Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:05

Тожикистонда вилосипед аёллар учун ҳашам эмас, ҳаракатланиш воситаси


Фарангиз Нажибулла ва Ганжиной Ганж

Велосипед ҳайдаш Тожикистонда ўзига хос хавф-хатар туғдиради, айниқса, поклигини сақлашга уринаётган қизлар ёки турмуш ўртоқ излаётган аёллар учун.
Вахш тумани турғуни 61 ёшли Ҳалима она: “Илгари одамлар қиз бола велосипеддан йиқилса, бокиралигидан айрилиб қолиши мумкин, дейишарди”, дейди.

Ҳалима она ўз невараси ҳар кун мактабга велосипед минишини ўйлар экан, бу каби хаёллар унга оғир ботади.

Телефон орқали берган интервьюсида Ҳалима она “Бу хавфли”, деди. “Аёл киши оёқлари осмонда бўлиб йиқилса айниқса ёмон кўринади”.

Ғилдиракли бало
Ҳалима она неварасини уялтиришни истамаслигини айтиб, ўзининг тўлиқ исмини ошкор қилишдан бош тортди. Онахон велосипед ҳайдаш аёллар учун эмас, деган фикрни бошқалар ҳам қўллашини айтади.

“Қишлоқда қизларнинг велосипед минишини ёқтирмайдиганлар кўп”, деган Ҳалима она унинг эътирозларига ҳеч ким эътибор бермаётганини ва невараси унга қулоқ солмаётганини айтиб нолиди.

Тожикистонда вилосипед аёллар учун ҳашам эмас, ҳаракатланиш воситаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:28 0:00

Ҳамма ерда бўлгани каби Тожикистонда ҳам велосипед ҳайдаш кўп йиллик урфдир. Аммо қишлоқ жойларда велосипеддан хордиқ чиқариш учун эмас, асосан турли юмушларни бажариш учун фойдаланилади. Аёлларнинг велосипед минишига одатда салбий муносабат бор.

Бунинг сабаби чекка жойларда консерватив қарашлар илдиз отган бўлиб, қишлоқларда яшовчиларнинг аксари эркак ва аёлларнинг жамиятдаги анъанавий ролидан келиб чиқиб, аёлларнинг велосипед ҳайдашини маъқулламайди.

Бундан ташқари, собиқ Совет Иттифоқи ўзининг велосипед ишлаб чиқариш тарихидан фахрланган бўлса ҳам, мустатил Тожикистонда велосипед ҳайдашдан айримлар уялади.

Юмшоқ қилиб айтганда, велосипедга эгалик қилиш муваффақият белгиси ўлароқ кўрилмайди.

Педаль тепиш
Маданий тўсиқларни эътиборга оладиган бўлсак, Суғд вилоятининг Қаҳрамон қишлоғида истиқомат қилувчи Дилдора опани пешқадам велосипедчи, деб аташ мумкин.

Ҳар куни тонг отишидан аввал 43 ёшга тўлган Дилдора опа велосипедини миниб, нарироқда жойлашган фермага бориб ишларини қилади, сигир соғади. Кейин сут маҳсулотларини маҳаллий бозорга олиб боради.

Дилдора опа ҳам тўлиқ исмини айтишдан бош тортиб, “Ҳаммасини жуда тез тугатиб, болаларим мактабга жўнашидан аввал уйга қайтиб келишим керак. Кейин бозорга бориб сабзавот сотаман. Велосипедимсиз бунча йўлни босиб ўта олмаган бўлардим”, дейди.

Дилдора опа илк бор қишлоқнинг ўнқир-чўнқир йўлларида велосипед ҳайдашни бошлаганида унга ёмон кўз билан қарашган.

“Беш йил аввал велосипед мина бошлаганимда одамлар мени ақлдан озган, деб ўйларди, устимдан куларди. Ҳамма менга қарарди”.

Тўрт фарзанднинг онаси Дилдора опа велосипед ҳайдаш аёлларнинг турмушга чиқишини қийинлашитиришини қўшимча қилди.

Ўзгараётган тезлик
Тожикистонда иқтисодий аҳвол кейинги йилларда велосипед ҳайдашга бўлган муносабатни ўзгартирди.

Автомобил ва ёқилғининг қимматлиги, олис жойларда жамоат транспортининг йўқлиги ёки ёмон аҳволда эканлиги ҳамда эркакларнинг оммавий тарзда меҳнат муҳожирлигига кетиши велосипедни аёллар ва қизлар учун фойдали транспорт воситасига айлантирди. Тожикистонда оила боқиш аёлларнинг зиммасига тушган ҳоллар кўп кузатилади.

Бунинг натижасида анъанавий узун кўйлак-иштон кийиб, рўмол ўраб олган аёлларнинг Қаҳрамон қишлоғининг чанг кўчаларида велосипед ҳайдаб кетаёганини ҳозир кўп кўриш мумкин.

“Ҳозир бу одатий ҳолга айлангандек. Ҳеч ким менга эътибор ҳам бермайди”, дейди Дилдора опа.

Аммо Дилдора опа велосипед ҳайдаш аёлларнинг эркинлиги нишонаси эмас, дейди. Бундан ташқари, у атроф-муҳитни сақлаш ёки соғлиғини яхшилаш учун велосипед минаётгани йўқ. “Мен фақат мажбурлигимдан бундай қарорга келдим. Пулим бўлганида автомобиль олардим”.

Тезлик эҳтиёжи
Вахш туманида мактаб автобуси ёки жамоат транспорти бўлмагани сабабли ўқувчи қизлар мактабга бориш учун велосипеддан фойдаланмоқдалар.
Фаизбахш, Шоҳдрез ва Гулбоғ қишлоқларида ўрта мактаб йўқлиги сабаб ўқувчиларнинг кўпчилиги Деҳқонобод қишлоғида жойлашган ўрта мактабга бориш учун 5-7 км масофани босиб ўтади.

Мактабга эндигина етиб келган бир гуруҳ ўқувчи Озодлик радиоси билан суҳбатда ораларида велосипед ҳайдашни билмаган қиз йўқ эканлигини айтишди.

17 ёшли ўқувчи Шарифамоҳ Қосимова шифокор бўлиш орзусига эришиш учун велосипед ҳайдашини айтди. Бир қаватли мактабнинг оқланган биносига велосипедини суяб қўяр экан, Қосимова: “Қаттиқ ўқишим керак, мактабга кечиксам бўлмайди”, дейди. “Велоспидесиз мактабга вақтида етиб кела олмаган бўлардим”.

Ота-оналар қизларининг велосипед ҳайдашига бошида эътироз билдирган бўлса ҳам, бугунга келиб ҳақиқатни англаб етиб, қизларига Хитойда ишлаб чиқарилган велосипед олиб беришган ва фарзандларига уни ҳайдашни ўргатишган.
Аммо Озодлик билан суҳбатлашган қизларнинг орасида невараси ҳам бўлган Ҳалима она қишлоқда рўй бераётган ўзгаришлардан мамнун эмас.

“Аёл кишининг велосипедни минаётиб оёғини эркаклардек кўтариши ҳеч яхши эмас”, дейди Ҳалима она.

XS
SM
MD
LG