Линклар

Нетаньяҳу Москвада Путин билан Россия Сурияда ҳарбий салоҳиятини ошираётгани хусусида музокара қилади


Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ва Россия Президенти Владимир Путин

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ва Россия Президенти Владимир Путин

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу бугун Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, Россиянинг Сурияга ҳарбийларни жўнатганига доир масалани муҳокама қилмоқда.

Кремль раҳбари билан учрашувда Нетяньяҳу Россиянинг Сурияда ҳарбий база қураётгани хусусида Исроил хавотирларини изҳор этиши кутилмоқда.

Jerusalem Post газетасининг хабар қилишича, Нетаньяҳу Москва музокараларига Исроил армияси бош штаби бошлиғи Гади Айзенкот ва разведка хизмати бошлиғи Ҳерцл Ҳалевини олиб келмоқда. Исроилда чиқадиган нуфузли газета Нетаньяҳу камдан-кам ҳолларда хориж сафарига ҳарбий мулозимларни олиб боришини қайд этмоқда.

Хабарларга кўра, Исроил томони Сурияда ҳукумат билан исёнчи гуруҳлар ўртасидаги можарога Россиянинг аралашуви яҳудий ҳарбийлари билан рус қўшинлари ўртасида тасодифий қуролли тўқнашувга олиб келиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Исроил Сурия шимолидаги жангари гуруҳларга қарши рейдларни амалга ошириб келади ҳамда Россия Сурия армиясига тақдим этаётган қуроллар Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи қўлига тушиб қолиши олдини олишни истайди.

Нетаньяҳунинг шахси сир қолиши шарти билан гапирган собиқ маслаҳатчиларидан бири яҳудий давлати раҳбари тасодифий ҳодислар олдини олиш мақсадида Путин билан “муайан қоидалар” бўйича келиши олиш истагида, дея билдирди.

Айрим хабарларга кўра, Қўшма Штатлар ҳам сўнгги кунларда Россия билан “зиддиятлар олдини олиш”га қаратилган музокараларни ўтказган.

XS
SM
MD
LG