Линклар

logo-print

БМТ Бош котиби Венгриянинг қочқинларга муносабатини танқид қилди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Венгрия расмийларининг муҳожирларга муносабатини кескин танқид қилди.

“Бу қочқинлар ва муҳожирларга қандай муомала қилганларини кўрганимда карахт бўлиб қолдим. Бу қабул қилиб бўлмас ҳолдир”, деди Бан Ки Мун.

Чоршанба куни Сербия-Венгрия чегараси яқинидаги Хоргош шаҳрида қочқинлар ва венгриялик полициячилар ўртасида тўқнашув содир бўлганди. Полициячилар чегара тўсиғини ёриб ўтган, ўзларига тош, шиша ва таёқлар отган қочқинларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган ва сув пуркагичларни ишга солганди.

Венгрия расмийларига кўра, мазкур тўқнашувда камида 20 нафар полициячи тан жароҳати олган. Associated Press агентлигининг сербиялик шифокорлар сўзига таянган ҳолда хабар қилишича, тартибсизлик чоғида икки муҳожир жиддий жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Шунингдек, кўздан ёш сиздирувчи газдан заҳарланган ўнлаб кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Антонио Гутерреш чегарадан ўтиш жиноят бўлиб ҳисобланмаслигини билдирди ҳамда муҳожирлар оқимини камайтириш бўйича Венгрия томонидан амалга оширилаётган айрим чоралар халқаро қонунларга зид келишини баён қилди.

15 сентябрдан Венгрияда мамлакатга келаётган муҳожирлар оқимини кескин камайтиришни кўзда тутган қонун кучга кирди. Мазкур қонунга мувофиқ, бундан буён Венгрия чегарасидан ноқонуний равишда ўтган шахслар ҳибсга олинади.

Венгрия расмийлари Хорватия билан Руминия чегарасида девор қуриш режаси борлигини билдирганлар. Сербия билан чегарада эса Будапешт девор тиклаш ишларини аллақачон бошлаб юборган.

XS
SM
MD
LG