Линклар

Россиянинг Британиядаги элчихонаси Twitterда троллик қилди, нишон - Кэмерон


Россиянинг Лондондаги элчихонаси биноси

Россиянинг Лондондаги элчихонаси биноси

Бугунги кунда Интернетдаги иғвочилар - тролларни кўпчилик билиб бўлган. Россиянинг Лондондаги элчихонаси ҳам троллик қилиб туриши билан маълум.

Масалан, элчихона Twitterда “Хайрли тонг! (манзил: Қрим, Россия)” деган ёзув, ёзув ёнида эса яриморолда олинган қуёш суратини қолдириши мумкин.

Айни пайтда бутун дунё Москва 2014 йилнинг мартида куч билан босиб олган Қримни Украинага тегишли, деб ҳисоблайди.

Ёки элчихона бирданига Россия билан Хитой “нефть ва газ қувурлари бўйича муҳим битимлар” имзолаганини эълон қилади.

Ва ўз хабарига пастда эътироз билдириб “санкциялар” ноғорасини самарасиз чалаётган Америка бургутига эътибор бермай, “Сибирь кучи” газ қувури устида “рус айиғи” билан “хитой аждарҳоси” қаҳва ичиб ўтиргани тасвирланган суратни тиркайди.

Ёки элчихона Британия Бош вазири Дэвид Кэмероннинг Жереми Корбин Лейбористлар партияси етакчиси этиб тайинланиши Британия учун нима англатиши ҳақидаги мулоҳазасидан ўз мақсадларида фойдаланиши мумкин.

13 сентябрь куни Кэмерон Twitterда “Лейбористлар партияси энди миллий хавфсизлигимизга, иқтисодий хавфсизлигимизга ва оилангиз хавфсизлигига таҳдид солади”, деб ёзди.

Бунга жавобан Россия элчихонаси “Бир тасаввур қилинг-а, агар Россия президенти мухолиф партия миллий хавфсизликка таҳдид солишини айтганида, Британия газеталари сарлавҳаларида нималарни ёзишарди?”, деб твит ёзди.

Элчихона хати 10 минг мартадан кўп қайта твитланди. Айримлар Россия элчихонаси фикрига қўшилди ёки унинг топқирлик қилганини тан олди. Лейбористлар партиясининг маҳаллий кенгаши аъзоси элчихона шарҳини “бебаҳо” деб атади.

Аммо жавобларнинг аксари россиялик расмийларнинг бир неча сабабга кўра мунофиқ эканлигига шама қилди.

Владимир Путин бошқарувидаги Россия бундан аввал аниқлаган “хавфлар” тизмасига жуда кўп мисол келтирилди.

Бир Twitter фойдаланувчиси “Россия борлиғига нима таҳдид СОЛМАЙДИ? Асалариларми? Кўк ўтми? Булутларми?”, деб ёзди.

Твиттерчи @BDStanley мустақил телевидениега чек қўйилган ва бошқа оммавий ахборот воситалари оғзи бойланган, ўзгача фикрлайдиганлар ёлғон айбловлар билан қамалган ёки ўлдирилган, кремлпараст безорилар эса хоҳласа сиёсий зўравонлик қиладиган мамлакатда ишончли мухолифат йўқ эканлигини таъкидлади.

@BDStanley “Менимча, Британияда матбуот аввалига етакчи рус мухолиф партияси қандай бўлишини тасаввур қилиши керак бўларди”, деб ёзди. Яна бир Twitter фойдаланувчиси айнан шу фикрни билдирди: “Сизлардаги мухолифат камдан-кам ҳолларда биз у ҳақда хабар топгунимизча яшайди”.

Яна бошқа фойдаланувчи – ҳажвчи Брайан Сак Россияда сиёсий “хатолар” оқибатига солиштирганда Кэмероннинг фикри шунчаки қуруқ сўз эканлигини айтди: “Путин рақибларини қамайди ва ўлдиради, шундай экан, Кэмероннинг муболағали твити кўнгилни қувонтиради”.

Айримлар Россия Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ офицери Александр Литвиненконинг тақдирини эслади. Лондонда қувғинда яшаган ва Россия расмийларини ўз мамлакатларида террорчилик билан шуғулланишда ва қотилликларга қўл уришда айблаб китоблар ёзган Литвиненко радиоактив заҳарланишдан вафот этган эди.

@PolicyRob Twitter фойдаланувчиси: “Қўшиламан. През. Путин ундай қилмаган бўларди. У ўзининг полоний билан қуролланган миньонларини юбориб, рақиблари чойини заҳарларган бўларди”, дея фикр билдирди.

Айримлар Кремль яқинида ўлдириб кетилган мухолифат лидери ва Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцовни ёдга олди. Твиттерчи @Gentle_Wisdom “Аммо ҳеч бўлмаганда @David_Cameron#Corbynни Вестминстер олдида ўлдиртирмаслигига ишонамиз”, деб ёзди.

12 сентябрь куни Жереми Корбин Британия Лейбористлар партиясига етакчи этиб сайланди. Корбин тарафдорлари уни сўл қанотни қўлловчи етакчи сифатида олқишлайди. Корбинни танқид қилувчилар бўлса уни Лейбористлар партиясининг сиёсатда озайиб бораётган ролини эслатиб турувчи ноанъанавий сиёсатчи ўлароқ билади.

Корбин НАТОни танқид қилиб келади. Сиёсатчи Москва ҳарбий юриш қилиб, Қримни Украинадан куч билан аннексия қилиб олганидан бир ой ўтмай Россия билан юзага келган тангликларга НАТОнинг Польша ва Чехияга кенгайиши сабабчи эканлигини таъкидлади.

Morningstaronline.co.uk нашри учун ёзган ва “НАТОнинг жанговарлиги ҳаммамизни хавфга қўяди” деб номланувчи мақоласида Корбин НАТО ва Европа Иттифоқини “АҚШнинг Европадаги сиёсати ўйинчоғига айланган” дея таърифлади. Корбин мақоласида яна “Россиянинг қайта тикланиши ва Хитойнинг йирик иқтисодий кучи АҚШнинг йигирма йилдан бери давом этиб келаётган бир қутбли таъсирини” тугатаётгани айтилди.

“Асосий масала ҳали ҳам 1990 йилдан кейинги АҚШнинг фаолияти ва экспансионизми билан боғлиқ”, деб ёзди Корбин. “АҚШ ташқи ишлар вазири Жон Керри ва уни қўллаётган ЕИ ва Британия ҳукумати ҳаракатлари пироварида дунёни бўлиб юборади”.

Россиянинг Британиядаги элчиси Александр Яковенко Корбинни эришган ғалабаси билан табриклади ва “музокаралар, жумладан, бизнинг алоқаларимиз бўйича муҳокамаларда ижобий ўзгаришлар содир бўлишига” умид қилишини билдирди.

XS
SM
MD
LG