Линклар

Ўзбек жангариси: 14 ёшда "шаҳид бўлган" Умар 200 кишига қўмондон эди


Суриядаги "Имом Бухорий" катибасининг август ойи охирда Сурияда бўлган жангда ўлдирилган 14 яшар ўғли Умар.

Суриядаги "Имом Бухорий" катибасининг август ойи охирда Сурияда бўлган жангда ўлдирилган 14 яшар ўғли Умар.

Толибларга байъат берган "Имом Бухорий" катибасининг амири Шайх Салоҳиддиннинг 14 ёшида ўлдирилган ўғли 200 кишилик гуруҳга қўмондонлик қилган. Бу ҳақда Озодликка сўзлаган катиба жангариси жиҳоднинг "ёш танламаслиги", жангларда "шаҳид бўлаётган" ёки катиба жангарилари сафида юрган 9-14 яшар ўзбек мужоҳидларининг борлигини иддао қилди.

"Жиҳод ёш танламайди"

Суриядаги мобил рақами билан WhatsApp орқали Озодликка боғланган ўзбек жангариси ёш болаларнинг жанг майдонларига тушишини оқлашини билдирди.

Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка боғланган жангари исмини ошкор қилишни истамади ва катиба етакчисининг ўғли "шаҳид бўлганида" ёнида эканини иддао қилди:

"Биз бир сафда жанг қилдик, алҳамдулиллаҳ. Снайпер 9 метрдан уриб йиқитди. Умар жуда чиройли шаҳид бўлди. Ўзимиз жанг майдонидан олиб чиқиб, чиройли дафн қилдик", деди WhatsApp тармоғи орқали ёзма тарзда узатилган саволларга овозли жавоб йўллаган жангари.

Август ойида ҳам Озодликка боғланган айни жангари "Имом Бухорий" катибасининг Толиблар янги етакчиси Мулла Ахтар Мансурга байъат бергани, катиба "Исломий Давлат" гуруҳига қарши экани ҳамда Толиблардан гуруҳга қарши жанг қилиш ҳақида фатво олинганини иддао қилган эди.

Сурия ва Ироқ ҳудудини макон тутган ўзбек жангарилари орасидаги энг йирик гуруҳ, "Исломий давлат"га қаршилигини билдириб келаётган "Имом Бухорий" катибаси етакчиси - амир Салоҳиддиннинг ўғли август охиридаги жангда "шаҳид бўлгани" ҳақидаги видео тарқалган.

31 август кун Youtube тармоғига жойланган видеода жангарилар Ҳалаб минтақасидаги Башкуи шаҳрини эгаллаш учун қилган жангларда ўлдирилган ўсмир билан видолашаётган амир Салоҳиддин кўринади. Кадрлар остига битилган таг сўзларда марҳум бола амирнинг ўғли экани айтилган.

14 ёшли қўмондон

Озодликка боғланган ва "Умарни ўлди, деманглар", дея танбеҳ берган ўзбек жангариси катибада болаларнинг жангчига айлантирилишини оқловчи ғоя ҳақидаги тушунчаларини баён қилди.

Дарвоқе, бу жангари муқаддам берилган хабарларда Шайх Салоҳиддининг жангда ўлган ўғли 16 эмас, балки 14 яшар эканига ҳам ойдинлик киритди.

Унинг иддао қилишича, амирнинг ўсмир боласи қўмондон бўлган:

"Шайх Салоҳиддининг ўғли ҳеч қачон ўлмайди. У шаҳид бўлди. Чунки, "Тавба" сурасида шаҳидлар ўлмайди, деган. 14 яшарлик болани кўрсангиз энди, биринчи сафларда шижоат билан жанг қилди. Умар биродаримиз қўрқмас мужоҳид эди", деди ижтимоий тармоқлар орқали саволларга жавоб йўллаган ўзбек жангариси.

Бу - Сурия ҳудудидаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи ҳисобланган "Имом Бухорий" катибасининг етакчиси Салоҳиддиннинг 14 ёшли ўғли борлиги ва унинг "200 кишилик" гуруҳга амир қилиб қўйилганига оид илк маълумотдир.

Ўзбек жангарисининг иддаосича, Умар катибада мужоҳидга айлантирилган биргина бола эмас:

"Бу ерда 9, 10, 11, 12, 14 ёшли мужоҳидларимиз бор, қўлларида қуроли билан", деди жангари.

Бола мужоҳидлар ғояси

"Имом Бухорий" катибаси мужоҳиди эканини иддао қилиб келаётган жангари Озодликка йўллаган овозли жавобларда арабча сўзлашувлар аралаш ёш болаларнинг шовқини ҳам эшитилиб туради.

Мухбирнинг: "Шайхнинг ўғли ҳали ёш бола эди, унинг жангларда ўлиб кетганига ачинмайсизми?" деган саволига жангари шундай жавоб берди:

"Ҳазрати Умарнинг 12 яшар ўғли жиҳодга борган, бизнинг 14 яшарларимиз борса, нима қилибди?! Жиҳод ёш танламайди. Исталган ёшда жиҳодга бориш мумкин. Биродарларга энг оғир пайтида ёрдам бермасангиз, қачон ёрдам берасиз?!"

"Биз мусулмонларни қирмаймиз"

Суриянинг Ҳалаб шаҳрида қолаётганини иддао қилган жангари бу гал ҳам "Исломий давлат"га қарши қаратилган даъволарини канда қилмади.

"Сурияда биз у "Исломий Давлат" томонидагига ўхшаб, мусулмонларни ўлдирмаймиз. Бу ерда ҳаммаси яхши. Шароитларимиз яхши. Келиб, ўзингиз ҳам кўриб кетсангиз бўлади. Ёки бўлмаса, мунофиқ агентларингизни юбориб кўрсангиз ҳам бўлади", деб даъво қилди ўзбек жангариси.

Унинг иддаосича, шу кунларда Сурия ва Ироқ ҳудудида турли давлатларда мужоҳид қиёфасида жосуслар кўплаб юборилмоқда. Жангарига кўра, "Исломий Давлат" етакчиси Абу Бакр Бағдодий ўз жангарилари орасидан жосус қидириш билан банд ва шубҳа туғдирган "исталган одамини ўлдириб юбораяпти".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG