Линклар

Порошенко: Донбассда сайловлар рус қўшинлари бу ҳудуддан чиқиб кетганидан кейингина ўтказилади


Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко.

Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган Донецк ва Луганск “халқ республикалари”да сайлов Россия бу ҳудудлардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан кейингина ўтказилади. Бу баёнот 21 сентябрь куни Украина президенти Петро Порошенко тилидан янгради.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан биргаликда душанба куни ўтказилган матбуот анжуманидаги чиқишида Порошенко Донецк ва Луганскдаги сайлов бўйича ЕХҲТ вакиллари билан Киев позицияси бир хил эканини қайд этди.

Порошенкога кўра, овоз бериш жараёнига яхшилаб ҳозирланиш керак бўлади. Украина президентининг айтишича, бунинг учун, хусусан, “кўчалардан қуролли кишиларни йўқотиш” лозим.

“Чунки сайловлар кишиларга тиралган пулёметлар остида ўтказилмайди, сайлов шаффоф бўлиши керак”, дея таъкидлади Петро Порошенко.

Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилиш бўйича халқаро машқларнинг очилиш маросими учун Украинага келган НАТО бош котиби Донецк ва Луганскдаги сайловлар россияпараст айирмачилар назорати остида ўтган тақдирда, улар жаҳонда тан олинмаслигини билдирди.

16 сентябрь куни Донецк халқ республикаси лидери Александр Захарченко айирмачилар эгалик қилаётган ҳудудларда шаҳар ва туман маъмуриятларига сайловлар 18 октябрь куни ўтказилажагини айтганди. Луганск халқ республикасида эса сайлов 1 ноябрга белгиланган.

Расмий Киев айирмачиларнинг маҳаллий сайловларни бутун Украинада бўлгани каби 25 октябрь куни ўтказишдан бош тортиши Минск битими шартларига зидлигини таъкидламоқда. Мазкур битимда Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудидаги шаҳар ва туманлар раҳбарларини сайлаш Украина қонунчилигига мувофиқ ҳамда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси кузатуви остида ўтказилиши белгилаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG