Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:38

“Исломий давлат” ўзбекистонлик шифокорларни ёллаяптими?


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) таҳлилчиси Хусан Маъмуровга кўра, “Исломий давлат” жангари гуруҳи ўзбекистонлик “мутахассисларни”, жумладан, шифокор ва муҳандисларни ёлламоқда.

Маҳаллий матбуот 4 сентябрь куни тарқатган хабарларда ёзилишича, Маъмуров жангари гуруҳ ёллаётган ўзбекларнинг асосий қисми жангчи эмаслигини айтган. Унга кўра, террорчи гуруҳ раҳбарияти ўзларига нормал давлат қуришларида ёрдам бера оладиган мутахассисларни, жумладан, шифокор, ўқитувчи, электрик, ҳатто ошпазларни ёллашга эътибор қаратмоқда.

12news.uz сайтида ёзилган хабарга кўра, Маъмуров жангари гуруҳ бундай шахсларга оилалари билан кўчиб боришлари учун 20-30 минг доллар таклиф қилаётганини айтган.

МХХ тахминича, ҳозирда ИШИД сафида 500-600 ўзбекистонлик жанг қилмоқда. “Аммо ИШИД бошқарувидаги ҳудудга кўчиб борган Ўзбекистон фуқаролари сони бўйича аниқ маълумотга эга эмасмиз”, деган Маъмуров.

Маъмуровнинг иддаолари бир неча сабабга кўра эътиборга лойиқдир. МХХ таҳлилчиси илк бор Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” сафига қўшилган ўзбеклар сони ҳозирги тахминлардан кўп бўлиши мумкинлиги тан олди. Жангари гуруҳ сафидаги ўзбеклар сони ҳақидаги тахминлар одатда жангда бевосита иштирок этмаётган шахсларни эътиборга олмайди.

“Исломий давлат” ёки Суриядаги бошқа гуруҳлар сафига қўшилган ўзбекистонликларнинг аниқ сони маълум эмас. Турли расмийлар ва изланишлар турли хил тахминларни илгари суриб келади.

Жангари шифокорлар?

“Исломий давлат” жангарилари тиббий мутахассисларни нафақат Ўзбекистондан, балки бутун дунёдан ёллашга уринаётганини кўрсатувчи жуда кўп далил бор.

Мазкур йилнинг апрель ойида “Исломий давлат” сафида жанг қилаётган чечен жангариси Одам Ал-Алмоний ижтимоий тармоқларда тиббий маълумотга эга эркак ва аёлларни Сурияда “тиббий батальон”га қўшилишга чақирди.

Март ойида яна жангарилар инглиз тилида сўзлашувчи шифокор ҳамкасбларини террорчи гуруҳ қўлидаги ерларга чорлагани акс этган видеони тарқатди. Видеода 29 ёшли австралиялик педиатр Тариқ Камлеҳ ва Абу Муқатил ал-Ҳинди исмли инглизча сўзловчи физиотерапевт ҳамкасбларини жангари гуруҳ сафига чорлаган эди.

Рецепт ва пропаганда

Апрелда тарқатилган видео фақатгина шифокор ёллаш мақсадида тайёрланмаган. Бу видео “Исломий давлат” ўз соғлиқни сақлаш дастурини таъсис қилаётганини таъкидловчи тарғибот материали сифатида террорчи гуруҳга малакали шифокор ва бошқа тиббий ходимлар нима учун кераклигини – жангарилар нормал давлат қура олишларини исботламоқчи эканликларини – кўрсатиб берди.

Ўз бошқарувидаги ерларда тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлай олишини кўз-кўз қилиш орқали жангари гуруҳ бошқариш қобилиятига эга эканлигини кўрсатмоқчи. Шундай экан, Маъмуров иддао қилаётган шифокор ва бошқа мутахассисларни жалб қилишга қаратилган чақириқлар “Исломий давлат” функционал “халифалик” барпо этаётгани ҳақидаги иддаолар билан ҳамоҳангдир.

Террорчи гуруҳнинг тиббий ходимларни жалб қилишни исташига пропагандадан бошқа сабаблар ҳам бор. Масалан, жангларда яраланган жангариларни даволаши керак.

Ярадор бўлган “Исломий давлат” ва бошқа жангари гуруҳ аъзоларига баъзан Туркияга бориб даволанишга рухсат берилади. Айрим хабарларга кўра, бу имкониятдан фойдаланиб ўз мамлакатига қайтиб кетганлар ҳам бор.

“Исломий давлат” маҳаллий шифокорларни гуруҳ учун ишлашга “кўндиришга” ҳаракат қилаётган бўлса-да, қийинчиликлар йўқ эмас. Аёл шифокорларнинг айтишича, улар жангари гуруҳ қоидаларига биноан ҳижоб кийишга мажбурлангани ва эркак ҳамкасблари билан суҳбатлаша олмагани учун ишлашнинг иложи йўқ.

Журналист Женан Мусса қўлга киритган ҳужжатда ёзилишича, тиббий ходимларни “Исломий давлат” бошқарувидаги ерларга қайтариш учун террорчи гуруҳ тарк этган шифокор ва фармацевтларнинг мулкини мусодара қилишини айтиб таҳдид солмоқда.

“Исломий давлат”якка эмас

“Исломий давлат” Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет мамлакатларидан шифокорларни ёллашга ҳаракат қилаётган ягона гуруҳ эмас.

Волгограддан эканлигини иддао қилувчи ва Ал-Қоиданинг Суриядаги қанотига кирувчи Жабҳат ал-Нусра жангари гуруҳи аъзоси бўлмиш Абу Рофик тиббий маълумотга эга шахсларни ўз гуриҳига қўшилишга чақириб келади.

ВКонтакте ижтимоий тармоғида қолдирган мактубларининг бирида Абу Рофик: “Бизга педиатрлар, отоларингологлар, терапевтлар, юқумли касалликларни ва туберкулёзни даволовчи шифокорлар керак”, деб ёзди.

“Биз ишидчиларга ҳеч қачон қўшилмаган бўлардик”

Маъмуровнинг иддаолари ва “Исомий давлат” тарғиботидан бошқа жангари гуруҳга қўшилган ўзбек шифокорларининг ҳақиқий сонини аниқлашда ёрдам берадиган маълумот йўқ.

Самарқандлик ёш шифокор Фаҳриддин Муҳриддинов маҳалий матбуотга “Исломий давлат” ёлловчилари таклифини рад этганини айтган. Муҳриддинов хорижий мамлакатда тиббий олийгоҳни якунлаганидан кейин 45 минг доллар эвазига Сурияга чақирилганини иддао қилган.

Қашқадарëлик врач Абдурайим Бозоров Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда врачлар маоши жуда оз бўлса-да, ҳамкасблари террорчи гуруҳга қўшилмаслигини айтди.

Бозоров ўз ҳамкасбларининг Россия, Қозоғистон, ҳатта Яқин Шарқ давлатларига пул топиш учун кетганидан хабардорлигини айтиб, “бунақа маънавиятсиз одамлар хизматига қанча пул ваъда қилишмасин, бормаган бўлардим”, деди.

XS
SM
MD
LG