Линклар

logo-print

Ўзбекистон Эрондан нефть сотиб олиш имкониятларини ўрганмоқда


Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, сармоялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Тошкентда Эрон элчиси Али Мардони Фард билан Эрон нефтини сотиб олиш масаласида учрашув ўтказди.

Россиянинг “Регнум” агентлиги 15 сентябрда тарқатган хабарда айтилишича, Эрон томони Ўзбекистонга нефть етказиб бериш орқали икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳажмини йилига ҳозирги 250 миллион доллардан 1 миллиард долларгача кўтаришни таклиф қилган.

Эрон томони Ўзбекистонга нефть сотиш истагини биринчи маротаба шу йилнинг август ойида маълум қилган эди.

“Эрон Ўзбекистонга Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон транспорт йўлаги орқали йилига 1 миллион тоннагача бўлган нефть маҳсулотлари етказиб беришни таклиф қилмоқда”, деб билдирган эди ўшанда Эрон элчиси.

Ўзбекистонда айни пайтда йилига 3 миллион 200 минг тонна нефть қазиб олинади. Ўзбекистоннинг нефтга бўлган ички эҳтиёжи эса йилига 4 миллион 200 минг тоннани ташкил қилади. Бугунги кунда етишмаган нефть маҳсулотларини Ўзбекистон Россия ва Қозоғистондан сотиб олмоқда.

XS
SM
MD
LG