Линклар

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон расмийларини валюта тизимини либераллаштириш ва валютага оид чекловларни бартараф қилиш йўналиши бўйлаб одимлашга чақирди. Бу ҳақда жамғарма расмий сайтида 15 сентябрь куни чоп қилинган хабарномада айтилади.

Айни хабарномада ХВЖ билан шартноманинг IV моддасига мувофиқ, жамғарма Ижроия кенгаши шу йил 31 августида Ўзбекистон Республикаси билан консультацияларни якунлангани билдирилади.

ХВЖ вакилларига кўра, Ўзбекистон ичкарисида иқтисодиёт нисбатан барқарор ушлаб турилганига қарамай, ташқи муҳитдаги муаммолар, хусусан, жаҳонда нефть ва газ нархининг тушиб кетгани ҳамда мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган ўлкаларда иқтисодий ўсиш секинлашгани ўзбек иқтисодиётига салбий таъсирини ўтказмоқда.

“Россиядан келадиган пул ўтказмалари аввалги йилларга нисбатан 2014 йилда 14 фоизга, 2015 йил биринчи чорагида эса 45 фоизга камайди”, дейилади жамғарма хабарномасида.

ХВЖ таҳлилчиларининг қайд этишича, ҳисобот даври ичида расмий органлар сўмнинг номинал курсини аста-секинлик билан девальвация қилиш бўйича ўз сиёсатига амал қилишда давом этган, бу жараён Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларнинг кўпидан секинроқ кечган. Айни пайтда жамғарма вакиллари ўзбек сўмининг реал курсидаги ўзгаришлар ҳақида ҳеч нарса айтмаганлар.

ХВЖ масъуллари эътирофича, 2015 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоизга ўсган.

“Ҳозирги пайтгача давлат томонидан фаоллик билан ётқизилган сармоялар мамлакатни минтақадаги бошқа мамлакатлар [иқтисодиёти] бошдан кечираётган сустлашувдан ҳимоя қилган”, дейилади ХВФ хабарномасида.

ХВЖ директорлари ўзбек расмийларига, зарурат туғилгудек бўлса, инфляцион босимни ушлаб туриш учун пул-кредит сиёсатини кескинлаштиришни тавсия қилганлар.

ХВЖ масъуллари Ўзбекистонда банк тизими барқарор ва етарли даражада капитализациялашганини қайд этганлар ҳамда расмийларни регулятив тизим ва банкларни назорат қилиш тизимини мустаҳкамлашда давом этишга чақирганлар.

Молиячиларга хос эҳтиёткорлик билан берилган тавсияларда жамғарма вакиллари Ўзбекистонда асосий макроиқтисодий ва социал маълумотларнинг барча учун очиқ бўлиши, ўз вақтида чиқарилиши ва сифати юқори бўлиши муҳимлигини урғулайдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, улар Ўзбекистонни ХВЖнинг Маълумотларни тарқатиш умумий тизимига қўшилишга чақирадилар.

Эслатиб ўтамиз, ХВЖ билан шартноманинг IV моддасига мувофиқ, жамғарма йилда бир марта ХВЖга аъзо мамлакатлар билан иккитомонлама консультацияларни ўтказиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG