Линклар

Душанбе ТИУПни террор хуружларини амалга оширганликда айблаб чиқди


ТИУП лидери Муҳиддин Кабирий ўз партиясининг Назарзода гуруҳига нисбат берилаётган ҳужумларга алоқаси йўқлигини билдирган.

ТИУП лидери Муҳиддин Кабирий ўз партиясининг Назарзода гуруҳига нисбат берилаётган ҳужумларга алоқаси йўқлигини билдирган.

Расмий Душанбе Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбариятини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, пойтахт халқаро аэропорти, давлат телевидениесининг 1-канали ва стратегик жиҳатдан муҳим бўлган бошқа объектларга ҳужумлар уюштирганликда айбламоқда.

Душанба оқшомида давлат телеканаллари Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакиллари идораларида, хусусан, партия раисининг биринчи ўринбосари Саидумар Ҳусайний кабинетида муҳим давлат объектлари тархлари топилгани ҳақида хабар тарқатди.

Ўтган ҳафта Тожикистонда Ислом уйғониш партиясининг 13 фаоли қўлга олинганди. Улар орасида партия олий раҳбарияти аъзолари ҳам бор.

17 сентябрь куни Тожикистон Бош прокуратураси уларнинг ҳаммасибир ҳафта муқаддам йўқ қилинган исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзода қуролли гуруҳига алоқадорликда гумонланаётгани ҳақида маълумот тарқатганди.

Бош прокуратура иддаосича, собиқ мудофаа вазири Назарзода Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирийнинг бевосита раҳбарлиги остида ва унинг топшириғи билан мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштирадиган амалиётлар ўтказиш мақсадида 20 та кичик гуруҳлар тузган.

Тожикистондаги вазият билан яхши таниш бўлган қатор таҳлилчилар аввалроқ генерал Назарзода ўлдирилган тақдирда барча айб Тожикистон Ислом уйғониш партиясига юклатилиши ва шу баҳона партия фаолиятига чек қўйилиши мумкинлигига оид тахминларни илгари сургандилар.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг қўлга олинган фаолларига нисбатан айблов шу ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG