Линклар

Ўзбек милициясининг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолдими?


Ҳайдовчилар милиция ходимини калтаклагани ижтимоий тармоқда тарқалди

Ҳайдовчилар милиция ходимини калтаклагани ижтимоий тармоқда тарқалди

Кейинги бир ой ичида Озодлик милиция ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари камситилаëтганига оид бир неча мақола эълон қилди.

Қарши-Ғузор трассасидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимини оддий ҳайдовчилар тахқирлагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Куни кеча ички ишлар тизимининг оддий ходимлари Озодликка икки ойдан бери ойликсиз ишлаëтганлари хусусида шикоят қилди.

Бугун эса милиция ходимлари пахта теримига сафарабар қилингани ҳақидаги ҳабар келди.

Маслак вазифаси одамлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлган милиционерларнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолдими?

Бу савол жавобини Озодликнинг Қурултой эшиттиришида муҳокама қилдик.

Қурултой фарғоналик милиционернинг Озодликка ëзган мактуби билан бошланди.

“Салом Озодлик. Бугун развод ҳам вазир келиши туфайли тонг саҳар 5 да бўлиб ўтди. Сабаби¸ ўзимизнинг вазиримиз майда-чуйда ходимларни кўрмаслиги керак экан. Вазир ўз милициясидан қўрқсая¸ ëки милиция ходимларининг уст-бошлари хароблигини кўриб дарғазаб бўлармикан? Ëки икки ойдан бери ҳувиллаб ëтган пластик картасига ойлик маоши тушмаганини билиб қолса “хурсанд” бўлиб кетишидан қўрққан порахўр бошлиқларимиз ташвишдамикинлар? На бир ойлик маошимиз вақтида олинади ва на ишда тартиб-қоида бор. Бугун Қўриқлаш хизмати ходимлари тонг саҳар 4 да йиғиб олинди¸ тезроқ разводни ўтказиб¸ тезроқ постларга юборишди. Уларга вазир машинасига умуман қарамаслик шарти қўйилди. Ана сизга тартиб¸ ўз ички ишлар вазиримиз милицияни кўргани кўзи бўлмаса¸ офарин!”, деб ëзди Озодликка фарғоналик милиция зобитларидан бири.

Озодликнинг Қурултой эшитиишда қатнашган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг таъкидича¸ Ўзбекистонда милиция тўғрисида қонуннинг йўқлиги милиция ҳодимларининг ўзларини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан боши берк кўчага тиқиб қўйган:

- Вазиятни ўзгартириш учун ўтган ойда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Собир Ирисбеков эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Тошкент шаҳар Чилонзор ва Олмазор туманлари Ички ишлар бўлими бошлиқларининг биринчи муовинлари ҳам лавозимларидан айрилди. ГАИ тизимида ўзгаришлар бўляпти, янги раҳбарлар келяпти. Йўлларда порахўрликни камайтириш учун камералар кўпайтириляпти. Лекин, бу билан порахўрлик камаяётгани йўқ. У раҳбарни олиб ўрнига бошқасини қўйиш билан буни йўқотиб бўлмайди. Туб ислоҳот зарур. Милиция тўғрисида қонунлар қабул қилиниб, бу тизимни тубдан ўзгартириш керак, - дейди Сурат Икромов.

Йил бошида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига 2006 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Баҳодир Матлубов ўз саломатлиги важи билан лавозимидан бўшатилган ва ўрнига унинг биринчи ўринбосари Адҳамжон Аҳмадбоевни тайинлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG