Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:03

Қримтатарлар Қрим яриморолини қамал қилди


Қрим татарлар озиқ-овқат қамалини бошлади
Қрим татарлар озиқ-овқат қамалини бошлади

Украиналик қримтатарлар 20 сентябрдан Қримга озиқ-овқат киритмаслик учун яриморол қамалини бошлади. Муддатсиз деб эълон қилинган бу акция яриморол билан Украинанинг Херсон вилояти ўртасидаги чегарада Чонгар, Чаплинка, Каланчак назорат пунктларида бошланди. Озиқ-овқат қамали Украина Олий Радаси депутатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватлангани айтилмоқда. Қримнинг ўзида эса қамал маҳаллий аҳоли орасида турли мунозаларни келтириб чиқарди.

Қрим билан Украина ўртасидаги Чонгар назорат пунктида 20 сентябрь куни соат 12-ларда озиқ-овқат қамали бошланишига бағишланган қримтатарлари митинги бўлиб ўтди.

Муддатсиз деб эълон қилинган тадбирда сўзга чиққан Қримтатар халқи Мажлиси раиси Рефат Чубаров шу кун соат 12-дан бошлаб бирорта озиқ-овқат олиб ўтаётган машина Қримга ўтказилмаслигини эълон қилди.

- Қримнинг давлат қамалини бошлаймиз. Бизнинг асосий мақсадимиз – Қримни оккупациядан озод этиш ва Украина давлатининг яхлитлигини тиклаш! Бизнинг мақсадимиз – оккупация қилинган ҳудудларда яшашга мажбур этилаётган Украина фуқароларининг озодлигини таъминлаш,- деди Рефат Чубаров.

Мазкур тадбир “Қримтатар халқи мажлиси” томонидан уюштирилди. Қримга ўтадиган йўлларда Украинадан келаётган юк машиналари тўхтатилиб, бетон тўсиқлар билан йўллар тўсилмоқда. Норозилик акциясига Херсон вилояти аҳолиси ҳам қўшилгани маълум. Енгил автомашиналар ва йўловчи ташувчи транспорт тўсиқсиз Қримга ўтказилаяпти.

Тадбир ташкилотчилари сафига Украина президентининг қримтатарлар масалалари бўйича махсус вакили Мустафо Жамилев ва бир қанча парламент депутатлари келиб қўшилди.

Озодлик билан суҳбатда Қримтатар халқи Мажлиси раиси Чубаров озиқ-овқат қамали ортидан қримтатарлари яриморолга электр қувватини етказиб беришни тўхтатиш талабларини қўйиши мумкинлигини айтди.

- Қримни оккупация қилган Россия қўшинлари яриморолни тарк этишлари керак. Биз биргина шу акция билан бу мақсадларга эришиш мушкуллигини ҳам англаб турибмиз. Бу Россияни халқаро ҳуқуқий нормалар доирасига қайтаришга қаратилган тадбирларнинг биринчисидир. Шу билан бирга, биз халқаро жамоатчиликнинг босиб олинган Қримда содир этилаётган инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилишларига эътибор қаратмоқчимиз. Қўплаб қримтатарлари қамоқларга ташланди, Украина яхлитлиги учун тадбирларда иштирок этган ватандошларимизнинг аксар қисми жавобгарликка тортилмоқда,- деди суҳбатдош.

Рефат Чубаров БМТ махсус миссияси яриморолда рўй бераётган ҳодисаларни бевосита назорат қилиш учун киритилиши талаб этилаётганини ҳам эслатди. Қримтатарлар раҳбари яриморол чегарасининг Украина тарафида арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотлари бозорини ташкил этиш кераклигини маълум қилди. Унинг айтишича, ўтган 5 ой давомида Қрим ва Украина ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш 475 миллион долларга тенглашгани ва бу савдо даромади асосан “Аксёнов ва бошқа олигархлар чўнтагига” кетаётгани номақбулдир.

“Каланчак” назорат пунктида эса озиқ-овқат юкланган юк машиналари митингга келган қримтатарлар талабларига қарамасдан ўтказилаётганини билдиришмоқда. Озодлик мухбирлари эса “Каланчак”да юк машиналар тирбандлиги юзага келиб, унинг узунлиги 2 километрга етганини хабар қилишмоқда.

Озиқ-овқат қамали Украина Олий Радаси депутатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда “Пётр Порошенко блоки” партияси томонидан тарқатилган хабарномада айтилди. Бундан олдинроқ Қримнинг озиқ-овқат блокадаси Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зорян Шкиряк томонидан маъқулланди, “Ўнг сектор” Миллий-озодлик ҳаракати эса унга қўшилишини эълон қилди.

Жорий йилнинг 8 сентябрида мазкур тадбир ташкилотчилари матбуот анжуманида Украинадан Қримга олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари рус ҳарбий қисмларига бўлиштириб берилаётгани ва Россияга олиб кетилаётгани ҳақида айтган эди.

​“Қрим яриморолида норозилар бор”

Қрим раҳбари Сергей Аксенов қамал ташкилотчиларини танқид қилиб, украин маҳсулотлари олиб кирилиши тўхтатилгани муносабати билан Қримда нарх-навонинг ўсиб кетиши олдини олиш чоралари кўрилаётганини хабар қилди.

20 сентябрь куни Симферополда яриморол қамали ташаббусчиларидан бири Ленур Ислямовга тегишли АTR телеканали ва “СимСити Транс” ширкати олдида ўзларини “Халқ ўз-ўзини бошқариш” ёшлар ташкилоти пикети бўлиб ўтди. Муассаса панжарасига осилган Чубаров, Ислямов ва Жамилев портретларига тухум отилди, норозилар АҚШ байроғини ёқиб юборди.

Озодлик Қримда яшаётган қримтатарлар билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишга уринди. “Қримда яшаётган қримтатарлар яна икки лагерга бўлинди”, дейди Озодликка мустақил журналист Севиль Алединова.

- Тўғриси, бу масалада одамларимизда яна ихтилоф юзага келди. Бир томондан, ҳаммамиз тушуниб турибмизки, бу тадбир Қрим босиб олинганида - бундан 1,5 йил олдин қилиниши керак эди. Бошқа томондан, бу акция тез орада Қримни Украинага қайтармаслигини ҳам англаб турибмиз. Масаланинг яна бир томони – акция дунёга қримликларнинг овозини эшиттириш учун зарурдир. Кеча Чонгарда ҳайдовчилар ортга қайтиб кетаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо, ҳақиқатан Қримни сотиб даромад олаётган олигархлар нима деб жавоб беришини кутамиз. Қрим очдан ўлмаса керак, деб ўйлайман, чунки бизда ўзимиз етиштирган маҳсулотлар етарли. Шунга қарамасдан, яриморолдаги қрим татарлари ярмидан кўпи бу акцияни қўллаб-қувватлаяпти. Бунга қарши рус, славян миллатига мансублар бўлиши турган гап,- деди журналист Севиль Алединова.

Россия 2014 йил мартида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилган эди. Украина Қримни Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудуди сифатида билади.

XS
SM
MD
LG