Линклар

Петербургда фарзандини ташлаб кетган ўзбекистонлик она қидирилмоқда


Болалар уйида

Болалар уйида

Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман полицияси 2 яшар боласини ташлаб кетган 33 ёшли ўзбекистонлик аёлни қидирмоқда. Полицияга кўра¸ қизалоқ Ленинград вилоятида туғилган, унинг онаси фоҳишалик билан шуғуллангани учун аввал ҳам бир неча бор жавобгарликка тортилган.

"Қизалоқ ярим ойдан бери онасини кўрмаган"

15 сентябрь куни соат кечки 9 ларда Россиянинг шимолий пойтахти Красногвардейский туман полиция бўлимига 37 ёшлик ўзбекистонлик аёл 2 яшар Комила исмли қизалоқни етаклаб келди.

Болани қабул қилиб олган Красногвардейский туман Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими инспектори лейтенант Виолетта Штейнернинг Озодликка айтишича¸ Ленский кўчасида яшовчи бу аёлга болани 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган таниши ташлаб кетган:

- Болани бу аёл бизга олиб келди. Қизалоқнинг онаси у билан болага вақтинчалик қараб туриш ҳақида келишган экан. Аслида болани 31 август куни ташлаб кетиб, бошқа қайтиб келмабди. Онанинг телефони ўчирилган, бирор маротаба ўзи қўнғироқ қилмаган, деди Виолетта Штейнер.

Красногвардейский туман 13-полиция бўлими навбатчиси Озодлик сўровига икки яшар Комила тўғрисида бошқа маълумотларни ҳам бериб, қизчанинг аллақачон шифокорлар қарамоғига жўнатилганини билдирди:

- Унинг исми Аҳмедова Комила Руслановна, 2013 йилнинг 30 июлида Ленинград вилояти Сланци шаҳрида туғилган. Онаси қидирувда, болани эса ҳамюртлари полицияга олиб келган. Ҳозирда қизча Цимбалина шифохонасига топширилди, деди полиция ходими.

Туман полиция бўлими ходимларига кўра¸ Комиланинг онаси экани айтилаëтган аëлнинг муқаддам бир неча маротаба Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодексининг 6.11- моддаси, яъни фоҳишалик билан шуғулланганлик айби билан жавобгарликка тортилган.

Санкт-Петербург шаҳридаги 15-сонли В.В.Цимбалина номидаги Болалар шифохонаси ходимаси Озодлик мухбири билан суҳбатда Комиланинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот берди:

- Ҳа, у қизча бизда. Жуда яхши бола, аҳволи дуруст. У муассасамизга биринчи маротаба тушаётгани йўқ – уни олдин ҳам олиб келишган. Комила ўзи жуда яхши, лекин қорни роса оч экан - қаровсиз бўлгани кўриниб турибди. Ювинмаганидан кирлаб кетибди, аллақанлай қумурсқа чақиб ташлаган экан – баданлари кўкариб кетган, деди Цимбалина Болалар шифохонасида Комилани даволовчи врачи.

Исми ошкор этилмаётган 33 ёшли она ҳозирда Красногвардейский туман полицияси томонидан болани ташлаб кетганликда айбланиб¸ қидирувга берилган. Аниқланишича, жорий йилнинг июль охирларида бу аёл Ленинград вилояти Сланцево тумани полицияси томонидан ўз қариндошлари берган ариза асосида федерал қидирувга берилган.

Боласини ташлаб кетаётган муҳожир аёллар кўпаймоқда

Озодлик ўз боласини кўча-куйда ташлаб кетаётган ўзбекистонлик муҳожир оналар сони кўпайиб бораётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

2015 йилнинг май ойида Россиянинг Санкт Петербург шаҳри Красногвардейский туман суди боласини кўчага ташлаб кетганликда айбдор деб топилган ўзбекистонлик 25 ёшли аёлни 8 ойлик ахлоқни тузатиш ишларига жалб қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Шу йилнинг Август охирларида Калининградда ўзбекистонлик аёл оғир иқтисодий шароити боис янги туғилган чақалоғини бошқа оилага бериб юборганди.

Жумладан, 2014 йилнинг октябрида Солнечногорскда янги туғилган ўғлини кўчага ташлаб кетган 25 ёшли аёл жавобгарликка тортилган эди. Терговчиларга у бу ишга моддий қийинчиликлар туфайли қўл урганини айтган.

Бундан ташқари, ночор аҳволда қолган ўзбек аёлларининг ўз фарзандларини пуллаш ҳолатлари ҳам тез-тез учраётгани тўғрисидаги хабарларнинг кўпайиб бораëтгани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG