Линклар

Свердловск вилоятининг Ревда шаҳрида қурилишда ишлаган ўзбек муҳожирлари иш ҳақини ололмаётганидан Озодликка шикоят қилди.

Боз устига, ўзбекистонлик ишчилар иш берувчи томонидан таҳдидлар бўлаётгани, улар мамлакатдан чиқариб юборилиши тўғрисида аллақачон суд қарорини ҳам олишга улгурганини айтди.

Иш берувчилар "тушунмовчилик юзага келганини" гапирмоқда.

Ўзини Жалолиддин, деб таништирган наманганлик 27 яшар ишчи бригадаси билан ўртакаш пудратчилар ўлжасига айланганини, жорий йилнинг июль-августда улар Ревда шаҳридаги ғишт заводининг янги қурилаётган цехларида девор кўтарганини айтаркан, бундай деди:

- Улар ҳозир бизга 132 минг рубль бериши керак, ака. Шамиль Маратович дегани аввал бизни частний лицо сифатида олиб борди. Бориб-бориб бу ерда 5 тача посредник бўлиб кетди! Бешинчиси, бошлиғи – Прокопьев Евгений Геннадьевич, ундан кейин тожикистонлик Нуриддин Ғиёсов дегани бор, Нуруллаев Фарид ва бошқалари бор. Нуриддин Ғиёсов дегани аввал “Мен бу ерда директор, бошлиқ!”, деган. Қурилишни охирига олиб борганимиздан кейин Прокопьев чиқди. Кейин у “Мен ижрочи, пул берадиган Прокопьев”, деди. Нуриддин Ниёзович милиция орқали ишлар экан: ҳужжатсиз-пропискасиз ҳам ишга олаверади-да. Бизга пул бермасдан юрдик, ҳужжатларимиз сроки ўтиб кетди. Просрочен бўлганидан кейин квартирамизга шартта милиция чақириб, бизни топширворди. Суд бўлдик, мен ўзим Россиядан чиқиб кетишим тўғрисида қарор олдим. Ўтган ойнинг 28-сида чиқиб кетишим керак эди. Пулсиз қаёққа бораман?! Бригидамда 5 киши: Самарканддан, Андижондан, Тошкентдан. Ғишт заводида 50 га яқин одам ишлаган эди, дейди ҳақиқат излаётган Жалолиддин.

Суҳбатдошнинг айтишига қараганда, Ревда ғишт заводида пудратчи ўртакаш ширкатлар томонидан “кидать” қилинган қурувчилар турли миллат вакиллари бўлиб, уларнинг асосий қисми Ўзбекистон фуқароларидир.

Жалолиддин ҳақини бермаган иш берувчилар устидан маҳаллий прокуратурага мурожаат қилиши ортидан таҳдидлар бошлаганини ҳам гапиради:

- Нуруллаев Фарид дегани менга “Жалол, аризани қайтариб, тинч юр. Бўлмаса сени “узоқроққа” жўнатиб юборамиз”, деяпти. Инвалид коляскага ўтқизвораман, деяпти прокуратурага ёзганим учун. Ҳозир кўчага ҳам чиқолмаяпман: ҳар-хил одамлар кузатиб юрибди. Фаридни Женя деган оғайниси бор, ўша ҳам телефон қилиб таҳдид қиляпти. Шамил ҳам “Прокуратура мени нима қилса, мен ҳам сени ўша қиламан! Яшаш ниятинг бўлса тинчкина Ўзбекистонингга кет, бўлмаса йўқолиб қоласан, бола”, деяпти, деди Жалолиддин.

Озодлик Ревда ғишт заводининг янги блоклари қурилишига ўзбек ишчиларини жалб қилган ташкилот ва ундаги қурилиш учун жавобгар пудрат эгаси “Атомэнергосервис” ташкилоти эканини аниқлади.

Ташкилот раҳбари Евгений Прокопьевдан бу масалада бирор жавоб олиш имкони бўлмаган бўлсада, айрим ўртакаш ташкилот раҳбарлари , хусусан Жалолиддинга таҳдид қилгани айтилаётган Шамил Маратович вазият мутлақо акси эканига бизни ишонтиришга уринди.

- Шартнома асосида ишлаган одамга мурожаат қилинг, пул масаласини у билади.Таҳдид масаласида... Ҳеч қандай қўрқитишлар бўлмаган, аксинча – бу ишчилар “прокуратура, милицияга берамиз”, дея қўрқитишяпти. Биз ҳам оддий ишчи: пудрат олдигу, вақтимиз ва пулимизга куйдик, дейди Шамил.

Яна бир ташкилот раҳбари – Фарид Нуруллаев, ўзбек ишчиларига пул берилмаётганини ўзаро келишмовчилик, деб атади.

- Ҳақиқатан, у ерга ишга мен олиб кирган ишчи бригадалар маошининг бир қисмини олди, асосий қисмини эса ололмади, чунки иш иккита ҳар хил одамга расмийлаштирилган шартнома асосида бажарилган. “Атомэнергосервис”дан янги келган одам билан ҳар куни қўнғироқдамиз: у ишни кўриб, қабул қилиб олиши ва имзо чекишини кутяпмиз. Мен йигитларга “Кутиш керак, вақт керак”, деб тушунтиряпман. Мана, Ғиёсов Нуриддин деган бошқа пудратчи устидан Бош прокуратурага бошқа бригадалар ариза ташлаган экан. Куни-кеча вилоят прокуратурасига уни чақиртиришибди. Шу сабабли вазият жиддий назорат остида, дея тушунтириш берди Фарид Нуруллаев.

У янги ташкилот раҳбарияти бу қурилишга ўзининг шахсий пулини ишлатгани ва ғишт заводидан ҳатто ўша пулни ундириб ололмаётгани тўғрисида маълумотга эга эканини билдирди.

Озодлик сўнгги ярим йил ичида Россияда ҳукм сураётган иқтисодий инқироз туфайли айниқса қурилишда ишлаб келаётган меҳнат мигрантларига иш берувчилар томонидан маош берилмаётгани ҳолатлари кўпайиб бораётганини келаётган шикоятлардан кузатиб бормоқда.

Ҳозирги кунда аллақачон Россиядан бадарға қилинган Жалолиддин бошчилигидаги ўзбекистонлик қурувчилар бригадаси тайинли ишга жойлаша олмаётгани, пулсиз Ўзбекистонга чиқиб кета олмасдан оғир вазиятда қолгани маълум бўлди.

Озодлик Свердловск вилоятидаги ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG