Линклар

Россияда бошқа миллат вакиллари билан яқин муносабатда бўлган қирғиз қизларини калтаклаш билан ном чиқарган “патриот” гуруҳининг 28 ёшли вакили қўлга олинди. У Москвада ишлаётган бир қирғиз қизига таҳдид қилиб, ечинишга мажбур қилиб, видеотасвирга олган ва қизни зўрлаган. Бу воқеадан сўнг қиз ариза билан милицияга мурожаат қилган, пировардида зўравон йигит суд қарори билан ҳибсга олинган.

Интернетда қирғиз қизини “бошқа миллат вакиллари билан жинсий алоқада бўлгансан” деган иддао билан қўрқитиб, уни зўрлаганликда айбланган йигитнинг сўроқ қилингани тасвирланмиш видео тарқалди.

Унда айбланувчи ўзининг Москвага икки ой аввал келгани, 28 ёшда экани, Ўш вилоятининг Ўзган туманидан эканини айтган.

- Полицияга бир қиз ариза ёзиб қўйибди. У қиз билан кеча бирга бўлганман ва қўполроқ муносабатда бўлган эдим. “Сен мени менсимай қўйяпсан. Ўзбекларинг бор-да, шунинг учун кетиб қолябсан” деб, қаттиқроқ сўз айтганман, - деди исми Майрамбек бўлган йигит.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги вакили Асқат Алиевга кўра,Майрамбек бир ҳафта аввал милицияга арзланган 20 ёшли қирғизистонлик қиз шикояти асосида қўлга олинган:

- У қизнинг ўзбеклар, тожиклар билан ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган. Бироқ уни қўрқитиб, яланғоч қилиб, видеога олган ва “мен тожиклар билан ётганман” дедириб, ўша видео билан уни шантаж қилган. “Мен чақирганда келмасанг ёки милицияга борсанг, шу видеони интернетдан тарқатиб юбораман”, деган. Бу бола қўлга олиниб, ҳозир тергов кетмоқда. Суд қарори билан ҳибс қилинди. Ҳеч қаерга қочиб кетолмайди, жазосини олади, деб ўйлайман, - деди Асқат Алиев зўравон йигит Россия ва Қирғизистон миршаблари томонидан қўлга олинганини қўшимча қиларкан.

Россиядаги қирғиз қизларини бошқа миллат вакиллари билан яқин муносабатда бўлганликда айблаб, калтаклаган ва бу “ақл киритиш” жараёнини видеотасвирга олиб, уни интернетда тарқатган йигитлар қўлга олингани ҳақида аввал ҳам хабарлар тарқалган. Бироқ “миллат шаъни учун қайғурган” бу йигитларнинг биронтаси ҳам жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот йўқ.

Аввалроқ Россия полицияси “патриотлар” гуруҳи томонидан таҳқирланган Сапаргул исмли қиз воқеасидан кейин бу гуруҳга дохил етти киши Қирғизистонга қочиб кетганини маълум қилганди. Қирғиз милицияси эса воқеа Россияда бўлгани ва қизлардан бу борада ҳеч қанақа ариза тушмаганини айтишади.

Август ойи охирларида Интернетда “патриот”лар қирғиз қизи билан алоқада бўлгани учун наманганлик йигитни калтаклаганига оид видео ҳам тарқалганди.

Ундан олдин ҳам “патриотлар жасорати” акс этмиш яна икки видео тарқаган. Уларнинг бирида номус посбонлари 19 ёшли қизни “бошқа миллат вакили билан жинсий алоқада бўлгансан”, деб айбласа, иккинчи видеода ўзбек йигитини “қирғиз қизлари билан юргансан” дея калтаклаётгани акс этган.

Ҳуқуқ фаоллари ёш аёлларни хўрлаганлар жазоланмагунича бундай ҳолатлар такрорланаверишини таъкидлаб келишади. “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова фикрича, бу воқеадан кейин ўзини “патриот” деб атовчи сохта ватанпарварларни қўлга олиш ишлари бошлаб юборилиши лозим.

- Йигитнинг Россия ҳудудида қўлга олинганидан хурсандман. Қалбаки ватанпарварлар “патриот” деган номни қалқон қилиб олиб, ҳимоясиз аёлларни калтаклаганлар. Ҳимоясиз хорижликларни калтаклаш ҳолатлари ҳам, афсуски, Қирғизистон куч ишлатар идоралари дастаги, розилиги билан ёки ўшаларнинг бепарволиги ортидан содир бўлаяпти. Ўша “йигитнинг шериклари ким, ёнидаги яқинлари ким, унинг ёки у билан бирга юрганлар қўлидан жабрланганлар яна борми?” деган саволларга жавоб берилиши керак,- дейди Азиза Абдурасулова.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги вакили Асқат Алиев терговчилар бу борада ҳам иш олиб бораётганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG