Линклар

Қозоғистонда советча партиявий жазо бериш усулига қайтилдими?


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Президент Назарбоевга қарашли “Нур Ўтан” партияси аъзоси Жамбил Қалавов билан боғлиқ можарога унинг ижтимоий тармоқда қолдирган бир ёзуви сабаб бўлган. У Беларус президенти Александр Лукашенка бензин нархини пастлигича тутиб туришни ваъда қилган видеоролик остига: “Мана батька – шоввоз, бизда ҳам шунақа элбоши бўлсайди”, деб ёзиб қўйган эди.

Кўп ўтмай Чимкент шаҳар кенгаши депутати бўлган Қалавов “Нур Ўтан”дан ҳайдалади. Партия мажлисида Жамбил Қалавов партиявий аҳлоқ меъёрларига риоя қилмагани, “Нур Ўтан” партияси раиси Нурсултон Назарбоев шаънига салбий фикрлар айтгани ва Интернетда президент ҳокимиятидан норозилик сўзларини тарқатгани учун партия сафидан чиқарилгани айтилган. Партия Қалавов иши Миллий хавфсизлик қўмитасининг Жанубий Қозоғистон бўйича департаментига кўриб чиқиш учун топширилишини билдирган.

Орадан бир неча кун ўтгач, президент Нурсултон Назарбоевнинг ўзи билвосита бу воқеага муносабат билдирган бўлди.

- Мен ҳар хил провокаторларни огоҳлантириб қўймоқчиман – ҳеч қанақа кечириму афв бўлмайди. Кимларнидир асоссиз равишда ёмонлаётган, ғийбатини қилаётган кимсалар, қонунга мувофиқ равишда, қаттиқ жазоланади, - деди Назарбоев Атирауда қилган чиқишида.

Тасодифми ё йўқми, ҳар ҳолда, бу “огоҳлантирув”нинг эртаси куни қувғинга учраган Қалавов Чимкентда матбуот анжумани ўтказиб, тазарру қилди ва жамоатчиликни Назарбоев юритаётган сиёсатни қўллашига ишонтиришга уринди.

Бу икки воқеа ижтимоий тармоқларда қизғин мунозара уйғотди.

Назарбоев сиёсатини қўлловчи “Ватанпарварлар партияси” собиқ лидери Ғани Қосимов Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида “Нур Ўтан” вакиллари тутган йўлни тўғри, деб билмаслигини айтган. Унга кўра, Қалавов иши аввало судда кўриб чиқилиши керак эди. Қосимов бу каби партиявий жазолар жамиятни КПСС ҳукмрон бўлган совет замонидаги тоталитар тартибга қайтариши мумкинлигидан хавотир билдиради.

- Ўша пайтларда аввал кишини партия мажлисида жиноятчи деб эълон қилишар, шу асосда уни партиядан ўчиришарди ва шундан кейингина партия қарорини судга беришарди, - деб эслайди Ғани Қосимов.

Айни пайтда Қосимов президент Назарбоевнинг фитначи ва ғийбатчилар жазоланиши шартлигига оид фикрларига қўшилишини қўшимча қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Сергей Дуванов эса ўз моҳиятига кўра КПССга ўхшаган “Нур Ўтан” партиясининг қилган ишида ҳеч қанақа ҳайрон қоларли жиҳат йўқлигини айтади.

- Бу ишни қилган одам қанақа партия сафида эканини билиши лозим эди. Шунинг учун у “сакрамаслиги” керак эди, албатта, - дейди Дуванов.

Айни пайтда Дуванов президент Назарбоевнинг фитначию ғийбатчилар ҳақидаги баёнотини жамият учун таҳдид ўлароқ баҳолайди.

- Мен буни фақат ва фақат таҳдид сифатида қабул қиламан. Мамлакатда вазият ҳақиқатан ҳам ёмон. Расмийлар, шу жумладан, президент Назарбоев юзага келган вазиятни холис баҳолаб, аҳволни халққа очиқ тушунтириши ва “кўрпага қараб оёқ узатиш”га чақириши лозим эди. Бунинг ўрнига расмийлар ҳеч нарса бўлмагандек, ҳаммаси назорат остидадек, қўрқадиган ҳеч нарса йўқдек кўрсатишга уриняптилар. Улар халқни юпатаётгандек бўлаяпти, ваҳоланки, аллалашга кеч бўлганини, чунки танга ўпирилиб тушаётганини ҳамма англаб турибди. Бунақа пайтда танқид қалтис вазиятга тушиб қолган одамлар учун нормал ҳол. Ҳақиқат учун жазолаш мумкин эмас, - дейди Сергей Дуванов.

Яқинда суд қарори билан ёпилган Қозоғистон Коммунистик партияси собиқ лидери Серикбўлсин Абдилдин эса Жамбил Қалавовнинг “Нур Ўтан”дан қувилишию Назарбоевнинг огоҳлантирувини “диктатуранинг бўй кўрсатиши” сифатида баҳолайди. Абдилдин фикрича, Назарбоев қўл остидаги одамларнинг унга сўзсиз бўйсинишинигина эмас, балки ҳар бир сўзига мутеъларча ишонишини ҳам истаяпти. “Қалавов ҳам “Нур Ўтан” сафидан президент Назарбоевга ишончсизлик билдиришга журъат қилгани учунгина ўчирилди”, дея мулоҳаза билдиради Серикбўлсин Абдилдин.

XS
SM
MD
LG