Линклар

Марказий Осиёдаги икки асосий дарёнинг бири бўлмиш Амударё қачонлардир Каспий денгизига қуйилган. Ҳозирги Туркманистоннинг жануби-ғарбида ҳали ҳам қадимий Ўзбўй дарё тизими мавжуд бўлганини ва бу ерлар тахминан тўрт минг йил аввал қишлоқ хўжалиги ривожланган бой ҳудуд бўлганини кўрсатувчи далиллар бор. Ҳозир эса бу ҳудуд чўлдан иборат бўлиб, сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш ва иқлим ўзгариши Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларини ҳам чўлга айлантириши мумкинлиги кўпчиликни хавотирга солмоқда.

Ҳудуд аҳолиси 100 йил аввалгидан ўн баробарга ошган. Орол денгизи қуришига сабаб бўлган сиёсатлардан ҳануз воз кечилгани йўқ, шарқда жойлашган тоғларнинг музликлари шиддат билан эримоқда, иқлим ўзгараётганини кўрсатувчи белгилар аён бўлиб бормоқда.

Озодлик радиосининг туркман хизмати Марказий Осиё ва қўшни мамлакатлардаги сув бўйича ҳозирги вазиятни, сув таъминоти бўйича 35, 50, 100 йиллик прогнозларни ҳамда сув ҳудудда низога сабаб бўлиши мумкин ёки йўқлигини муҳокама қилиш учун давра суҳбати уюштирди.

Озодлик радиоси туркман хизмати директори Муҳаммад Тоҳир давра суҳбатига етакчилик қилди. Суҳбатда Лондон Империал коллежининг глобал сув масалалари бўйича мутахассиси эронлик Кавеҳ Маданий ва Марказий Осиёдаги музликлар эришини ва бунинг сабабларини ўрганиб келаётган бишкеклик журналист Рискелди Сатке иштирок этди. Мен (яъни Брюс Панниер – таҳр.) ҳам ўз қарашларим билан бўлишдим.

Сатке изланишлар Марказий Осиёнинг Тянь-Шань тоғларидаги музликларнинг умумий массаси охирги 50 йил ичида 27 фоизга камайганини ва 2050 йилгача янада озайиши мумкинлигини кўрсатишини айтди.

Сатке Қирғизистондаги Қумтор олтин кони лойиҳасининг кон яқинида жойлашган музликка кўрсатган салбий таъсири ҳақида бир неча мақола ёзган. Журналист музликларнинг озайиб бораётгани Марказий Осиёдан бошқа ҳудудларда ҳам муаммо эканлигини айтди. Унинг айтишича, Афғонистон ва Покистондаги музликларнинг 93 фоизи озайиб бормоқда.

Маданий Эронда жойлашган Урмия кўлини тилга олди ва бу кўл масаласи Ўрта Осиёдаги аҳволга ўхшаш эканлигини айтиб ўтди.

“Урмия кўлида кўриб турганимиз Орол денгизи синдроми бўлиб, бу ягона ҳол эмас. Буни жуда кўп ерда кузатяпмиз”.

Аммо Маданий мазкур синдром иқлим ўзгариши эмас, балки инсонларнинг сувдан нотўғри фойдаланиши сабаб юзага келганини қўшимча қилди.

“Орол денгизи нотўғри фойдаланиш ва инсон келтириб чиқарган ҳалокатнинг ёрқин мисоли ҳисобланади. Аммо бу муаммони бошқа жойларда ҳам кузатмоқдамиз. Мазкур муаммо ривожланаётган мамлакатларда учрайди”.

Ҳозирги аҳволнинг қанчалик даражада ёмон эканлиги ҳали ҳам номаълум. Муаммони бошидан кечираётган айрим Осиё мамлакатларида изланишлар олиб борилмоқда, аммо Сатке бу изланишлар яқинда қайта тикланганини эслатиб ўтди.

“90 йилларда Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин тахминан икки ўн йиллик давомида, 15 йилга яқин вақт мобайнида ҳеч бир иш қилинмаган”, деди Сатке. Натижада Марказий Осиёдаги вазият бўйича совет даврида тўпланган ва охирги беш йил давомида олинган маълумотлар бор холос.

Аммо тўлиқ маълумотсиз ҳам жиддий муаммо борлиги, уни осон ҳал қилиб бўлмаслиги аён. Суҳбат давомида ХХ аср бошида 6-8 миллиондан иборат бўлган Марказий Осиё аҳолиси ҳозирги кунга келиб 66 миллионга етгани айтиб ўтилди. Орол денгизининг қуришига олиб келган энг муҳим сабаблардан бири Марказий Осиё ерларининг суғорилиши, хусусан, Москванинг ҳудудни пахта даласига айлатириш қарори бўлган. Ҳозир ҳам Марказий Осиё ҳукуматлари, айниқса, Ўзбекистон ҳукумати учун жуда кўп миқдорда сув талаб қиладиган пахта муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Буларнинг барчасига иқлим ўзгариши ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Маданий ва Сатке ҳозирги муаммоларнинг нечтаси иқлим ўзгариши туфайли юзага келганини айтишга ҳали эрта эканлигини айтди. Шундай бўлса-да, Марказий Осиёда мазкур йилда кузатилган ўта иссиқ ёз, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда рўй берган сув тошқинлари иқлим ўзгариши сабаб бўлаётган жараёнлар таъсирида юзага келган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2012 йилнинг сентябрида ҳудуддаги сув танқислиги келажакда урушларга олиб келиши мумкинлигини айтди. Қирғиз-тожик чегарасида яшаётган жамоалар сув сабаб тез-тез тўқнашиб туради.

Маданий шу пайтгача “тарихда икки миллат сув устидан жанжаллашмаган”, деди. Аммо у урушга сабаб бўлган муаммолар тўплами ичида сув масаласи ҳам бўлганини қўшимча қилди. Маданий яна тарихда сув масаласи бўйича келишувга эришилган ҳоллар кўп бўлганини ва бундай келишувларга эришиш мамлакатларнинг бошқарув услубига боғлиқ эмаслигини – сув масалалари бўйича золим ҳукмдор демократик лидер билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини айтди.

Ўрта Осиёда сув ва унинг ишлатилиши бўйичи юқорида айтиб ўтилган ва бошқа масалалар, жумладан, тоғли Қирғизистон ва Тожикистоннинг гидроэлектростанциялар қуриш истаги ва кескинлашиб бораётган муаммога ҳудудий ечим топиш учун имкониятлар давра суҳбати давомида муфассал муҳокама қилинди.

Брюс Панниер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG