Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:06

Ўзбек жангарисининг ўғли отаси изидан бориб ҳалок бўлди


16 ёшли ўзбек миллатига мансуб Умар отасининг изидан бориб ҳалок бўлди
16 ёшли ўзбек миллатига мансуб Умар отасининг изидан бориб ҳалок бўлди

“Исломий давлат” жангари гуруҳининг ёш болалар ва ўсмирларни ёллаб, жангга тайёрлаб, кейин улардан ўз мақсадларида фойдаланиши кўпчиликка маълум.

Болаларни эксплуатация қилиш Суриядаги бошқа “жиҳодчи” гуруҳлар, жумладан, хорижий жангари гуруҳлар қанотлари орасида ҳам кенг тарқалган. Бу гуруҳларнинг айримлари Суриядаги ўсмирларни ёллаб келади.

Камида икки нафар рус тилида сўзлашувчи жангарилар етакчисининг фарзанди жангларда иштирок этишга ундалгани маълум.

16 ёшли ўзбек миллатига мансуб Умар отасининг изидан бориб ҳалок бўлди. Бу ўсмир август ойи охирида отаси Салоҳиддин билан Ҳалаб вилоятида Сурия ҳукумати кучлари билан жанг қилаётиб нобуд бўлган. Салоҳиддин "Имом Бухорий" катибаси исломий гуруҳига етакчилик қилиб келади.

"Имом Бухорий" катибаси 31 август куни эълон қилган видеода Салоҳиддин ўғли билан видолашаётгани акс этган. Видеода ўзбек жангарисининг фарзанди мурдаси устида энкайиб, уни “шаҳид”, “жиҳодчи” дея олқишлаётганини кўриш мумкин.

Ўзбек жангариси фарзанди ўлимини “шаҳидликларнинг” биттаси холос, деб таърифлайди.

“Бу ерда бутун дунёдан келган жуда кўп шаҳид бор. Шундай экан, бизнинг шаҳидларимиз уларнинг бир қисмини ташкил этади холос. Биз бундан нолимаймиз, Аллоҳга раҳмат айтамиз холос”, дейди Салоҳиддин.

Видеода Умарнинг ёши очиқланмаган. Шундай бўлса-да, Суриядаги чечен жангарилари у 16 ёшда бўлганини билдиришди.

Муваффақиятсиз ҳужум

Умар ўтган ойнинг охирида Ҳалаб вилоятида жойлашган ва ҳукумат бошқарувидаги Башкуй шаҳарчасини эгаллаб олиш учун Жабҳат ал-Нусра ва Аҳрор ал-Шом каби исломий гуруҳлар олиб борган муваффақиятсиз жангда ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Видеода дафн маросимидан аввал "Имом Бухорий" катибаси жангариларининг Башкуйда ҳужум қилаётгани акс этган лавҳалар келтирилган.

26 август куни – видео YouTubeга юкланишидан бир неча кун аввал – тарқатилган хабарларда Башкуйга қилинган ҳужум муваффақиятсиз якунлангани айтилган эди.

Бундан ташқари, "Имом Бухорий" катибаси юклаган видеода ғалаба ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Агар жангарилар Башкуйни босиб олганида, видеода бу тилга олинар эди.

Отасининг ўғли?

Салоҳиддин ҳақида маълумот оз. Ўзбек жангариси жуда кўп видеода кўринган бўлса-да, юзини хиралатиб, шахсиятини сир сақлаб келади.

Аммо Салоҳиддин Афғонистон толиблари орасида жуда кўп таниши бор обрўли “жиҳодчи” эканлигини сир тутмайди. Жангари Сурияга боришидан аввал Афғонистонда узоқ йиллар юргани айтилади. Сурияда бўлса у бир неча толиблар етакчиси билан, жумладан, Афғонистонда Ал-Қоида жангариларига бошпана бериши айтиладиган паштун қўмондони Сирожиддин Ҳаққоний билан танишган.

Салоҳиддин ва унинг гуруҳи ўтган йили толибларга байъат берган эди. Салоҳиддиннинг гуруҳи мунтазам тавишда Ал-Қоиданинг Суриядаги қаноти бўлмиш ал-Нусра билан бирга жанг қилади.

Салоҳиддин ўғлини жангга етаклаб ва уни “шаҳид” қилиш орқали, яъни, фарзанди ўз қарашлари учун ўлимга ҳам тайёр эканлигни кўрсатиш орқали “жиҳодчи” етакчи сифатида ўз обрўсини кўтаришга уринаётгани эҳтимолдан холи эмас.

Суриядаги исломий гуруҳлар, жумладан, рус тилида сўзлашувчи қанотлар жангарилари жиҳод йўлида ҳалок бўлган болаларни ва ўсмирларни кўкларга кўтаради.

Яна бошқа таниқли жангари Сайфуллоҳ Шишонийнинг (Руслан Мачаликашвили) икки ўғли Сурияда ҳарбий кийимда тушган суратлар мавжуд. Шишоний ўзи ўтган йили Ҳалабнинг марказий қамоқхонасига уюштирилган муваффақиятсиз ҳужум давомида ҳалок бўлган. Унинг кичик ўғли Юсуф ал-Нусра жангарилари билан бирга суратга тушган. Ҳозир тахминан 12 ёшда бўлган иккинчи ўғли бўлса “Исломий давлат”га қўшилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG