Линклар

Свердлов: Андижон қирғинида айби бўлган собиқ вазир Алматовнинг Чехияга саëҳатидан хавотирдамиз


Зокир Алматов (чапдан иккинчи) 2005 йилги Андижон қирғини учун асосий масъуллардан бири сифатида ЕИ санкциялари рўйхатига киритилган эди.

Зокир Алматов (чапдан иккинчи) 2005 йилги Андижон қирғини учун асосий масъуллардан бири сифатида ЕИ санкциялари рўйхатига киритилган эди.

Собиқ Ўзбекистон ички ишлар вазири 66 яшар Зокир Алматов Чехиянинг Карлови Вари оромгоҳига келиб 20 кунлик муолажа олган.

Бу ҳақда Озодликка инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Чехиядаги манбалар маълум қилди.

Исми очиқланишини истамаган Чехиядаги ўзбек тадбиркорининг Озодликка маълум қилишича¸ 2005 йил 13 май кунги қирғин пайти Ўзбекистон Ички ишлар вазири сифатида бу қонли ҳодисага бевосита масъуллардан бири сифатида кўрилган Зокир Алматов ўтган ҳафта Тошкентга қайтиб кетган:

- Зокир Алматов Карлови Вари аеропортидан тўғри Москвага учди. Ундан кейин пересадка билан Тошкентга кетди. Зокир ака Карлови Варидаги шифохонада 20 кун муолажа олди¸ дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра Алматов қандли диабет ва бошқа хасталик асоратларидан даволанган :

- Алматов минералли ванна ва шифоли сув процедураси олди. Муолажа рўйхатида лимфодренаж ҳам бор эди¸ дейди манба.

Свердлов: Андижон қирғинида айби бўлган собиқ вазир Алматовнинг Чехияга саëҳатидан хавотирдамиз.

ХРВнинг Марказий Осиë бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда “Андижонда минглаб одамларнинг қонини тўкканликда айбланаëтган Зокир Алматов каби исталмаган ва қонун ташқарисида бўлган шаҳсларнинг жиноятлари жазоланиб суд қилингани маъқул бўлар эди”, - деди.

Суҳбатдошга кўра "Инсонларни қирғинбарот қилганларни¸ бу жиноятдан қанча муддат ўтишидан қатий назар суд қилиб жазолаш учун барча ҳуқуқий асослар бор",

Истиснога ноил меҳмон

2005 йил 13 май кунги Андижон қирғинидан кейин Европа Иттифоқи ҳудудига кириши тақиқланган ўзбек мулозимлари рўйхатига киритилган пайтда ҳам Алматов “истисно тарзда” Европага келган эди.

Андижон қирғинидан 6 ой ўтиб Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматов расмий Берлин илтифотига кўра¸ Ҳанновер шаҳридаги халқаро Неврология институтининг хусусий клиникасига даволаниш учун жойлаштирилган эди.

Ўшанда ўзбек мулозимининг ташрифини Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти “шармандалик” дея атаган бўлса¸ Шпигел журнали "Қонун ташқарисидаги бир кимсага берилган ëрдам" дея мақола чоп қилган эди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Михаел Ибер ўшанда бу ташрифни гуманитар илтифот сифатида малакалаган эди:

"Европа Иттифоқи томонидан қўйилган жазо чорасига биноан Зокир Алматовнинг ЕИ ҳудудида саëҳат қилиши тақиқланган. Аммо биз унга гуманитар асосларга кўра виза бердик. Алматовнинг махсус клиникага жойлаштирилиши бунинг учун асос бўлди", - деган эди Германия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак Алматовга нисбатан жиноий иш очилишини талаб қилган бўлса ҳам¸ Германия прокуратураси Алматовни тинч қўйишни истаган эди.

Германия федерал прокурори Кей Неҳм ўзбекистонлик қочқинларнинг Зокиржон Алматов ва бошқа 11 ўзбек амалдори устидан жиноят иши очиш тўғрисидаги аризасига рад жавоби берганидан кейин собиқ вазир Алматовни Европада ҳуқуқий таъқиб этиш процедураси ҳам тугаган.

Шенген ҳудудига кириши тақиқлангарнинг Франциядаги CNIL (Commission nationale de l'informatique et des libertés) ташкилоти стоп-листида ҳам Алматовнинг исми йўқ.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Алматов оддий фуқаролик паспортига Шенген визаси олиб Чехияга сафар қилган.

Собиқ вазирнинг айнан қайси ЕИ давларидан виза олгани номаълумлигича қолмоқда.

Озодликда мавжуд бўлган маълумотга кўра¸ собиқ вазирга жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган тадбиркор¸ криминал авторитет саналган Салим Абдувалиевнинг қудаси Ҳусан Зиямуҳаммедов ҳамроҳлик қилган.

Шубҳали ҳамроҳ

Собиқ вазир билан Европада сайр қилгани айтилаëтган 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов ўтган ойда Россияга изнсиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, ҳўл мева жўнатганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, вақтинча қўлга олинган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ “ҳуқуқ тизимлари билан ҳамкорлик қилгани ва давлатга етказилган зарарни тўла қоплагани учун" унга нисбатан тергов ҳаракатлари тўхтатилган.

Озодликнинг норасмий манбаларига кўра¸ Россиядаги "вор в законе" Дед Ҳасаннинг Ўзбекистондаги шотири бўлган Ҳусан Зиямуҳаммедов узоқ йиллардан бери Зокир Алматов билан яқин алоқада бўлиб келади. Манба таъкидича¸ Зокир Алматов иқтидорда пайтида айнан Зиëмуҳаммедов вазирни ўғрилар дунëси билан боғлаган кўприк вазифасини бажарган.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва ўзбек жиноят оламининг яна бир таниқли вакили деб кўриладиган Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Ўтган йили Салим Абдувалиевнинг набираси Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушган эди.

Ҳозир 66 ёшга кирган собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳрида аҳолининг тинч норозилик чиқишлари куч билан бостирилганидан бир йил ўтиб ишдан олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG