Линклар

Ўзини иқтисодчи академик деб таништирувчи ўзбекистонлик Рустам Абдуллаев Интернет нашрлари орқали Ислом Каримовга Отаўзбек – ўзбеклар отаси ва ўзбек давлати асосчиси деган расмий мақом бериш ташаббуси билан чиқди. Бу ташаббус умумхалқ муҳокамасига қўйилса¸ Сиз уни қўллайсизми? Душанба¸ 21 сентябрь куни Тошкент вақти билан кечки соат 7 да бошланадиган жонли¸ интерактив суҳбатимиз шу ҳақда бўлади. Суҳбатга Skype орқали қўшилишингиз мумкин.

Қўшни Туркманистоннинг биринчи президентига расман туркманбоши¸иккинчисига Аркадаг (миллат суяниб турган Орқатоғ)¸яна бир қўшни Қозоғистон президентига расман элбоши мақоми берилиб¸ Ислом Каримов норасмий калимада камтаргина юртбоши бўлиб келаëтган бир пайтда¸ ўзини иқтисод фанлари доктори¸ академик деб тақдим этувчи Рустам Абдуллаев бу мақомни олий даражага кўтариб¸ уни расман муҳрлаб бериш ташаббуси билан ўртага чиқди.

18 сентябрь куни Марказий Осиë воқеаларини ëритувчи centrasia.ru Интернет сайтида Абдуллаевнинг “Ислам Каримов – основатель Узбекистана¸ как отцы-основатели США” (“Ислом Каримов АҚШга асос солганлар каби Ўзбекистон асосчисидир”) деб номланган мақоласи чоп этилди.

Бундай ташаббусини асослаш учун академик ким эдигу ким бўлдик¸ деган саволни ўртага қўйиб¸ унга узоқ жавоб беришга уриниш орқали Ислом Каримовни даҳо йўлбошчига чиқаради ва ўз жавоби орқали унинг Ўзбекистон асосчиси – ўзбеклар отаси – Отаўзбек мақомига лойиқ деб топади. “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланган жорий йилда¸ жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб¸ Олий Мажлис Ислом Каримовга расман Отаўзбек мақомини расман тақдим этиши лозим”¸ деб хулосалайди узундан-узун мақоласини Рустам Абдуллаев.

Айтиш жоизки¸ бу ташаббус академикнинг биринчи антиқа таклифи эмас – бундан аввал Абдуллаев президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага расман “Ўзбекистон маликаси” мақоми берилиши лозим¸ деган гапни майдонга ташлаган эди.

Гулнора Каримова бу олий мақомга эриша олмай¸ Европа ва АҚШда бораëтган тергов-текширув ортидан “уй қамоғи маликаси” бўлиб қолаëтган бир пайтда¸ топқир академик янги ташаббусини унинг 25 йилдан бери ҳокимиятни ҳеч кимга бермай келаëтган ва умрининг охирига қадар бировга бериши ҳам савол остида қолаëтган отасига бағишлади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 25-йилига келиб¸ мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиб бораëтганини яшириш имконсиз ҳолга айланган бир кезда ўзини иқтисодчи академик деб атовчи Рустам Абдуллаевнинг бундай ташаббус билан чиқишини Сиз қандай изоҳлайсиз?

Ислом Каримов Ўзбекистонни исломий экстремизм жаридан омон сақлаб¸ уни иқтисодий фаровон давлатга айлантириш орқали миллат отаси мақомига арзигулик миссияни бажарди¸ деган фикрга қўшиласизми?

Ислом Каримовга Отаўзбек деган мақом бериш масаласи умумхалқ муҳокамасига қўйилса¸ Сиз қандай овоз берган бўлардингиз?

Отаўзбек мақомини кимгадир бериш лозим топилса¸ Сиз уни кимга лойиқ кўрган бўлардиниз?

Бугунги ўзбекистонликлар учун кимгадир Отаўзбек мақомини бериш-бермаслик қанчалик муҳим масала?

21 сентябрь куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бу саволлар атрофидаги фикрларингизни Озодликнинг Skypeманзиллари орқали жонли суҳбатда билдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG