин. Хатда Клинтоннинг яқин дўсти Сидни Блументаль унга ҳуқуқшунос ва журналист Скотт Ҳортон қаламига мансуб ҳисоботни юборганини кўриш мумкин. Ҳортон ўша пайтда Ўрта Осиёдаги Америка университети ходими бўлган ва Қирғизистон муваққат ҳукумати билан бир неча марта учрашган бўлган.

Ҳортон ўз ҳисоботида АҚШ ҳукумати учун жуда кўп тавсия ёзган. Ҳисоботда муаллиф муваққат ҳукуматни лаёқатсиз, бирикмаган ва зўравонликни тўхтатишга ожиз дея таърифлайди. Ҳортон яна тартибсизликларни Бакиев тузуми келтириб чиқарганига шама қилади.

“Демагогик муносабат”

“[Муваққат ҳукумат] индивидуал феодлар тўдасидек фаолият юритади. Етакчилар лавозимларга кимни тайинлаш юзасидан тинимсиз жанжаллашади. Узоқ йиллардан бери давлат идораларида ишлаб келаётганлар уларга дўқ-пўписа қилишаётганини, пул ундирашаётганини айтмоқдалар”, дейилади Ҳортон хатида. “Уч кун давомида кўп вақтимни ҳозирги ҳукумат қароргоҳида ўтказдим… ва менда муҳим ҳукумат ишчилари – баъзан баланд овозда – бир-бири билан примитив равишда тортишганини, таҳдид солганини, таҳдидларга жавоб қайтарганини тўғридан-тўғри кузатиш имкони бўлди”.

Ҳортон президент Ўтунбаевани “ҳамма нарсани ушлаб турувчи елим” ва барча томонлар ҳурматига сазовор бўлган ягона расмий деб таърифлайди. Ҳортон бошқа расмийлар мамлакатни барқарорлаштиришдан кўра ўзларининг парламент кампанияларини бошлаш билан кўпроқ банд бўлишганини кузатган.

Хусусан, Ҳортон ўша пайтда муваққат ҳукуматнинг бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган уришқоқ Азимбек Бекназаровни “қизиққон, калтафаҳм, келажакда ҳар қандай муҳокамада ишониб бўлмайдиган ҳамкор”, дея таърифлайди. Ҳортон мактубида Бекназаров Пентагоннинг Манас транзит марказига “демагогик муносабат” билан ёндашади, дейилади. Хатда Бекназаров марказни ёпишга чақиргани билан аслида у ушбу масалани ўзининг парламент сайловлари кампаниясининг асосий мавзусига айлантириш ва база баҳонасида америкаликлардан кўпроқ пул ва бошқа нарсаларни ундириш ниятида эканлиги ёзилган.

Ҳортон хатида Қирғизистоннинг ҳозирги президенти Алмазбек Атамбаев “ҳам бир оз демагогик импульсларга эга, аммо бошқаларникига солиштириганда унинг ниятлари нисбатан мўътадил” дейилади. Муаллиф Ўтунбаева Манас базаси бўйича оқилона қарашларга эга, деб таъкидлайди. (Ўтган йили Қирғизистон ҳукумати Вашингтоннинг транзит маркази ижарасини узайтириш талабини рад этганидан кейин Манасдаги марказ ёпилди.)

Ҳортон хатида яна муваққат ҳукумат президент ваколатларини озайтириб, парламент ролини оширувчи янги конституцияни таклиф қилар экан, қўшни Қозоғистон қаршилигига учрагани ёзилган. Хатда таъкидланишича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Бишкекни президент ваколатларини чекламасликка чақириб очиқчасига таҳдид солган ва иқтисодий жиҳатдан муҳим бўлган Қирғизистон-Қозоғистон чегараси фаолиятини чеклаган. Қирғизистондаги инқилобдан кейин бу чегара Қозоғистон томонидан бутунлай ёпилган эди.

Миллий низо бошланишидан аввал мамлакатдан кетган бўлса-да, Ҳортон муваққат ҳукумат ағдарилган президент Бакиев ва унинг яқинлари ўзлари учун сиёсий таянч ҳисобланган жанубда тартибсизлик келтириб чиқаришлари мумкинлигини билишганини, аммо Ўтунбаева ҳукумати миллатлараро низога тайёр бўлмаганини ёзган.

