Линклар

Деярли барча суриялик қочқинлар бой Форс кўрфази мамлакатларида бошпана излашдан кўра ғарбга қараб қочаётганини пайқамасликнинг иложи йўқ.

Шу кунларда бутун дунёдаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бунинг сабаби нимада эканлигини муҳокама қилишмоқда.

Германия каби Европа мамлакатлари минглаб қочқинни қабул қилиб олаётган бир пайтда Форс кўрфази мамлакатлари деярли бирорта қочқинни ҳам киритмаганидан ғазабланганлар Twitterда араб тилидаги #Суриялик_қочқинларни_қабул_қилиш_Форс_кўрфазининг_мажбуриятидир хештеги билан ўз фикрларини изҳор қилмоқдалар.

Яқинда ёзилган бир хабарга чўкиб кетган қочқин сурати тиркалган бўлиб, сурат остига “Биз уларга ғарбдан кўра яқинроқ бўлишимиз керак бўлган бир пайтда ўлимдан қочиб Аллоҳнинг ерида сарсон-саргардон юриб, денгизларда чўкаётганлари шармандаликдир”, деб ёзилган.

#Халқ_қочқинлар_қабул_қилинишини_талаб_қилади арабча хештеги бўлса қочқинларни Форс кўрфази мамлакатларига қабул қилиб олиш учун давомли кампания ташкил қилишга чақирмоқда.

“Бу кампанияга бўлган муносабат умид бағишлайди. Талаб ва твитларингизни яширманг. Бу ерда сизнинг овозингиз энг баланд озвоздир”, дейилади яна бир хатда.

Европада ҳам Интернет фойдаланувчилари Форс кўрфази мамлакатларини ёрдам беришга чорламоқдалар. Даниядаги сурияликларнинг Facebook жамияти яқинда “Қандай қилиб биз учун улар “ғайридин” деб атовчи мамлакатдан кўра кўпроқ ғамхўрлик қилиши керак бўлган мусулмон биродарларимиз ҳудудидан қочдик?”, деб ёзди.

Суриядаги уруш ва қийинчиликлардан қочган тахминан 4 миллион кишининг катта қисми қўшни Туркия, Иордания ва Ливанга қочиб ўтган бўлиб, ҳозирги кунда лиқ тўла қочқин лагерларида яшамоқда.

Минглаб одам Европага боришга интилмоқда. Тўрт йилдан бери давом этаётган Сурия уруши шиддати сустлашмагани сабабли айниқса бу йил Европага йўл олган қочқинлар сони кўп бўлди. Уларни Европага бошпана ва қочқин статусини олиш ва, агар омадлари чопса, иш топиб ўз ҳаётларини қайта тиклаш имкони чорлайди.

Ижтимоий тармоқлар бой араб мамлакатлари ҳам қочқинларни қабул қилмаётгани юзасидан ғазабланар экан, вазият ўзгариши амримаҳол, чунки Форс кўрфази араб мамлакатлари нафақат сурияликларга, балки ҳеч кимга қочқин статусини беришни умуман истамайди.

Лондондаги Chatham House таҳлил марказининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастурининг еткачиси ўринбосари Жейн Киннинмонт “Айрим сурияликлар Форс кўрфазида, айниқса, Қатарда бошпана топди, аммо уларнинг барчаси бирор хил вақтинча виза билан қолади”, дейди. “Қочқинларнинг ҳуқуқлари бўйича ғарб мамлакатлари, аслини олганда дунёнинг аксар мамлакати имзолаган халқаро конвенцияларни Форз кўрфази мамлакатлари имзолагани йўқ”.

Киннинмонтнинг айтишича, бунинг сабаби Форз кўрфази мамлакатларида сиёсий жиҳатдан нотинч ва репрессив бўлган Покистон каби мамлакатлардан жуда кўп муҳожир борлигидир.“Уларни хавотирга солаётган нарса агар сиёсий бошпанани тан ола бошлашса, уларнинг кўп сонли вақтинча ишлашга келган муҳожирлари бир умрга қолиши мумкин. Бу бўлса жуда кўп мураккаб муаммоларни келтириб чиқаради”.

Саудия Арабистони ва Уммондан ташқари барча форз кўрфази мамлакатларида муҳожирлар сони маҳаллий аҳоли сонидан кўпдир. Ҳамма Форс кўрфази мамлакатлари ишчи кучининг асосий қисмини хорижликлар ташкил қилади. Уммонда бу кўрсаткич 88,5, Бирлашган Араб Амирликларида бўлса 99,5 фоизга тенг.

Аммо Форс кўрфази мамлакатлари сиёсий бошпана бўйича ўз позицияларини ўзгартирмаса ҳам, улар бошқа мамлакатлардаги суриялик қочқинлар тақдирига кўз юммоқда, десак адолатдан бўлмайди.

Киннинмонтнинг айтишича, Қувайт суриялик қочқинларга донорлик қилаётган энг йирик араб мамлакатидир. Халқаро миқёсда бўлса бу мамлакат АҚШ, Буюк Британия ва Германиядан кейин тўртинчи ўринда турибди. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам суриялик қочқинларга энг кўп ёрдам қилаётган ўнта халқаро донор сафига киради.

XS
SM
MD
LG