Линклар

Обама 14 яшар Аҳмадни “антиқа соат”ини кўрсатиш учун Оқ уйга таклиф қилди


Уйида 20 дақиқа ичида ясаган қўлбола соатини мактабга олиб келгани учун ҳибсга олинган Аҳмад бир неча соат ичида халқаро майдонда танилган ўспиринга айланди.

Уйида 20 дақиқа ичида ясаган қўлбола соатини мактабга олиб келгани учун ҳибсга олинган Аҳмад бир неча соат ичида халқаро майдонда танилган ўспиринга айланди.

Техаснинг Ирвинг шаҳарчасида ўзи ясаган рақамли соатни физика ўқитувчисига кўрсатиш учун олиб келган 9-синф ўқувчиси Аҳмад Муҳаммад бу ихтироси учун тақдирланиш ўрнига¸ қўлига кишан солинган ҳолда ҳибсхонага олиб кетилди. Аҳмаднинг исми ва дини боис бундай адолатсизликка асос бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда бошланган норозилик оқибатида ўспирин бир кунда ўзига хос қаҳрамонга айланди ва шахсан АҚШ президенти томонидан Оқ уйга таклиф этилди.

Душанба куни ўз беозор ихтироси қўлбола бомба сифатида талқин этилиб¸ уни мактабга олиб келгани учун тўрт полициячи ҳамроҳлигида ҳибсхонага қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилган Аҳмад тақдирини бу адолатсизлик тубдан ўзгартириб юборди.

Аҳмаднинг АҚШда кучайиб бораëтган мусулмонлардан қўрқиш синдромининг янги қурбони бўлгани ҳақидаги эътирозлардан сўнг¸ Америкада бу воқеага муносабат билдирмаган сиëсатчию ихтирочи қолмади ҳисоб.

Чоршанба куни АҚШ президенти Барак Обама Аҳмадга Twitter хабари йўллаб¸ уни Оқ уйга таклиф қилди.

“Аҳмад¸ соатинг жуда антиқа. Уни Оқ уйга олиб келишни хоҳлайсанми? Биз сенга ўхшаш болаларнинг аниқ фанларга нисбатан қизиқишини илҳомлантиришимиз керак. Американи айни шу нарса буюк қилади”¸ деди ўз твитида Обама.

Оқ уй матбуот хизматига кўра¸ президент Аҳмадни 19 октябрга белгиланган “Оқ уйда астрономия кечаси” деб номланган тадбирга таклиф қилган. Бу тадбирда аниқ фанларда муваффақият кўрсатган ўқувчи ва талабалар соҳанинг етакчи олимлари ва АҚШ Астронавтика агентлиги мутахассислари билан учрашади.

“Бу тадбир илм-фан¸ қуëш тизими ва коинот ҳақида гаплашиш имконини беради. Биз Аҳмаднинг бу тадбирда ўзини уйдагидай ҳис қилишига умидвормиз”¸ деди Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест.

Айни пайтда¸ Аҳмаднинг қизиқувчанлиги ва ихтирога ўчлиги Facebook ва Google каби ахборот технологиялари соҳасида буюк ўзгаришлар қилаëтган ширкат етакчилари диққатига тушди.

Facebook асосчиси Марк Зуккерберг ўз саҳифасида:

“Антиқа нарса ясаш малакаси ва мақсадига эга бўлиш ҳибсга олиш эмас¸ олқишга лойиқдир. Келажак Аҳмадга ўхшаганлар қўлидадир”¸ деб ëзди ва “Аҳмад¸ агар сен қачондир Facebookка келишни истасанг¸ мен сен билан учрашишдан мамнун бўламан. Ихтиро қилишдан тўхтама!” дея ихтирочи ўқувчига таклиф йўллади.

Google раҳбарияти Аҳмадни “соатини олиб¸ аниқ фанлар бўйича ҳафта охирида ўтказиладиган ярмаркасига келиш”га чақирган бўлса¸ Twitter ўспиринни ўз бош офисида малака оширишга таклиф қилди.

Демократик партиядан президентликка номзоди қўйилган Ҳиллари Клинтон “Ҳар хил тахмин ва қўрқув ҳаëтимизни таҳликасиз қилиб қўймайди¸ аксинча¸ бизни тараққиëтдан орқага тортади. Аҳмад¸ қизиқувчанлигингни йўқотма ва ихтироларингни давом эттиравер!” деб ëзди Twitterda жумладан.

Ўқувчилар хавфсизлигига таҳдид солувчи хавфли нарсани мактабга олиб келганликда айбланиб¸ вояга етмаганлар сақланадиган ҳибсхонага қўли кишанланган ҳолда олиб кетилган Аҳмад бир неча соатдан сўнг уйига қўйиб юборилган бўлса-да¸ унинг опалари ижтимоий тармоқларга ташлаган кишанбанд ҳолдаги сурати жамаотчиликни жунбушга солмай қўймади.

“Агар шу соатни оқ танли¸ исми ҳам Аҳмад Муҳаммад бўлмаган бошқа бола мактабга олиб келганида эди¸ техаслик ўқитувчи ва полициячилар бунақа муносабат қилмаган бўлардилар. Бу бола исми¸ терисининг ранги ва дини учун шундай ҳақсизликка учради”¸ деган мазмунда бўлди аксар эътирозлар.

Ирвинг полицияси ва Аҳмад ўқиган мактаб маъмуриятининг бундай эътирозлар асоссиз экани ҳақидаги баëнотлари ҳозирча кўпчиликни ўзига ишонтира олгани йўқ.

Мактаб ва полиция ходимларини Аҳмадни диний ва ирқий асосда камситганликда айблаëтган Аҳмаднинг асли суданлик оиласи унинг ўқишини бошқа мактабда давом эттиражагини билдирди.

XS
SM
MD
LG