Ҳортон зўравонликларга собиқ президентга яқин бўлган милиция ва армия етакчилари бош бўлган, деган фикрни илгари сурган (хавфсизлик хизматларининг ўз вазифаларини бажара олмагани ва ваколатларини суиистеъмол қилгани тартибсизликлар тугаганидан кейин Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия ёзган мустақил ҳисоботда исботлаб берилди). “Зўравонликдан фойда кўрадиган ягона одам Бакиев бўлган”, дея хулоса қилади Ҳортон. “[Бакиевнинг] ниятлари [режалаштирилган конституцион] референдумни издан чиқариш, муваққат ҳукуматнинг ожизлигини кўрсатиш ва уни президент сифатида қайта тиклаб, қаттиққўл марказий ҳукумат тузиш талабларини оловлатиш бўлган”.

Ҳортон яна тартибсизликларда жиноий гуруҳлар ҳамда гиёҳванд модда сотувчи тўдалар иштирок этган бўлиши, уларни сиёсий ўйинчилар молиялаштирган бўлиши мумкинлигини ёзган, аммо бу маълумотни қаердан олганини очиқламаган.

Муҳим саволлар

Ҳортон жанубдаги бўҳронни ҳал қилиш учун Қирғизистондаги ҳам ҳудудий, ҳам миллий ҳукуматни демократизация қилиш ва АҚШ ҳамда Россия ўртасидаги ҳамкорликни ошириб, икки мамлакат қўллови билан халқаро гуманитар ташаббус таъсис қилиш кераклигини ёзган. Муаллифнинг ёзишича, бундай ечим конфликт жойидаги фуқаролар чиқиб кетишига йўл очиб беришни, ишончли халқаро ташкилот қўллови билан бўлиб ўтган воқеаларни мустақил ўрганиб чиқишни ва халқаро ташкилотлар назоратида сайловлар ўтказишни кўзлаши керак бўлган.

Гуманитар ташаббуснинг айрим жиҳатлари кейинчалик амалга оширилган бўлса-да, Ҳортоннинг хати АҚШ сиёсатига таъсир қилган-қилмагани номаълум. Аммо Клинтон ўз ёрдамчиси Лоурен Жилотига Ҳортон хатининг уч нусхасини чоп этишни буюриб мактуб юборган.

Ҳортоннинг ҳисоботи Қирғизистон муваққат ҳукумати ичидаги тангликларни қизиқарли қилиб таърифлаб беради. Аммо унинг ҳисоботи 2010 йилги зўравонлик бўйича айрим саволларни туғдиради. Ҳортон тартибсизликлар бошланишидан аввал мамлакатдан чиқиб кетганини ҳисобга олиб, унинг юқори лавозимли қирғиз танишларидан олган маълумотларга таянганини хулоса қилиш мумкин. Унинг ҳикояси муваққат ҳукумат версиясига жуда яқин: Ўтунбаева ҳукуматига кўра, зўравонлик шак-шубҳасиз Бакиев ва унинг яқинлари “провокацияси” бўлган. Бу иддао бемаъни эмас, аммо унинг қанчалик даражада ҳақиқатга яқинлиги номаълум. Ташқи ишлар вазири Клинтон бошқача қарашлар билан, масалан, мен Ўшдаги зўравонликка гувоҳ сифатида эшитган ҳикоялар билан қанчалик даражада танишиб чиққан? Клинтон қанчалик даражада тартибсизликларга ўз таъсирини кўрсатган бошқа омиллар – ошиб бораётган қирғиз миллатчилиги, ҳудудчилик, миллатлар ўртасидаги иқтисодий рақобат, иккала гуруҳ қўл ургани иддао қилинган ваҳшийликлар ҳақидаги провокацион миш-мишлар – ҳақида маълумот олган?

Клинтонга хат юборганидан уч кун ўтиб Ҳортон 1997-2005 йилларда Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган Бақтибек Абдрисаев билан биргаликда CNN.comда мақола чоп этган. Мақолада икки муаллиф “систематик ва режалаштирилгани аниқ бўлган” зўравонликни Бакиев қўзғаган, бир-биридан ўч олишга ошиққан жиноий гуруҳлар ва гиёҳванд модда сотувчи тўдалар бўлса конфликтни кучайтириб юборган, деган фикрни илгари суришган. Яъни, уларга кўра, бўлиб ўтган воқеалар миллатлараро низо эмас, балки ташқи кучлар провокацияси бўлган. Ҳортон ва Абдрисаев яна ўз мақолаларида Ҳортон Клинтонга ёзган хатидаги тавсиясини – АҚШ ва Россия ҳамкорлигида гуманитар ташаббус тузиш кераклигини – такрорлашган.

Ҳортон адашган, деб ишонч билан айта олмайман. Аммо Клинтон – ўзининг Ташқи ишлар вазирлиги электрон ҳисоби орқали бўладими, шахсий электрон почтаси орқали бўладими – Ҳортоннинг ҳисоботидан бошқа ҳисоботларни ҳам олганига умид қиламан.

Мэттью Купфер

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG