Линклар

logo-print

Тожикистон кучишлатар тизимлари мамлакатнинг Ромит дарасида ўтказаётган амалиёт давомида республика мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари генерал Абдуҳалим Назарзоданинг ўлдирилгани тўғрисида ўз манбаларига таяниб, Озодлик радиоси тожик хизмати хабар қилди.

Манбага кўра, амалиёт давомида ҳаммаси бўлиб 7 киши ўлдирилган ва уларнинг бири Назарзода экани аниқланган. Шунингдек, генералнинг сафдошларидан бири полковник Жунайдилло Умаров ҳам ўлдирилган.

Тожикистоннинг Ромит дарасида давом этаётган амалиёт натижасида 16 сентябрь куни собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ўлдирилгани айтилмоқда. Бу ҳақда махсус амалиётга яқин манбалар Озодликнинг тожик хизматига маълум қилди.

Озодлик тожик хизмати манбасининг билдиришича, чоршанба кунги амалиёт пайтида ноқонуний қуролли гуруҳнинг етти аъзоси ўлдирилган. Улар орасида генерал Назарзоданинг жасади аниқланган. Шунингдек ўлдирилганлар орасида исёнчи генерал сафдошларидан бири, мудофаа вазирлиги полковниги Жунайдулло Умаров ҳам борлиги айтилмоқда.

Тожикистон расмийлари ҳозирча бу маълумотлар борасида изоҳ бергани йўқ. Генерал Назарзоданинг ўлдирилгани тўғрисидаги хабарлар ўтган жума куни ҳам пайдо бўлган, лекин бу хабар расмийлар тарафидан тасдиқланмаган эди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик Давлат қўмитасидаги Озодлик манбасининг хабар қилшича, ўлдирлганлар жасадлари Ромит дарасида ҳукумат кучлари билан тўқнашув рўй берган жойдан олиб чиқилмаган.

Ўтган бир кеча-кундузда Ромитдаги тўқнашувларда иккала тарафдан жами 11 киши ҳалок бўлган. Манбага кўра, ҳукумат қўшинларидан 4 киши ҳалок бўлган. Назарзода бошчилигидаги ноқонуний қуролли гуруҳнинг етти аъзоси ўлдирилган.

Бундан аввал қуролли тўқнашув натижасида куч ишлатар идораларининг камида икки зобити ўлдирлигани хабар қилинган эди.

Вазиятдан хабардор манбалар ҳалок бўлганлар орасида Миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси полковниги, “Альфа” махсус гуруҳи қўмондони 40 ёшли Рустам Амакиев ва унинг ёрдамчиси борлигини айтмоқда.

Озодлик тожик хизматига кўра, Амакиев туғилб ўсган Восе туманида чоршанба куни марҳумни дафн қилиш маросими бўлиб ўтган.

Ҳалок бўлган аскарларнинг яна бири 18 ёшли Аҳмад Кабиров экани айтилмоқда.

Озодлик тожик хизмати манбалари 15 сентябрь кунги жангда Ички ишлар вазирлигининг яна икки нафар ходими ўлдирилганини тасдиқлашди. Улардан бири ОМОН жангчиси Аслиддин Абдулхаев экани айтилмоқда.

Жанг сешанба куни кечқурун Ромит дарасидаги Покруд туманида рўй берган.

Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ муовини генерал Абдуҳалим Назарзода етакчилигидаги қуролли гуруҳга қарши махсус операция 4 сентябрь куни Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида рўй берган ҳужум ортидан бошланди. Ички ишлар бўлимлари ва постларга қилинган ҳужум оқибатида ҳуқуқ-тартибот идораларининг 9 ходими ўлдирилган эди. Расмийлар ҳужумларда генерал Назарзодани айблашди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, 4 сентябрь кунги ҳужумлардан кейин собиқ мудофаа вазири ўринбосари ўз тарафдорлари билан Ромит дарасига қочиб, яширинган.

Куч ишлатар идоралари маълумотига кўра, амалиёт бошланганидан бери ноқонуний қуролли гуруҳнинг 100дан ошиқ аъзоси қўлга олинган, 20 нафардан ортиғи йўқ қилинган.

Бунда расмийлар фақатгина ўлдирилган исёнчилар сонига доир маълумотларни эълон қилган холос. Амалиёт пайтида ҳукумат тарафидан неча киши ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотлар очиқлангани йўқ.

1992-97 йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролик уруши йилларида Ромит дараси тожик мухолифатининг ҳарбий аслаҳахоналари жойлашган, узоқ йиллар тожик ҳукуматига қаршилик олиб борган минтақаларидан бири бўлган эди.

Ўша йилларда Ромит дарасидаги жангларда қатнашган собиқ жангариларнинг айтишларича, бу ҳудуддан тоғлар орқали Афғонистонга, Ўзбекистонга ва Қирғизистонга ўтиш йўллари бор.

Тожик генерали Абдуҳалим Назарзоданинг нима учун қўлига қурол олиб, исён қилгани ҳақида ҳозиргача аниқ бир маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG