Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:12

Ахал-така отини қутқарган йилқичи Туркманистонни тарк этди


Гелди Каризов
Гелди Каризов

Туркманларнинг Ахал-така отларини сақлаб қолиб, дунёга машҳур қилган таниқли йилқичи Гелди Каризов мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлди. 2001 йилда Туркманистоннинг аввалги президенти Сапармурод Ниёзов даврида ишдан олиниб, беш ярим йилга қамалган Каризов йиллар давомида мамлакатдан чиқартирилмаган. Бир пайтлар Туркманистон от вазири мақомига эга бўлган Каризов 14 сентябрь куни Россияга етиб борганини унинг ўғли Довуд Озодликка тасдиқлади.


Туркманистонлик таниқли йилқичи 64 ёшли Гелди Каризов 2007 йилда амнистия бўйича озодликка чиққан, лекин Ашхобод ҳукумати унинг мамлакатдан ташқарига чиқишига изн бермай келаётган эди.

14 сентябрь куни кутилмаганда Каризовнинг Туркманистондан Россияга учишига рухсат берилди ва у Москвага аллақачон етиб келганини унинг ўғли Озодликка маълум қилди.

Қўшма Штатларда муҳожиратда яшовчи Довуд Каризовнинг Озодликка айтишича, отасига Россияга боришга рухсат беришдан аввал, уни Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигига чақритиришиб, суҳбат ўтказишган.

- Ўтган шанба куни уни Ашхободда Миллий хавфсизлик вазирлигига чақиртиришиб, суҳбат ўтказишган. Ундан нима учун хотини Россиядан ҳамон қайтмаганини сўрашган. Чунки онамга тўрт ой аввал мамлакатни тарк этишга рухсат берилган пайтда, унга қайтиб келиш шарти қўйилган. Лекин онам бу шартни бажармаган. Отам билан Миллий хавфсизлик вазири ўринбосари учрашиб, сизга ҳам рухсат берамиз, лекин бир нарсани эсингиздан чиқарманг, қизингиз ва синглингиз бу ерда қолади. Шунга сиз бориб, хотинингиз билан қайтиб келасиз, кейин яна мамлакатни тарк этиш масаласини ўшанда ҳал этамиз, деб тайинлашган. Бундан ташқари, унга баёнотлар қилмаслик ва қайтиб келиш шарти ҳам қўйилган. Бошқача қилиб айтганда, унга синглим ва холам гаровда қолаётганларини очиқчасига билдиришган,- дейди Довуд Каризов.

64 ёшли Гелди Каризов собиқ совет даврида, 1980 йилларда туркманларнинг Ахал-така отлари зотини сақлаб қолишда ҳал этувчи роль ўйнаган.

Ўша пайтда йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган Ахал-така отини тарғиб қилиш мақсадида йилқичи мутахассис Ашхободдан Москвагача 4300 километр йўлни отда босиб борган. Бу йўлнинг 360 километрини сувсиз чўлдан ўтади. Ўзбекистон ва Қозоғистондан орқали Россия пойтахти Москвага етиб боргач, Каризов Совет ҳукуматидан зотдор отлар наслини сақлаб қолишга ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Туркманистон мустақилликка эршгач Ахал-така отлари мамлакатнинг асосий рамзига айланади. 1990 йилларда ташкил этилган Ахал-така отлари халқаро уюшмасига Гелди Каризов раҳбар этиб тайинланади.

2001 йилда Каризов уйдирма айбловлар билан 5,5 йилга қамоққа ҳукм этилиб, Ашхобод яқинидаги Оводон-тепа ёпиқ қамоқхонасига ташланади.

Президент Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин Каризов 2007 йилда амнистия билан озодликка чиқади, лекин ҳукумат уни ва оиласини мамлакатдан ташқарига чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этади. Орадан бир неча йил ўтиб, Каризовлар оиласи мол-мулки мусодара қилинади, уйлари бузиб ташланади.

Узоқ йиллик қамоқ, доимий таъқиб ва босим оқибатида соғлиғи ёмонлашган Каризов давлоаниш учун Россияга боришга изн сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолади.

2014 йилнинг декабрида Каризов 14 ёшли қизи, хотини ва унинг синглиси билан Ашхободдан Москвага кетишга уринади, лекин самолётга чиқарилмайди. Каризовлар оиласи аъзоларининг кўпчилиги Россия фуқаролигига эга бўлгани ва мигарция хизматига юборилган шикоятлар туфайли 2015 йил бошларида улар мамлакатдан чиқиши тақиқланган фуқаролар рўйхатидан олиб ташланади. Лекин Каризовнинг ўзига мамлакатни тарк этишга рухсат берилмайди.

Ҳуқуқ фаоллари машҳур йилқичи мутахассисга нисбатан босимлар сабабини изоҳлаш қийин эканини айтади. Каризов ҳеч қачон сиёсий фаол бўлмаган, мухолифатга қўшилмаган.

Ҳуқуқ фаоллари Каризовга кутилмаганда мамлакатдан ташқарига сафар қилиш имкони келаси ҳафта Варшавада Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган халқаро конференцияси арафасида берилганига эътибор қаратишмоқда. Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти мазкур анжуман кун тартибидан ўрин олган асосий мавзулардан биридир.

Бундан ташқари шу ой охирларида Нью Йоркда ўтказиладиган БМТ Бош ассамблеясида Туркманистон Президенти Қрубонқули Бердимуҳаммедовнинг нутқ сўзлаши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG